АсосийJamiyat

Трамвай қатнови Самарқандда ўзини оқлаяптими?

'Трамвай қатнови Самарқандда ўзини оқлаяптими?'ning rasmi

Трамвай шундоққина ишхонамиз ёнида тўхтайди. Бу - охирги бекат. Трамвайлар тин оладиган жой. Трамвайлар янги. Чехославакияда ишлаб чиқарилган. Салони кенг, ойналари катта-катта, теварак-атроф яққол кўриниб туради. Йўловчилар учун ўнғай. Жўнаш вақти бўлди шекилли, трамвай оҳиста қўзғалди.

Икки бекатдан сўнг салон йўловчилар билан тўлди. Улар орасида ёшлар кўпчиликни ташкил этарди.

– Мен вокзал тарафдан келаман, - деди ўқувчилардан бири. - Трамвай жуда қулай. Қатъий жадвал асосида юради. Чипта нархи арзон. Шундоққина, лицейимиз ёнида тўхтайди.

Трамвай линияси ҳуқуқшунослик коллежи ҳамда туризм коллежи ёқалаб ўтган. Бу таълим масканларида минглаб йигит-қизлар билим олади.

Туризм коллежидан мусиқа мактабигача бўлган масофа оддий бекатлар оралиғи эмас: йўлнинг мазкур бўлаги Сартепа ва “Микрорайон” деб аталувчи икки катта ҳудудни боғлайди. Очиғи, яқин вақтгача бу ердаги аҳвол Самарқанддек шаҳри азимга ярашмас эди. Унинг катта қисми эски ҳовлилардан иборат бўлса, яна бир қисмида автомашиналарнинг эҳтиёт қисмлари бозори жойлашган эди. Ҳудуддаги тирбандлик, ола-ғовур, энг ёмони чиқиндилар уюмлари кўнгилни хира қиларди.

Эндиликда бозор ва эски ҳовлилар ўрнида кўп қаватли уйлар қўр тўкиб турибди. Замонавий мусиқа мактаби кўзни қувонтиради. Яна озроқ юрсангиз яқинда қурилиб фойдаланишга топширилган улкан савдо мажмуасига дуч келасиз. Ҳавас қилса арзийдиган иншоотлар.

Амир Темур ва Буюк Ипак йўли кўчалари туташган чорраҳани самарқандликлар “Микрорайон ҳалқаси” деб аташарди. Ҳозир бу халқанинг номи қолган, холос. Ўзи

йўқ. Сартепадан келаётган трамвай шу ердан чапга, темир йул вокзалига бурилади. Атрофни кузатаман: тўрт томон ҳам ўзига хос чирой касб этган. Қатор кўп қаватли турар-жой бинолари, “Регистон” супермаркети, ажиб меъморчилик услубида қад ростлаган “Самарқанд” чойхонаси ва бошқа аҳолига хизмат кўрсатиш иншоотлари бир-бири билан ниҳоятда уйғунлашиб кетган.

IMG_20170415_075734.jpg

“Дамариқ” бекати билан “Тарих мезейи” бекати оралиғи беш юз метр атрофида. Трамвай бу масафани 2 дақиқада босиб ўтди. Илгари бу жойда автомобиллар бир томонлама ҳаракатланар эди. Йўлнинг бу қисми торлиги баробарида пастқам, кўримсиз дўконлардан иборат эди. Хўжалик моллари хариди учун келувчилар кўп бўларди. Улар машинасини кўчага қўйишар ва бу тор кўчадаги қатнов ҳаракатини баттар мураккаблаштирар эди. Энди-чи? Қисқа вақт ичида бу ердаги манзара тамоман ўзгарди. Кўча кенгайтирилиши муносабати билан кўримсиз дўконлар бузилди. Уларнинг ўринда 5 та жуда катта, уч-тўрт қаватли иншоот қад ростлади. Бу ерда ҳали қурилиш тўхтагани йўқ, аксинча шиддат билан давом этмоқда. Яна 2 та 9 қаватли ва 4 та кўпқаватли бино барпо этилаётир.

Трамвай линясининг узунлиги 7,2 километр экан. Жами 14 бекат бўйлаб бу масафани 20 дақиқада қандай босиб ўтганимизни сезмай қолибман. Қаршимда салобатли Самарқанд темир йўл вокзали турибди. Жуда кўп тарихий воқеаларнинг гувоҳи бўлган маскан бу. Самарқанднинг ҳамиша очиқ турувчи муҳташам дарвозаларидан бири. Бу ердан кириб келаётган меҳмонларнинг охири кўринмайди. Ҳар куни неча юзлаб сайёҳлар, хорижликлар шу ердан қадимий кент заминига қадам қўядилар. Тезюрар “Афросиёб” поездининг қатнови меҳмонлар оқимини бир неча ҳисса оширди. Шунга монанд вокзал биноси ва унинг атрофида кўплаб қурилиш ва ободончилик ишлари қилинди.

Вокзалдан шаҳар томон чиқишингиз билан илк дуч келадиганингиз Рудакий ва Беруний кўчалари кесишадиган чорраҳа. 4-5 йил илгариги ҳолатни кўрган киши бугун бу жойни таниёлмайди, десам муболаға бўлмас. Чорраҳадан Сиёб бозори томон кетадиган Рудакий кўчаси чап томонидан қурилиши янгидан бошланган турнақатор кўп қаватли уйлар, уларнинг ўзига хос меъморий бичими ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради. Бу уйларнинг ҳар бири ўртача 100-120 та оилага мўлжалланган. Шу атрофда бир йил ичида бундай уйлардан ўндан зиёди қурилди ва яна янгилари қад ростламоқда.

Темирйўлчилар илк иш бошлаган кезларда “Самарқандга трамвайнинг нима кераги бор? Шаҳар нотекис, кўчалар шундоқ ҳам тор бўлса, қатнов бадтар қийинлашиб кетадику”, дегувчилар ҳам бўлди. Темирйул битиб, трамвай қатнови йўлга қўйилгач, бу шубҳа-гумонларнинг бари беҳуда экани ойдинлашди. Йўл сираям тораймади. Аксинча трамвай шарофати билан ўйдим-чуқур бўлиб кетган йўллар таъмирланди, кенгайди, равонлашди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Самарқандда трамвай қатновини йўлга қўйиш ҳақида илк бор 2016 йил ноябрь ойида ўтган сайловолди учрашувида гапирган эди. Тез орада бу иш бошланиб кетди ва кўз олдимизда қуриб битказилди.

Ҳуқуқшунослик коллежи бекатига келиб трамвайдаги йўловчилар сони анча камайди. Охирги бекатда бир неча йўловчига қўшилиб трамвайдан тушдим. Трамвай қатнови юзлаб кишиларнинг манзилини яқин, мушкулини осон қилаётганига, энг муҳими, ҳамюртларимиз, шаҳримиз меҳмонлари бундан беҳад мамнун эканига гувоҳ бўлдим. Шу йўловчиларнинг бири сифатида қувондим.

Амрилло Аҳмедов,

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги

Тошкент ахборот технологиялари университети

Самарқанд филиали лицейи директори ўринбосари

    Бошқа янгиликлар