АсосийMutolaa

Зулфия замондошлари хотирасида

'Зулфия  замондошлари  хотирасида'ning rasmi

Ҳамид ОЛИМЖОН

40x50

ЗУЛФИЯГА

Энг гуллаган ёшлик чоғимда,

Сен очилдинг кўнгил боғимда.

Шунда кўрди кўзим баҳорни,

Шунда қалбим таниди ёрни.

Қушлар сайрар жонимга пайваст,

Мен севгининг бўйи билан маст.

Куни билан далада қолдим,

Лолазорлар ичра йўқолдим.

Қучоқ-қучоқ гуллар терганим

Ва келтириб сенга берганим,

Кечагидай ҳамон эсимда,

Ҳар сония, ҳар он эсимда.

Шундан бери тилимда отинг,

Шундан бери дилимда отинг…

Энг гуллаган ёшлик чоғимда

Сен очилдинг кўнгил боғимда.

1937 йил


Озод ШАРАФИДДИНОВ, Ўзбекистон Қаҳрамони

СИЗНИ СОҒИНДИМ, ЗУЛФИЯ ОПА!

Умр ўтиб бормоқда. Умр ўтган сари одам босиб ўтган йўлларини, бошдан кечирган йилларини тез-тез эслаб турар экан. Инсон босиб ўтган йиллар ва йўллар – нимадир улар? Масофами, вақтми ва бошқа нарсами, менимча, улар умринг давомида сенга рўпара келган, ҳаётингда из қолдирган одамлар – дўстлар, қариндошлар, устозлар, сафдошлар. Афсуски, улардан анча-мунчалари аллақачон, шоир Шайхзода таъбири билан айтганда, “ҳечистон” мамлакатига рихлат қилишган, лекин уларнинг руҳи поклари тирик, бот-бот ҳузуримга келиб туришади, гурунглашамиз, дардлашамиз, маслаҳатлар қурамиз. Вақт ўтган сари уларнинг ўрни билинади, кўпларининг сиймоси янада тиниқлашади, юзлари, кўзларидаги нур ўткирлашади. Бундай эслашлар, бундай хотиротлар ҳамиша кишига руҳ беради, бардам қилади, мамнуният бағишлайди. Ҳаёт йўлларимда шундай улуғ зотларга рўпара келган эканман, улар билан ҳамсуҳбат, ҳамфикр, ҳамдард бўлган эканман, демак, умрим унчалик ҳам беҳуда ўтмапти.

Бугун тонгда Зулфия опани эсладим. Нақадар олижаноб, нақадар нуроний аёл эдилар. Ўйлаб қарасам, Зулфия опа ўзларининг шеърлари билан, иболи ва ҳаёли феъли атвори билан, покиза эътиқодию зукко фикрлари билан менинг ҳаётимдан катта ўрин олган, маънавий дунёмнинг катта бир қисмини ташкил қилган инсон бўлган экан. У киши шундай улуғсифат аёл эдиларки, ҳар гал рўпара келганимда дарров ҳушёр тортар, кийим-кечакларимни тўғрилар, қадалмай қолган тугмаларимни қадар, сочларимни (ҳа, ҳа сочларимни – бир замонлар бу бош устида қоп-қора сочлар ҳам бўлар эди) текислаб олардим – хуллас, у кишининг кўзига ҳар жиҳатдан ораста бўлиб кўринишга тиришардим. Мен Зулфиянинг номини уруш йилларидаёқ эшитган, унинг “Ҳижрон” деган шеърий тўпламини, “Уни Фарҳод дер эдилар” деган достонини ёд олиб, кўп жойларда ўқиб юрардим. Яқинроқдан танишиш кейинроқ насиб қилди.

1962 йилда Қозоғистонда ўзбек адабиёти декадаси бўлди. Декадага мен ҳам бордим. Самолётда Зулфия опа билан ёнма-ён ўтириб қолдик. Ҳар хил мавзуларда гурунглашиб, йўлнинг танобини тортиб олдик.

Гап орасида Зулфия опа ярим ҳазил, ярим чин маъносида бирдан сўраб қолдилар:

-Озоджон, нега сиз менинг шеърларим тўғрисида ҳеч нарса ёзмайсиз? Ёки ёқмайдими?

