АсосийJamiyat

Тошкентлик 17 ёшли ўспирин бир ойда бир уйни икки марта тунамоқчи бўлди

'Тошкентлик 17 ёшли ўспирин бир ойда бир уйни икки марта тунамоқчи бўлди'ning rasmi

Тошкент вилояти Зангиота туманидаги академик лицейда Жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан ўтказилган сайёр суд мажлисида Тошкент тумани Мустақиллик маҳалласида яшовчи 17 ёшли Аҳрорхўжа Турсунхўжаевнинг жиноят иши кўриб чиқилди, деб ёзади ЎзА.

А.Турсунхўжаев 2017 йил 19 октябрда тумандаги Ғишткўприк маҳалласида истиқомат қилувчи Руслан Мирзабоевнинг ҳовлисидан 600 минг сўмлик тамаки маҳсулотларини, 25 октябрь куни шу маҳалладаги Олим Тошматовнинг машинасидан 150 доллар ва 200 минг сўм, 8 ноябрь куни яна 500 минг сўм пулни ўмаради.

Ҳеч қаерда ишламайдиган, бирор мутахассислик бўйича ўқимай бемақсад юрган А.Турсунхўжаевга тунги сайрлар пайти мўмай пул топиш ёқиб қолди шекилли, Р.Мирзабоевнинг уйини яна бир бор кечаси "зиёрат" қилишга аҳд қилади. 2017 йил 18 ноябрь куни кеч соат тахминан 01:00 атрофида жабрланувчининг уйига киради. Лекин ҳовлида турган автомашина ойнасини синдираётган пайтда уй эгалари томонидан ушланиб, ички ишлар идораларига топширилади.

Аҳрорхўжа Турсунхўжаевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

– А.Турсунхўжаевга нисбатан қонунда белгиланган тартибда жазо тайинланди, – дейди Жиноят ишлари бўйича Зангиота тумани суди раиси Ўктам Холиқов. – Жабрланувчиларга етказилган зарар ҳам тўлиқ ундирилди. Лекин бу каби сайёр суд мажлисларини ўтказишдан мақсад айбдорга жазо қўллашни кўз-кўз этиш эмас, балки содир этган жиноятнинг келгусида қандай оқибатларга олиб келишини ёшлар ўртасида таҳлил қилиш ва зарур хулоса чиқаришдир.

    Бошқа янгиликлар