АсосийJamiyat

Ўзбекистонда Марказий Осиё халқаро экологик форуми бўлиб ўтади

'Ўзбекистонда Марказий Осиё халқаро экологик форуми бўлиб ўтади'ning rasmi

20 февраль куни Тошкент шаҳрида вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари, дипломатик миссиялар вакиллари учун семинар-брифинг ташкил этилди. Бу ҳақда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

«Тадбирдан кўзланган асосий мақсад, шу йилнинг 5—8 июнь кунлари Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақавий экологик маркази ташаббуси билан Марказий Осиёда атроф-муҳит ва барқарор ривожланиш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш мавзусида бўлиб ўтадиган халқаро экологик форумига тайёргарликдан иборат эди», — дейилади хабарда.

Мазкур форум атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларида барча манфаатдор мамлакатлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга, минтақанинг барқарор ривожланиши учун ҳамкорликдаги ишларни шакллантиришга йўналтирилган.

Тадбирда Европа, Осиё ва Марказий Осиёнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сув хўжалиги бўйича давлат органларининг раҳбарлари ва мутахассислари, БМТнинг тузилмавий ташкилотлари, етакчи халқаро ташкилотлар, молия институтлари, илмий ва жамоат ташкилотлари вакилларининг иштирок этиши режалаштирилган.

– Мақсадимиз – барча манфаатдор томонлар, шу жумладан, тижорий ва илмий ҳамжамиятни жалб этган ҳолда, минтақавий масалаларни ҳал этишга йўналтирилган амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва ҳамкорликнинг самарали майдонини яратишдан иборат, – дея таъкидлаб ўтди Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Баҳром Қўчқоров.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси ва Марказий Осиё минтақавий экологик маркази томонидан ташкил этилмоқда.

– Марказий Осиё халқаро экологик форуми мамлакатларга ўз позицияларига ҳамоҳанг тарзда, муаммоларни ижобий ҳал қилиш имконини берувчи аниқ лойиҳаларни белгилашга имконият яратади, – деди Марказий Осиё минтақавий экологик марказининг ижрочи директори Искандар Абдуллаев. – Сўнгги вақтларда Марказий Осиёда ўзаро ҳамкорлик ривож топди, хусусан сув масалаларида ҳам сезиларли илгарилаш рўй берди. Сиёсий ирода натижаси шунга олиб келдики, биз сув масаласини келишмовчилик тарзида эмас, балки ҳамкорлик предмети сифатида кўриб чиқмоқдамиз. Бу эса, ўз навбатида, масалани ҳамжиҳатликда кўриб чиқиш имконини бермоқда. Таъкидлаш жоизки, биз ҳамкорликни тиклаш баробарида иқтисодий салоҳиятни ҳам тиклаймиз.

Марказий Осиё минтақавий экологик маркази 2001 йилдан буён Марказий Осиёнинг 6 та мамлакатида, шу жумладан Афғонистонда ҳам фаолият юритиб келмоқда. Ташкилот 5 та йўналишни, жумладан, иқлим ўзгариши, энергия самарадорлиги, сув масалалари бўйича ҳамкорлик, атроф-муҳит, саломатлик ва барқарор ривожланиш учун таълим каби муҳим масалаларни қамраб олган.

    Бошқа янгиликлар