Мен дудуқланиб нималардир деб жавоб бердим, лекин ўйланиб қолдим – дарвоқе, нима учун шу пайтга қадар Зулфия опа ҳақида ҳеч нарса ёзмадим? Яхши ижодни пайқамасанг, қувониб тарғиб қилмасанг, сенинг танқидчилигинг қаёққа боради? Шошма, сен Зулфия шеърларини ўқигансан, албатта, лекин уларни уққанмисан, бу шеърлар орқали шоирнинг қандай инсон эканини билиб олганмисан? Очиғини айтганда, ўша декада мен учун Зулфияни ҳам кашф қилиш декадаси бўлди.

Аэропортда қўнишимиз билан қозоқ дўстларимиз бизни қучоқ очиб кутиб олишди – аллақачон Собит Муқонов Ғафур Ғуломни қучоқлаб олиб, унга нималарнидир уқтиряпти. Ғафур ака чуст дўпписини яримта кийиб олиб, Собит оғага соф қозоқ тилида бир нарсалар деяпти. Сочлари оппоқ оқарган, новча бўйли Абдилла Тожибоев ҳиссасини сермаб, Миртемирнинг теварагида гирдикапалак. Тавба, мен қозоқ ва ўзбек ёзувчиларининг иноқлиги, ижодий ҳамкорлиги тўғрисида кўп эшитган эдим-у, бунақа самимиятни, бунақа яқинликни кутмаган эдим.

Мен машинага Зулфия опа билан бирга ўтирдим. Бизга Турсунхон Абдураҳмонова деган қозоқ шоираси ҳамроҳ бўлди. Турсунхон бу йил саксон ёшга тўлар экан. Умри узоқ бўлсин, юзга кирсин. Лекин мен бу шоиранинг саксонга кирганини ҳеч тасаввур қилолмайман. У очиқ чеҳрали, хушсуврат, ўта дилбар бир аёл сифатида эсда қолганди. Зулфия опани билар экан, бир зумда қувноқ гурунг бошланди. Турсунхон яхши шеърлар ёзиш билан бирга жуда чиройли қўшиқлар ҳам айтар экан. Манзилга етиб боргунимизча, уч-тўртта ажойиб ўланни куйлаб ташлади. Қозоғистон диёрида кўп учрашувлар бўлди, ҳар учрашувда Зулфиянинг номи алоҳида тилга олинар, ундан шеър ўқиб беришини талаб қилишарди. Қозоқларнинг бизнинг шоирамизга муҳаббати шу қадар чўнг эканки, бир-икки жойда у фавқулодда ўзига хос тарзда намоён бўлди.

Сафар давомида биз Кўкчатовга бордик. Бениҳоя гўзал маскан экан. Чиройли қарағайзорлар теварак-атрофга муаттар ҳидлар таратади. Енгил туман ичида элас-элас кўринаётган тоғлар ҳавода муаллақ турганга ўхшайди. Лекин Кўкчатовнинг довруғи тоғларию ўрмонларида эмас, кўлларида экан. Бир вилоятнинг ўзида катта-кичик саксонта кўл. Сувлари тиниқ, бамисоли кўзгуга ўхшайди. Унда соҳилдаги дарахтлар ҳам, тип-тиниқ осмон ҳам акс этиб, ўзгача жозиба касб этган. Айниқса, Ойнакўл деган каттагина кўлнинг гўзаллиги ҳар қандай таърифдан юқори. Қирғоққа яқинроқ жойда сув ичидан каттагина қоятош чиқиб турибди. Бу тош дарҳол сув париларини эслатди – бунақа гўзал кўлда кўлдан-да гўзал сув парилари бўлса не ажаб. Энг қизиқ воқеа бироз кейин – тушлик вақтида рўй берди. Тушлик шеърхонликка, шеърхонлик қўшиққа уланиб кетди. Гурунг авжи қизиб турган бир пайтда қозоқ шоирларидан бири туриб, Зулфияга бағишланган шеърини ўқиб берди. Унда шоир бояги таърифи кетган Ойнакўлни Зулфияга тортиқ қилган эди. Гарчи бу совға рамзий бўлса-да, Ойнакўлни кўтариб кетишнинг иложи бўлмаса-да, ҳаммамизни жуда хурсанд қилди.

