1

Адлия вазири “Хавфли гуруҳ”га оид очиқ базанинг холис мезонларини ишлаб чиқилаётганини маълум қилди

ЖАМИЯТ 29.01.2018, 13:21
Адлия вазири “Хавфли гуруҳ”га оид очиқ базанинг холис мезонларини ишлаб чиқилаётганини маълум қилди

Жамият тараққиётига, фуқаролар манфаатларига путур етказувчи бу иллатдан қутилиш учун адлия тизимида янгича ёндошув асосидаги амалиёт жорий этилади. Бу ҳақда ЎзА маълум қилди.

“Манманлик, қўполлик, оддий одамларга паст назар билан қараб ғўддайиб юрадиган ходимлар орамизда йўқ эмас. Айнан мана шундайларнинг ҳеч нарсадан тап тортмаслиги, коррупцияга йўл қўйиши эҳтимолдан холи эмас. Ходимлар устидан тушган шикоятларни ўрганиш асносида биз шунга амин бўлмоқдамиз”.

Адлия вазири Русланбек Давлетов адлия идораларининг кенгайтирилган ҳайъат мажлисида шундай фикр билдирди.

Бундай ҳолатларга, хусусан коррупциявий хатарга барҳам бериш мақсадида вазирлик томонидан “хавфли гуруҳ” рўйхати шакллантирилган. Бу гуруҳга устидан шикоят тушган, фаолиятида хато ва камчиликларга йўл қўяётган ходимлар киритилган. Шу пайтгача фақат раҳбариятга маълум бўлган бу гуруҳга тушиб қолганларга хатоларидан тўғри хулоса чиқариб, фаолиятида яхши томонга ўзгариш ясаш вазифаси қўйилган. Буни уддалаганлар гуруҳдан чиқарилган, уддалай олмаганларга тегишли чоралар кўрилган.

Ҳайъат мажлисида эндиликда бу гуруҳни очиқ базага айлантириш, яъни уни ҳаммага маълум ҳолда юритиш режалаштирилаётгани айтилди.

Зеро, халққа ҳуқуқий ёрдам бериши керак бўлган олий маълумотли юрист ҳар томонлама маданиятли ва билимли бўлиши шарт. Бироқ фуқаро олдига бирор масалада ёрдам сўраб келса, азбаройи бош қотиришни истамаганидан “мен буни билмайман, бошқа нотариусга боринг” дейдиганлар ҳам учраб турибди. Адлия шаънини ерга урадиган бундай ходимлар ҳам шу гуруҳга киритилади.

Қўйилаётган талаблар, қанчалик тушунтириш ишлари олиб борилишига қарамай ҳамон эскича услубда ишлашдан воз кечишни истамайдиган ходимлар бор. Қўпол қилиб айтганда, қачонгача уларга игна санчиб туриш керак?

Адлия вазири “Хавфли гуруҳ”га оид очиқ базанинг холис мезонларини ишлаб чиқилаётганини маълум қилди. Нафақат хато ва камчиликларга йўл қўяётган, балки тизимни тоифа ва гуруҳларга бўлиниб, ўзаро пойга майдонига айлантираётган, устидан аҳоли шикоят йўллаётган, ижтимоий тармоқларда танқидга учраётган ходимлар шу базадан жой олади. Фуқароларнинг мурожаатларига бефарқ қараётган ходимлар ҳам бундан мустасно бўлмайди.

Бу база таъбир жоиз бўлса катта чуқурлик. Ундан чиқишни эплай олмаганлар адлия ходими бўлмайди. Бундан буён соҳада халққа фидойилик билан ҳалол хизмат қиладиганларгина фаолиятини давом эттиради.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1