1

300 дан зиёд фуқаро ишга йўлланма олди

ЖАМИЯТ 29.01.2018, 13:16
300 дан зиёд фуқаро ишга йўлланма олди

Наманган вилояти бандлик бош бошқармаси томонидан Тўрақўрғон туманида туман ҳокимлиги, прокуратура, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида меҳнат ярмаркаси ўтказилди, дея хабар берди ЎзА.

Тўрақўрғон саноат касб-ҳунар коллежида ташкил этилган тадбирда мазкур туман ва Наманган шаҳрида фаолият кўрсатаётган 200 корхона ва ташкилот 1000 дан ортиқ бўш иш ўрни билан иштирок этди. Шунингдек, туман бандликка кўмаклашиш марказига иш сўраб мурожаат қилган 442 фуқаро жалб этилди.

Туман ҳокими Ғ.Муродхўжаев, вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи Б.Воҳидов ва бошқалар мамлакатимизда янги иш ўринлари яратиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш фарвонлигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Наманган вилояти, жумладан, Тўрақўрғон туманида ҳам бу борада изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Иш берувчилар ярмарка иштирокчилари билан мулоқотда бўлиб, ўз корхоналари ва улардаги бўш иш ўринлари тўғрисида атрофлича маълумот берди.

– Корхонамиз эркаклар костюми ишлаб чиқаришга ихтисослашган, – дейди “Текстил либос” масъулияти чекланган жамияти раҳбари, ёш тадбиркор А.Муҳиддинов. – Яқинда яна битта қўшимча цехни ишга туширдик ва шу муносабат билан қўшимча иш кучига эҳтиёж пайдо бўлди. Ушбу тадбирда 100 бўш иш ўрни билан қатнашмоқдамиз. Ҳозир бу ерда талабгорларни рўйхатга олдик, шу ҳафта охиригача уларни синовдан ўтказиб, талабимизга жавоб берадиган 100 кишини ишга қабул қиламиз.

Тадбирда 304 кишига ишга йўлланма ва 138 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳат берилди. 40 дан зиёд киши ҳақ тўланадиган жамоат ишлари билан таъминланадиган бўлди.

– “Агротехсервис” корхонасига тракторчи бўлиб ишлашга йўлланма олдим, – дейди Бахтиёр Сиддиқов. – Бундай тадбирлар, айниқса, иш қидириб юрганлар учун жуда қулай. Энди менда ҳам доимий даромад манбаи бор. Демак, оилам янада фаровон бўлади. Бунинг учун ярмарка ташкилотчиларига раҳмат.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1