Ўзбекистондаги барча педагогика олий ўқув юртларида боғча тарбиячиларини бепул қайта тайёрлаш курслари фаолият бошлади, деб хабар қилади Мактабгача таълим вазирлигининг Facebook'даги саҳифаси.
22 февраль куни Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида мактабгача таълим муассасаларини юқори малакали дефектолог (логопед), амалий психология ва мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси қайта тайёрлов курсларига қабул қилинган илк тингловчилар учун ўқув машғулотлари бошланди. Мазкур қайта тайёрлов курсига Тошкент шаҳар Мактабгача таълим бош бошқармаси томонидан 816 нафар олий маълумотли талабгорлар жалб этилди.
Шунингдек, ушбу санадан бошлаб республиканинг барча вилоятлардаги университет ва педагогика институтлари базасида боғчаларнинг педагог ва номутахассис кадрлари учун бепул қайта тайёрлаш курслари минглаб тингловчиларни қабул қилган.
Маълумотларга кўра, тизимда фаолият юритаётган қарийб 60 минг тарбиячининг атиги 21 фоизи олий маълумотли, 79 фоизи эса ўрта махсус маълумотга эга.