Бир-икки кундан кейин Балхашга бордик. Кундузги учрашувлардан кейин бироз дам олиб, оқшомги адабий кечага жўнашимиз керак эди. Бирдан Зулфия опа ғойиб бўлиб қолдилар. У кишининг қаерда эканини ҳеч ким билмайди. Мезбонларимиз эса мийиғларида сирли кулиб, “хавотир олманглар, келиб қоладилар” деб бизни тинчитган бўлишади. Дарҳақиқат, қоронғи тушганда Зулфия опа кириб келдилар – у кишининг ёнида чипта қопга ўралган узун нарса кўтариб олган учта одам бор эди. Маълум бўлишича, улар Балхаш балиқчилари экан, Зулфия опа билан учрашувга кўпдан бери муштоқ эканлар. Шоиранинг Балхашга келишини эшитиб, шоиранинг ўзи билан гаплашиб, уни денгизга ўхшаган улкан кўл бўйига олиб кетишибди. Шеърхонлик бўлибди. Қўшиқлар куйлашибди. Балиқхўрлик қилишипти. Хуллас, тўйиб дийдорлашишибди. Балиқчилар кўп машаққатлар чекиб, шоирага совға қилиш учун икки метр келадиган осетра балиғини ушлаб қўйишган экан. Бояги чиптага ўралган узун нарса осетра балиғи экан. Билмадим, кейин балиқ нима бўлди – Тошкентга олиб келишдими ё ўша ерда қолиб кетдими? Лекин бунинг аҳамияти йўқ эди – муҳими оддий қозоқ меҳнаткашлари шоирага бўлган ҳурмат-эътиборини ифодалашнинг ғоятда инсоний ва оригинал йўлини топишган эди.

Ўшанда қозоқ дўстларимизнинг Зулфияга муносабатини кўриб хижолат тортиб кетдим – шоиранинг довруғи шунчалик бўлса-ю, танқидчилар у томонга бир қиё боқмаса?

Кейин Ўзбекистонда ҳам Зулфиянинг ижодий кечаларида кўп қатнашдим. Яйпанда, Попда, Марғилонда, Тошкентда… Қўқондаги бир учрашув ҳам ғоятда мароқли бўлган эди. Қўқонликлар шоирага сиёҳдон совға қилишди. “Бу сиёҳдон Нодирабегимнинг сиёҳдони. Нодирабегим сизга қаламини мерос қолдирган. Сиз Нодираи давронсиз. Нодира айтолмай кетган қўшиқлар сизнинг қаламингиздан тўкилсин”, дея лутф қилишди.

Зулфия опанинг довруғи бутун жаҳон бўйлаб таралган эди. Қайсин Қулиев, Давид Қўғултинов, Мустай Карим каби улкан санъаткорлар унинг яқин дўсти эди. У “Нилуфар” халқаро мукофотининг, Неру номидаги халқаро мукофотларнинг соҳибаси эди. Лекин мукофоту унвонлар орасида биттаси бор эдики, у унвон билан Зулфия опа алоҳида мағрурланарди. У Ўзбекистон халқ шоираси эди. Шунинг учун бўлса керак, “Бахтим шул – ўзбекнинг Зулфиясиман” дея хитоб қилганди.

Мен, албатта, Зулфия опа ҳақида ёздим, унинг тўғрисида бир адабий портрет яратдим, янги шеърий китобларига тақриз ёздим, мақолаларда унинг тўғрисида мулоҳазалар юритдим. Лекин, айтмоғим керакки, менинг ёзганларим бу улкан шоиранинг ижоди олдида урвоқ ҳам бўлолмайди, мен унинг нафосатини, гўзаллигини, фикрий бойлигини кўнгилдагидек, ўша шеъриятга муносиб тарзда очиб беролган эмасман. Мана, ҳозир ҳам ёзаяпман-у, лекин қаламим эски ўрганиб қолган маддоҳлик йўлига тойиб кетаётганини сезиб турибман. Нечундир менинг тасвиримда Зулфия опа фаришта мисол бўлиб чиқяпти. Ҳолбуки, у инсон эди ва ҳар қандай инсон ҳаёт йўлида дуч келадиган ҳамма синовлар, машаққатлар, изтироблар унинг ҳам бошига тушган эди. Кўпгина шеърларида Зулфия опа ўзининг “кемтик бахти” ҳақида гапирди. Умрининг сўнгида ёзган “Хотирам синиқлари” достонида эса ўша машаққатлар тўғрисида бениҳоя мардоналик билан ёзади. Бу асар теранлиги ва мардонаворлиги билан менга Анна Ахматованинг “Реквием” деган асарини эслатади.

