Энди мактаб ва коллеж ўқув дастурларига ОИТС мавзуси киритилади

ЖАМИЯТ 25.01.2018, 21:49
Энди мактаб ва коллеж ўқув дастурларига ОИТС мавзуси киритилади

Ўзбекистон Республикасида одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилинди.

Қарорда умумтаълим мактаблари, коллежлар ва олий таълим муассасалари ўқув дастурларига ОИВ инфекцияси масалаларини киритиш кўзда тутилган.

Ушбу қарорни қабул қилиш ва амалга ошириш орқали кутилаётган натижалар қуйидагилардан иборат.

аҳолини ОИВ инфекциясига ва ёндош касалликларга текширувлар билан қамраб олишни амалга ошириш орқали мамлакатда ОИВ инфекцияси бўйича эпидемиологик вазият барқарорлашувини мустаҳкамлаш;

ОИВ инфекцияси диагностикаси ва даволаш тадбирлари самарадорлигини ошириш, ОИВ инфекцияли шахсларда касаллик ташҳиси тасдиқланиб, диспансер назоратига олинган вақтдан бошлаб махсус даволаш стратегиясини амалга ошириш мақсадида ОИВ инфекцияли шахсларни ретровирусга қарши терапия билан босқичма-босқич қамраб олишни давом эттириш;

ОИВ инфекциясининг онадан болага юқишига барҳам бериш ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг бу борадаги сертификатига эга бўлиш;

ОИВга ихтиёрий маслаҳат ва тиббий текширувдан ўтиш қамровини ошириш ва касаллик олдини олишнинг янги услубларини татбиқ этиш, шу жумладан, олис ҳудудлар ва аҳоли гавжум жойларда кўчма лабораториялардан фойдаланиш, ОИВ масалалари бўйича индивидуал ва конфиденциал маслаҳатлар бериш учун “ишонч телефонлари”ни ташкил этиш, оммавий ахборот воситаларида ОИВ инфекцияси мавзусини ёритишнинг замонавий ёндашувларидан фойдаланиш, умумтаълим мактаблари, коллежлар ва олий таълим муассасалари ўқув дастурларига ОИВ инфекцияси масалаларини киритиш;

фуқаролик жамияти ташкилотлари, дин вакиллари етакчиларини ОИВ инфекциясига қарши курашиш соҳасидаги профилактика тадбирлари, ахлоқ-одоб мезонларини шакллантириш, хавфли хулқ-атвор шаклланишининг олдини олиш, ОИВ инфекцияси билан яшовчи шахсларга нисбатан бағрикенглик муносабатида бўлиш борасидаги ахборот-маърифий тадбирларга жалб этиш;

статистик маълумотларнинг аниқлиги ва сифатли тайёрланиши ҳамда тадбирларни самарали амалга ошириш учун ОИТСга қарши кураш хизматида ахборот алмашинувининг тезлиги ва самарадорлигини ошириш;

ОИВ инфекцияси диагностикасида ва беморларни даволашда сифатли, арзон диагностикумлар, тест-системалар ва реагентлар таъминотининг узлуксизлигини таъминлаш;

даволанишга муҳтож ОИВ инфекцияли шахсларни антиретровирус терапия билан қамраб олиш ва уларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш;

давлат ва хусусий тиббиёт муассасаларида фаолият кўрсатаётган тиббиёт ходимларининг ОИВ инфекцияси масалалари бўйича малакасини ошириш;

аҳолининг ОИВ инфекцияси масалалари бўйича хабардорлигини ошириш ва уларда ОИВ инфекцияли шахсларга нисбатан бағрикенглик муносабатини шакллантириш.

Мазкур қарорнинг қабул қилиниши ОИВ инфекцияли шахсларни эрта аниқлаш, касаллик бошқаларга юқишининг олдини олиш борасидаги профилактик тадбирларни тез амалга ошириш ва беморларни самарали даволаш ҳамда уларга зарур бошқа тиббий хизматларни кўрсатиш бўйича янги сифатли босқич бўлиб хизмат қилади ва мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамият олдида ОИВ инфекциясига қарши курашиш бўйича олган мажбуриятлари тўлақонли бажарилишини таъминлайди.

Қарорнинг тўлиқ матни ЎзАда келтирилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1