АсосийJamiyat

Ёшлар жиноятчилилига қарши ҳамкорликда курашиш белгиланди

' Ёшлар жиноятчилилига қарши ҳамкорликда курашиш белгиланди'ning rasmi

Мирзо Улуғбек тумани Дарҳон маҳалласи ҳудудида жойлашган Транспорт касб-ҳунар коллежида ўтказилган сайёр учрашувда ҳам суд-ҳуқуқ соҳасидаги янгиликлар, фуқаролар ва ёшларнинг бугунги ҳуқуқий саводхонлиги тўғрисида аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилинди. Сайёр учрашувда Тошкент шаҳар суди, туман ички ишлар бўлими, хотин-қизлар қўмитасидан вакиллар қатнашди.

Тадбирда Мирзо Улуғбек тумани мисолида ёшлар ва вояга етмаганлар ҳуқуқбузарлиги ва жиноятчилигининг бош сабаблари ҳақида фикр юритилди. Хусусан тадбирда берилган маълумотларга кўра, туманда 2017 йил ёшлар томонидан 3383 нафар ёшлар турли кўринишдаги жиноятлар содир этилган. Шундан 2790 та жиноят иши кўриб чиқилган. 70 нафар ёшга судда қидирув эълон қилинган бўлса, 579 нафарига озодликдан маҳрум қилиш ва озодликдан чеклаш чораси қўлланилган. 62 ҳолатда гуруҳ бўлиб оғир ва ўта оғир жиноят қилиш ҳолати кузатилган. Жазога тортилган ёшларнинг 692 нафари муқаддам судланган шахслар бўлган.

— Бу каби маълумотларни фуқароларга очиқ айтаётганимиз бежизга эмас, — дейди Тошкент шаҳар суди раиси Бахтиёр Исломов. — Чунки бугун биз маҳаллаларда фуқароларни, ёшларни ва вояга етмаганларни содир этилиши мумкин бўлган хатолардан огоҳ этишимиз ҳам келгусида жиноятларнинг бир қадар камайишига олиб келади. Ота-оналар, маҳалла, ўқув даргоҳлари ўқитувчилари вояга етмаганларга нисбатан назоратни кучайтириши талаб қилинади. Ўз навбатида, бу каби сайёр учрашувларга аҳоли, айниқса ёшларни жалб этилаётгани уларнинг ўзларида ҳам жиноятчиликка қарши иммунитетни шакллантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Дарҳақиқат, сайёр учрашувда фуқаролар суд-ҳуқуқ ходимларига ўзларини қизиқтирган саволлар билан биргаликда талаб ва таклифларини ҳам билдиришди. Жумладан, фуқаролар мактабда ўқитувчининг нуфузи тушиб кетаётгани, яъни айрим ўқитувчиларнинг ўз вазифасига сидқидилдан ёндошмаётгани, касбий малакаси етишмаётгани, ўқув жараёнига ўқувчиларни жалб қила олмаётганини айтиб ўтдилар. Шунингдек, бундай ҳолат ўқитувчиларга ўқувчиларни қаттиқ тартибли таълим-тарбия беришида қийинчилик туғдиришини таъкидладилар.

Мазкур сайёр учрашув давомида маҳалла фаоллари, таълим муассасаси ва суд-ҳуқуқ ходимлари ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши чораларни янада кучайтиришга келишиб олишди.

Фарруҳ Тўрахаджаев,

Жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек туман суди судьяси

    Бошқа янгиликлар