1

“Йўргакланган” пуллар ёхуд яна бир фош қилинган чақалоқфурушлик

ЖАМИЯТ 19.05.2014, 11:27
“Йўргакланган” пуллар ёхуд яна бир фош қилинган чақалоқфурушлик

Навбатдаги ҳукмни ўқиб,  бутун танам музлаб қолгандай бўлди, бундай жиноятчиларни ким деб аташга ҳам ожиз қолдим. Наҳотки, ўзи она бўла туриб, бировнинг дилбандини қайси виждон билан бировга пуллаши мумкин? Наҳотки, «Дунёда болам деб” яшайдиган, оёғига кичкинагина зирапча кирса ҳам киприклари билан олишга тайёр, жигарпорасини бировга ишонмайдиган ўзбек аёли тўққиз ой қорнида кўтариб юрган полапонини  ўзгалар қўлига топширса-я? Ҳа, “шоли курмаксиз бўлмайди”, деганлари шу бўлса керакда?..

ТАНИШУВ

Аввало “Ўзбек Аёли”, дея офтобга қиёсланган шарафли номга доғ туширганлар билан танишиб олсак. Саодат Рўзиева  (мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилган), 1979 йилда туғилган, уй бекаси. Нигора Қодирова, тез тиббий ёрдам бўлимларидан бирининг фельдшери. Дилрабо Тожибоева, туғуруқ бўлим дояси. Зарнигор Йўлчиева,  гинекология бўлими бекаси. Муқаддас Жўраева, врач акушер-гинеколог.

Беш аёл бир гуруҳга бирлашиб, янги туғилган чақалоқларни сотиш билан мунтазам шуғулланиб келишган. Нигора Қодирова, Дилрабо Тожибоева, Зарнигор Йўлчиева ва Муқаддас Жўраевалар бир соҳанинг одамлари. Улар бир-бирини танишар. Аммо уй бекаси Саодат Рўзиева бу гуруҳга қандай қўшилиб қолди, деб ўйлаётгандирсиз. Йўқ, улар аввалдан таниш бўлишмаган.

Саодат хокисор уй бекасидай кўринаётган бўлса-да, аслида чақалоқ “бизнеси”да энг асосий вазифани бажарган. Яна бироз ортга, яъни оқ халатли хонимлар билан уй бекасининг танишув “маросими”га қайтамиз.

Ўшанда 2012 йилнинг январи эди. Саодат Учқўрғон тумани марказий шифохонаси, тез тиббий ёрдам бўлимига келганди. Уй бекаси бўлса-да, кўча одамлари билан тезда тил топишиб кетарди. Нима бўлди-ю унга шу бўлим фельдшери Нигора Қодированинг мулозамати ёқиб қолди. Бир-бирлари билан бир зумда худди қадрдон, сирдош дугоналардай апоқ-чапоқ бўлиб кетишди. Суҳбат орасида Саодат уйда ўтиргани билан «қўлидан” анча-мунча ишлар келишини фельдшерга айтган чоғи, орадан ҳеч қанча ўтмай Нигора унга “Туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома топиб берсангиз”, деб илтимос қилади. Кейин эса «Баҳонада сиз ҳам бирор нарсага эришиб қолардингиз. Ахир болага зорлар қанча? Туғиб қўйиб, уларни бировларга берворадиганлар ҳам анча. Шундай гаплар қулоғингизга чалинса, менга хабар қилинг. Қўрқманг ҳаммаси қонуний бўлади. Бунинг устига тирноққа зорлар уйини чақалоқ йиғисига тўлдириш ҳам савоб”, дея уни янги “бизнес”га таклиф этади. Шундан кейин фельдшер ва уй бекаси ўртасида янги «бизнес режа” тузилиб, ишга киришилади. “Бекор ўтиргунча бекор ишлаш”ни хуш кўрувчи Саодат бир неча кун ичида оқ халатли дугонаси гапига биноан, эндигина икки ёшга тўлган ширин қизалоқни топиб, Нигорага хабар қилади. Нигора эса…

НОРАСИДАНИНГ БАҲОСИ ҚАНЧА?

