1

Ўзбек олимлари биринчи марта маҳаллий тиш имплантанти намунасини яратди

ЖАМИЯТ 21.02.2018, 13:45
Ўзбек олимлари биринчи марта маҳаллий тиш имплантанти намунасини яратди

Мамлакатимиз олимлари томонидан маҳаллий хом ашё асосида тиш имплантантларини қоплаш учун биологик жиҳатдан фаол қатлам яратилди. Бу ҳақда "Халқ сўзи" нашри хабар берди.

Лойиҳа устида Тошкент давлат стоматология институти кичик илмий ходими Фарҳоджон Усмонов иш олиб бораяпти. Асосий тадқиқот ва тажрибалар якунланди. Фақатгина тиш имплантанти биофаол қопламаси самарадорлигини баҳолаш, шунингдек, уни қўллаш учун яратилган қурилмани такомиллаштириш қолди.

Ф. Усмонов мазкур таклифи билан ёш олимларнинг инновацион илмий-техник танловида ғолиб ҳам бўлди.

Фарҳоджон олий ўқув юртини тамомлагандан сўнг тиббиёт фанлари доктори, профессор Н.Хабилов раҳбарлигида изланишлар олиб боришни бошлади. Тажриба ва ёшлик ғайрати уйғунлашуви катта муваффақият келтирди. Яъни улар Ўзбекистонда янги тузилишдаги имплантант яратиш бўйича лойиҳани рўёбга чиқариш учун грант ютиб олди. Бундан кўзланган мақсад қопламани эксперимент-клиник тадқиқотлар асосида ясаб кейинчалик ишлаб чиқаришга татбиқ этиш эди.

Бу борадаги биринчи намуна учун Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан патент ҳам тақдим этилди.

Эслатиб ўтамиз, тиш имплантантлари дунёда кенг қўлланилса-да, саноқли мамлакатлардагина ишлаб чиқарилади ва айнан улар ушбу маҳсулот бозорига ўз шартларини ўтказа олади. Ахир бундай ўта нозик ва зарур воситани тайёрлаш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.

Олимларимизнинг мазкур ишланмаси ҳамюртларимизга ҳам маъқул келиши шубҳасиз. Сабаби энди сунъий тиш қўйдириш арзонроққа тушади. Яна бир томони ушбу инновация ишлаб чиқаришга жорий этилса ортиқча чиқит чиқмайди ва фойдаланилган материални қайта ишлаш мумкин.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1