1

Самарқанддаги "Улуғбек" расадхонасида юлдузларни кузатиш мумкин бўлади

ЖАМИЯТ 02.02.2018, 09:56
Самарқанддаги "Улуғбек" расадхонасида юлдузларни кузатиш мумкин бўлади

Испания Саноат, Энергетика ва туризм вазирлиги Халқаро бўлими бошлиғи Мария Анхелес Мартинес Мингесанинг Ўзбекистонга келди. Меҳмон 30 январ куни Тошкентда, 31 январ куни Самарқандга ташриф буюрди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.

Мария Анхелес кун давомида Самарқанднинг тарихий обидалари, муқаддас қадамжолари ва мустақиллик йилларида барпо этилган бино ва иншоотлар, сайёҳлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.

Шунингдек, ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилаётган санъат намуналари, айниқса “Самарқанд-Бухоро” қўшма корхонасидаги ипак гиламларини тўқиш жараёни Марияхонимда катта таассуротлар қолдирди.


Куннинг иккинчи ярмида Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Рахимов, Туризмни ривожлантириш вилоят бошқармаси, вилоятда фаолият кўрсатаётган туроператорлар, меҳмонхоналар, ресторанлар, музейлар, таълим муассасалари ва туризм соҳасига алоқадор бошқа корхоналар вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Рахимов сўзга чиқиб, жорий йилнинг январ ойида Испаниянинг Мадрид шаҳрида ўтказилган FITUR номли туристик кўргазмада жорий йилнинг биринчи ярмида Самарқанд ва Валенсия шаҳарлари ўртасида биродарлик меморандумини имзолаш, март ойида Валенсия шаҳрида “Самарқанд кунлари” туристик ва маданий тадбирларини ташкил этиш ҳамда туризмга алоқадор бир қатор лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш бўйича келишувларга эришилганлигини таъкидлаб ўтди.

Шу билан бир қаторда, Марияхоним сўзга чиқиб, Самарқанд бой туристик салоҳиятга эга эканлиги, икки давлат ўртасидаги алоқалар узоқ тарихга бориб тақалишини ҳамда келгусида ҳамкорлик ишларини янада жонлантириш лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Давра суҳбати жонли мулоқот тарзида давом эттирилиб, туризм соҳа субъектлари ўзларининг қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан жавоб олишди.
Ташриф давомида Мария Анхелес Мартинес қуйидаги таклифларни билдирди:

1. Регистон майдонидаги бўш турган хужраларда кафетерий ва меҳмонхона хизматларини ташкил этиш (Испанияда маданий мерос объектларида кенг тарқалган);
2. Улуғбек расадхонаси ҳудудида юлдузларни кузатиш учун махсус майдонларни ташкил этиш;
3. Рестораторлар, туроператорлар, меҳмонхоналар ассоциациясини ташкил этиш;
4. Саёҳларнинг расмга тушишга қизиқиши юқорилигини инобатга олиб, селфи тушиш учун махсус жойларни кўпайтириш. (Самарқанд билан боғлиқ ёзувлар, табиий ландшафт кўриниши акс эттирилган конструкциялар ўрнатиш).
5. Меҳмонхоналарда, савдо дўконларида ўзбек миллий либосларини ижарага бериш тизимини йўлга қўйиш;
6. Ҳунармандлар марказларида санъат намуналари, овқатланиш объектларида таом пишириш жараёнида саёҳларнинг бевосита иштирок этишини йўлга қўйиш.
7. Маданий мерос объектларида фаолият кўрсатаётган гидларнинг тарихий қаҳрамонлар либосларида юришларини ташкил этиш.



Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1