Нигора Қодирова қараса, янги дугонаси эпчил,  чаққонгина экан.

-Сизга айтдим-ку, Саодатхон, ҳаммаси қонуний деб. Кўрдингизми, ўзингиз ҳам «бир нимали” бўлиб қолдингиз. Яна боласидан воз кечувчилар бўлса, менга хабар бераверинг. Шаҳарда ҳам таниш дугоналарим бор. Фарзанд кўролмаётганларни менга дарров топишиб беради, - дейди.

Бели оғримай қўли пул кўрганидан шод Саодат яна боладан «безган” оилаларни излашга тушади.

2012 йилнинг сентябрь ойида бир таниши:

- Эҳ, одамларга ҳам ҳайрон қоласан. Болани дунёга келтириш осонмикан? Бир қариндошим яқинда туққан ўғлидан воз кечмоқчи-я, - деб қолади. Саодат ҳам «темирни қизиғида босиб”, барча тафсилотларни сўраб-суриштириб олади. Кейин эса «валломати” Нигорага “сотиладиган бола топганлиги” ҳақида қўнғироқ қилади. Чақалоқ савдосини кенг миқёсда олиб боришни кўзлаган Қодирова эса шаҳар шифохонасида ишлайдиган ҳамкасблари Дилрабо Тожибоева ва Зарнигор Йўлчиевага «Товар тайёр. Тезроқ харидор топинглар», дея топшириқ беради. Улар эса ўз навбатида қўл остида ишловчи «ишонарли” ҳамширага топшириқ беради. «Ишонарли ҳамшира» уларнинг буйруғини тезлик билан ҳал этади: “харидор ҳам тайёр” дегач, Нигора Қодирова, Дилрабо Тожибоева Саодат Рўзиева 2012 йилнинг 16 сентябрида туғилган ўғил болани янги “дада”сига 2012 йилнинг 24 сентябрида 1100 АҚШ долларига сотишади.

Пуллар ўртада тақсимлангач, яна ҳамма ўз “иши”га, аниқроғи, ўз “постлари”га кетишади. Одатдагидай Саодат Рўзиева бола излашга тушади. 2012 йилнинг октябрь ойи у ва ҳамтовоқлари учун “ҳосил йиғиш” ойига айланиб кетди. Аввалига Саодат кимдандир “Кимдир 1 ёшдан ошган қизалоғини ташлаб кетибди”, деган гапни эшитади-ю, оёғини қўлга олиб чопади. Ширингина қизалоқ шифохонада экан.

-Вой жиянимнинг ширинлигини. Онаси бечора касал бўлиб қолди-да, шунинг учун ўзим олиб кетақолай, деб келдим, - дея болани кўтарганча, яна Нигора Қодировага сим қоқади. Қодирова эса “харидор топиш масаласини” Зарнигор Йўлчиевага юклайди. Зарнигор ҳам бу «иш”да анча “пишиб” қолган, дарров “ташландиқ” қизалоққа “она” топади. Улар ҳали онасининг кимлигини ҳам танишга улгурмаган қизчани янги «она”сига 1300 долларга пуллашади.

Октябрь ойининг кейинги “бола овида» ҳам – “кучли учлик” занжири  “болатопар” Рўзиева, “буйруқбоз” Қодирова, “болага зорлар маркази бошлиғи” Зарнигор Йўлчиевалар фаол иштирок этишиб, онаси воз кечган 2 ёшли қизалоқни   янги “она”га 1000 долларга пуллашади.