Шоиранинг шеърлари ҳақида, уларнинг латофати, инсоний жозибаси, теранлиги тўғрисида жуда кўп гапириш мумкин. Лекин мен бугун бошқа бир саволга жавоб излаяпман – Зулфияни одамларга ардоқли қилган, адабиётимизнинг ёрқин юлдузларидан бирига айлантирган, ХХ асрнинг буюк аёллари қаторига қўшган асосий омил нимадир? Менимча. Бу – унинг эътиқоди, жуда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатлари, дили билан тилининг бирлиги, шеърларида мадҳ этган инсонийлик, вафо, садоқат ва диёнат деган нарсаларга ўзи ҳаётда оғишмай амал қилганида. Истеъдод улуғ неъмат, лекин истеъдоднинг ўзи билан иш битмайди, шекилли. Минг афсуски, бизда айрим истеъдодли шоирлар ва шиоралар бор, бироқ улар ўзларининг истеъдодларига берилиб кетадилар-у, шунга яраша инсон сифатида ҳам улуғ бўлиш кераклгини унутиб юборадилар. Улар виждонларига хилоф иш қилишдан ҳам, ўзлари улуғлаган қадриятларни икки чаққача сотиб юборишга ёки ароққа қўшиб ичиб юборишга тайёр. Бунақа одамнинг ижоди бирон-бир тийинли қимматга ёхуд салмоққа эга бўлмаслиги ўз-ўзидан аён. Зулфия опанинг ибрати шундан далолат берадики, ҳар қандай истеъдоднинг ёнига инсоний фазилатлар қўшилсагина, ижод муайян салмоқ касб этади. Бунга эса бутун умр бўйи давом этадиган машаққатли меҳнат билан, астойдил жон куйдириш билан эришилади. Зулфиянинг оилавий ҳаёти, муҳаббати тарихи кўпчиликка яхши маълум. Зулфия шоир Ҳамид Олимжонни севиб, у билан 1935 йилда турмуш қурди. Бироқ орадан тўққиз йил ўтгач, ногаҳоний фалокат туфайли иккита фарзанд билан эридан бева қолди. Кейин эса умрининг охиригача Зулфия Ҳамид Олимжонга муҳаббатини боши устига қўйиб, авайлаб, асраб, гард юқтирмай олиб ўтди. Баъзан Зулфия тўғрисида икки болани отасиз катта қилди дейишади. Менимча, бу унчалик тўғри эмас, чунки Ҳамид Олимжон руҳан ўз хонадонини бирон кун ҳам тарк этган эмас, деворлардаги сувратлардан Ҳамид Олимжон йирик-йирик кўзлари билан муттасил Зулфияга, фарзандларига қараб, уларнинг ҳолидан хабар олиб турарди, жавондаги китоблардан унинг салобатли овози эшитилиб туради. Отанинг руҳи тирик бўлса, у оиланинг ҳамма ишларида, шу жумладан, болалар тарбиясида ҳам иштирок этаверар экан.

