АсосийJamiyat

Кибертерроризм: миллий ва халқаро хавфсизликка таҳдид

'Кибертерроризм: миллий ва халқаро хавфсизликка таҳдид'ning rasmi

Бугунги кунда ҳар бир инсоннинг ахборот технологиялари билан чамбарчас боғлиқ экани ҳеч кимга сир эмас. Дунё янги давр – ахборот даврида яшамоқда.

Афсуски, “электрон дунё” турли сиёсий кучлар учун ўзларининг террористик, экстремистик ташвиқотлар ва ғоялари, ўз қарашларини оммага тарғиб қилиш, ҳар хил жиноий тўдалар фаолиятларини амалга оши­риш йўлида асосий қурол сифатида фойдаланишмоқда. Йирик салбий кучлар­нинг интернет тармоғида ўзларининг мафкуравий майдонларини яратиб, интернетда кенг қамровли ахборий террор – "электрон жиҳод"олиб бораётгани, глобал ва минтақавий хавфсизликка нисба­тан янги таҳдидлар, муаммолар пай­до қилаётганлари дунё мамлакат­лари олдида ахборот хавфсизлигини таъминлаш муаммоларини келтириб чиқармоқда.

Сир эмас, интернетдан фойдаланувчилар сони кундан-кунга ортмоқда, ер юзининг деярли исталган нуқтасида интернетга уланиш имкони мавжуд, дунёнинг 200 га яқин давлатида интернет мавжуд.

Ахборотлашув жараёнининг ривожланиши компьютер жиноятчилиги ва компьютер терроризми каби янги жиноятларнинг пайдо бўлишига замин яратди. Янги ва ўрганилмаган жиноий соҳа сифатида инсоният учун хавфли ҳисобланган кибертерроризм муаммосини ҳал этиш алоҳида эътибор талаб қилади Интернет тармоғидаги очиқ манбалар орқали биологик, кимёвий ҳаттоки ядро қуролларини тайёрлаш технологияларини ўрганган ҳолда амалга оширилаётган террорчилик ҳаракатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эътиборини тортмоқда. Сайтларни ноқонуний йўллар билан бузиш орқали кибертеррорчилар турли махфий маълумотларни олиш имкониятига эга бўлмоқдалар.

Кибертерроризм аслида ахборот технологиялари ички фаолиятига ноқонуний аралашиш, компьютерда мавжуд дастурлар ёки маълумотларни мақсадли равишда йўқ қилиш, зарар келтириш, давлат органларининг муҳим қисмлари фаолиятини издан чиқариш билан бирга инсонлар ҳаётига хавф солиш, моддий зарар келтириш ёки оммавий қўрқитиш, ҳарбий низолар каби турли зарарли оқибатларни келтириб чиқаришга қаратилган ҳаракатдир. Кибертерроризмнинг шиддат билан ўсиб боришининг яна бир сабаби, у қурол-яроғ ёрдамида амалга ошириладиган террорчилик ҳаракатидан арзонга тушади, жанговар ҳаракатлар, портлашлар, хунрезликлар бўлмайди. Бузғунчи ҳаракатлар интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Интернет тармоғи ўзининг тезкорлиги,тежамкорлиги ва очиқлиги, назоратнинг сустлиги ёки умуман йўқлиги, дунё бўйлаб тарқалган фойдаланувчиларнинг мавжудлиги, ахборотларнинг тез ва арзон йўл билан тўлиқлигича тарқатилиши, ҳамфикр гуруҳларнинг ташкил этиш мумкинлиги, алоқаларнинг аноним экани, асл манбани аниқлаш имконсизлиги, стратегик объектлар, ҳарбий ташкилотлар компьютерларига ноқонуний уланиш имконининг мавжудлиги, тармоқларнинг яшовчанлиги билан террорчи ташкилотларни ўзига жалб қилаётир..

Бугун терроризм террорчилар яшириниб юрган ёки бош қароргоҳлари жойлашган муайян давлат ҳудуди билан чегараланиб қолаётгани йўқ. Улар аллақачон кибер оламга кўчиб улгурганлар. Террорчи ташкилотлар ўз сафларини кенгайтириш ҳамда мақсадларига эришишда техника ва интернетнинг сўнгги имкониятларидан устамонлик фойдаланмоқдалар. Шу йўл билан террорчилик ҳаракатлари, мақсад ва вазифалари ҳақида маълумот бериш, ўз ғоя ва мафкурасини омма орасида тарқатиш билан бирга интернет фойдаланувчиларига ахборот-психологик таъсир ўтказиш,одамлар ўртасида ваҳима уйғотиш, террорчилик ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун маблағ йиғиш, заҳарли моддалар, портловчи восита ва қурилмалар ҳамда уларни тайёрлаш технологияси ҳақида маълумот бериш, террорчилик ташкилоти сафига янги аъзоларни қабул қилиш сингари ҳаракатларни амалга оширишмоқда.

Бу каби ҳаракатларни “ИШИД” (“Ислом Давлати”) террорчи ташкилоти томонидан устамонлик билан фойдаланилганида ҳам кўриш мумкин. Бу ташкилот биринчилар қаторида ўз тизимида ғоя ва мақсадларинитарғиб қилиш билан шуғулланувчи мутахассисларни бирлаштирган алоҳида тузилма ташкил этган. Бугунги кунда интернетда тарқатилаётган бу каби маълумотларнинг 80% Яқин Шарқ ҳудудларида фаолият юритаётган террорчи ташкилотларга тегишлидир.

ОАВ маълумотлари таҳлили ҳамда жабрланувчиларнинг иқрорларига кўра, радикал ғояларнинг тарқатилиши ва ташкилотга ёллаш ҳаракатларининг аксарияти Facebook, ВКонтакте, Twitter, Youtubе каби ижтимоий тармоқларда амалга ошрилмоқда.

Ҳозир психологик жиҳатдан ишлов берилган, жангариларнинг жиҳодий нашидалар билан йўғрилган видеороликлари билан бир қаторда мобил илова-ю, террорчилар белгиси акс эттирилган буюмларни сотиб олиш имконини берувчи интернет дўконлар кўпайиб бораётганиҳам кибертерроризмнинг таркибий унсурларига айланган. Биз ана шун хавфдан ҳар доим огоҳ бўлшимиз, фарзандларимизни уларнинг таъсиридан ҳар томонлама ҳимоя қилишимиз лозим.

Дилафруз Турдиева

Тошкент ислом университети ўқитувчиси

    Бошқа янгиликлар