“ДОЯЛАР”

Чақалоқнинг «инга”си – уни дунёга келишига сабабчи бўлган ота-она учун энг тотли, хушбахт овоз. Лекин Саодат Рўзиева бу овозни эшитса, кўзига пул кўринаверади. Лекин ҳамма ҳам у ўйлагандай боласидан воз кечадиган эмас. Шу боис икки «муваффақиятли ови”дан кейин қанча сўраб-суриштирмасин, дилбандини сотадиганларни топа олмай қолди. Буёқда «валломати” ҳар куни “Топдингизми?”, деб сўрашини қўймайди. Бир куни...ҳомиладор ёш аёлни кўриб, у билан танишиб қолгач, дарров Қодировага хабар қилади.

- Нигорахон, ҳозир бир қиз билан турибман. Ҳомиладор экан. Бечора «Боламни боқолмайман”, деяпти. Шунга ёрдамингиз керак бўлиб қолди.

Бу гапни эшитган Нигора Қодирова тезлик билан Саодатнинг олдига етиб келади.

- Вой синглим, нима бўлди? Қўрқманг, мен шифокорман. Қийналмасдан енгиллаб оласиз. Болага келсак, ундан ҳам хавотир олманг.... Ҳозирча шу опангизникида яшаб турасиз. Назоратимда бўласиз, - дейди-ю уни туғдиришни Дилрабо Тожибоевага юклайди.

Ўзи эса ҳали дунёга келмаган бола учун “ота-она” қидиришга тушади. Бу ишни ҳал қилиб бўлган пайтда ёш онанинг ҳам «кўзи ёрийди”.

Саодат Рўзиеванинг хонадонида 2012 йил 26 ноябрида туғилган чақалоқ, ўзини дунёга келтирган онасининг кўкрагидан бир бор эмади-ю, 1200 долларга сотилиб кетади. Пул эса Рўзиева, Қодирова, Тожибоева ва чақалоқнинг онаси ўртасида тақсимланади.

“Аёл болани дунёга келтириб, унга бир-икки бор кўкрак тутса меҳри тушиб қолар экан. Шунинг учун сотишга кўзи қиймайди. Унда кўра, ҳомиладор аёлларни қидирганим тузукроқ экан”, деган хулосага келган Саодат Рўзиевага яна бир ҳомиладор аёл “дарди”ни айтиб қолади. Унинг ҳам «дарди” туғилажак боласидан воз кечиш экан. Дарров яна Нигора Қодирова ва Дилрабо Тожибоева ҳамкорлигида бола дунёга келтирилади. Кейин соҳта ҳужжатлар тайёрланиб, она сутига тўймаган чақалоқни “харидор”га 1600 долларга пуллашиб юборади.

ҲАР КИМКИ ЁМОН БЎЛСА...

Бу ҳақиқат ушбу мисраларни ёзган  Бобур Мирзодан олдин ҳам исботлаб келинган. Ўзларича «тирноққа зорлар уйини чақалоқ йиғисига тўлдиряпмиз. Савоб иш”, дея жиноятларини хаспўшлаб, норасидани сотиб кун кўрганларнинг асл мақсади “ҳаводан пул ясаш” эди. Бунга бир мунча муддат эришдилар ҳам. Аммо жиноят изсиз кетмайди. Уларнинг ҳам бундай чақалоқфурушлиги охир-оқибат ошкор бўлди. Жиноятчилар судда “Енгиллик беринглар. Ахир...”, дея аёллигини, Оналигини пеш қилишди. Аёл, Она эканлигини нега бировнинг боласини бировга пуллаётганида эсига келмади?! Саодат Рўзиева-ку уй бекаси экан. Аммо тўрт шифокорнинг барчаси туғилажак чақалоқлар учун масъул вазифани бажаришади. Гинекологларни, дояларни, фельдшерларни ота-она бахтига мушарраф бўладиганлар фаришталар ўрнида кўришади. Аммо “тўртовлон” бу номга иснод келтиришди. Улар беозор, норасида, бегуноҳ чақалоқларнинг уволидан қўрқишмадимикин?

Ҳабибулло Исақов, Наманган вилоят

прокурорининг катта ёрдамчиси,

Дилмурод ПАРПИЕВ, журналист

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1