1

Душанбеда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” бренди остида миллий маҳсулотлар кўргазмаси ўтказилади

ЖАМИЯТ 24.02.2018, 16:58
Душанбеда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” бренди остида миллий маҳсулотлар кўргазмаси ўтказилади

Март ойининг биринчи ярмида Душанбе шаҳрида "Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган" бренди остида миллий маҳсулотлар кўргазмаси ва икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари учун бизнес-форум бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати жума куни хабар қилди.

Кўргазмада автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, енгил саноат, фармацевтика, кимё, нефт ва газ, металлургия ва электротехника саноати маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва ҳунармандчилик буюмлари намойиш этилади.

«Хорижий мамлакатларда шу каби миллий маҳсулотлар кўргазмаси ва бизнес-форумларнинг ўтказилиши, хорижий шериклар билан маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга етказиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга имкон беради. Бугунги кунгача Тошкент ва Душанбе шаҳарларида ташкил этилган ўзаро миллий кўргазмалар доирасида қиймати 100 миллион доллардан ортиқ бўлган савдо соҳасидаги шартномалар имзоланган", деган Ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев.

Ҳозирги пайтда ўзбек маҳсулотларини сотиб олиш учун Тожикистон банкларига кредит линиялари тақдим этиш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. Ушбу имконият қисқа вақт ичида икки мамлакат ўртасида бизнес фаолликни сезиларли даражада ошириши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда мамлакатлар ўртасидаги товар айланмаси 236,8 миллион долларни ташкил этди, бу ўтган йилги кўрсаткичдан 20,2 фоизга кўпдир. Тожикистонга асосан транспорт хизматлари, минерал ўғитлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорт қилинади. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида Тожикистон капитали иштирокида 22 корхона фаолият юритмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1