Тожикистонда ҳуқуқ-тартибот идораларидан семиз ходимларни ишдан бўшатиш ҳақида буйруқ чиққанидан кейин генерал-майор Суҳроб Раҳмонзода 15 килограммга озди, деб хабар берди lenta.ru нашри.
Бу ҳақда “Азия плюс” нашри мамлакат ИИВ раҳбари Рамазон Раҳимзоданинг маълумотига таянган ҳолда хабар берган.
“Тожикистон республикаси ИИВ кадрлар бошқармаси бошлиғи Суҳроб Раҳмонзода буйруқ чиққанидан кейин 15 килограммга озди. Агар семизлиги туфайли ишдан бўшатилган ходимлар озишга муваффақ бўлишса, яна ўз лавозимларига қайта тикланадилар”, деб маълумот берган Раҳимзода.
Тожикистон республикаси ИИВ ходимлари орасида ортиқча вазн билан курашиш 2016 йилда бошланган эди. Ходимларнинг бўйи, вазни жаҳон стандартларига мос келиши керак деган қатъий талаб қўйилган. Унга кўра, йигитларнинг бўйи 180 сантиметрни, оғирлиги эса 85 килограммни ташкил этиши лозим. Ходимларнинг вазнини доимий равишда кузатиб бориш учун махсус комиссия тузилган.