Зулфия – атоқли шоира, йирик давлат арбоби, жамоат ишларида фаол, эл назаридаги инсон. Лекин у биринчи навбатда аёл, аёл бўлганда ҳам ўзбек аёли эди. У аёл сифатида муайян бурчга эга эди. Ҳамид Олимжондан эрта айрилган фарзандларини ўстириб, одам қилиб етиштирмоғи керак эди. Бу эса – эҳ-ҳе – дунёдаги энг қийин, энг машаққатли ишлардан бири. Қизиғи шуки, сиз фарзандларингизни моддий неъматларга кўмиб юборишингиз мумкин. Улар яхши кийиниши, еб-ичиши, шуҳратингиз шуъласида гердайиб юришлари мумкин. Лекин буларнинг ҳеч қайсиси фарзанднинг қобил бўлиб чиқмоғи учун етарли бўлмаслиги мумкин. Нима учундир у наркоман, безори, бузуқ, ўжар, ўғри бўлиб чиқиши ҳеч гап эмас. Зулфия опа 29 ёшида бева қолган эди – 29 яшар аёлга аталган бу дунёнинг жами ҳузур-ҳаловатидан, лаззатидан кечди, қалбининг бутун қўрини фарзандларига бағишлади. Бунинг оқибатида қизи Ҳулкар олима бўлди, нафақага чиққанига қадар дорилфунунда дарс берди, Ойбек домлага муносиб келин бўлди. Ўғли Омон эса Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ҳуқуқшунос. Энг қизиғи шуки, мен Ҳулкарни ҳам, Омонбекни ҳам қирқ беш йилдан бери биламан, лекин ҳали уларнинг бирон марта калондимоғлик қилганини, бурни кўтарилганини, бошқаларни менсимай қўйганини кўрган эмасман. Бинобарин, Зулфия опа ўзининг оналик бурчини ҳам жуда ўринлатиб адо этди – жамият учун яхши фазилатларга эга бўлган икки ажойиб инсонни тарбиялаб етказиб берди.

Зулфия опа ўзбек шеъриятида ўзига хос бир мактаб яратган эди. Унинг шогирдлари кўп эди. Булардан айримлари – Ойдинхон, Қутлибека ва бошқалар бугун Зулфия опанинг чироғини сўндирмасликка ҳаракат қилиб, самарали ижод этмоқда. Шоира шогирдлари билан бирга гўзал бир шеърият чамани яратиб кетди. Хўш, бугун бу бўстон қай аҳволда? Унинг ҳолидан огоҳ бўлиб, парваришига қараб турган шеършунослар, шеърпарастлар борми ё у етим қолдими? Албатта, бугунги шеъриятимиз етим қолди десак нотўғри бўларди, шеърият бўстони қаровсиз ётипти, ўз ҳолига ташлаб қўйилган, десак ҳам ҳақиқатдан узоқ бўларди. Забардаст шоирлар бор, уларнинг танланган асарлари, янги тўпламлари чиқиб турибди. Шу билан бирга, шоир Эркин Воҳидов айтган “даҳо шеърлар” яратилмаяпти. Шеъриятда борган сари майдалашиш ҳолати содир бўляпти. Шоирлар ўзи билган нарсаларни ёзиш ўрнига сунъий гапларни тўқиб чиқаради, ясама гапларни гапиради. Баъзилар ҳали йигирмага тўлар-тўлмас “куйдим-пишдим”га ўтишади, “о, дастингдан дод, дунё” деб ҳайқиради, баъзилар “чархнинг мен кўрмаган дарду балоси қолдиму?” деган саволларга кўмиб ташлайди, яна баъзилар чиллага кирган мулладек, шеърда шунақа кўчаларга кириб қолишяптики, ёқа ушламай иложинг йўқ. Яқинда бир шоирнинг шеърини телевизорда таҳлил қилишди. Унинг ёри бетоб экан. Узоқдан ўртоғи кўринибди – у қизининг аҳволи ҳақида хабар олиб келибди. У етиб келгунча, шоир хавотир ичида кутиб турибди. У келиб, “отанг вафот этди” дейди. Шоир хурсанд бўлиб кетипти (ёри ўлмаганига бўлса керак-да). Асарни мақтаган туппа-тузук шоирлар худди ана шу жойни “ички дунёни очишдаги янги кашфиёт” деб тақдим этишди. Кашфиёт ўлсин шунақа бўладиган бўлса! Бунақа гаплар шеърда чинакам шеърият, нафосат ўрнига, саҳнада кўрсатиладиган ясама ўйинлар, сунъий қилиқлар кўпайиб кетаётганини кўрсатмайдими? Оқ қоғознинг тили, забони йўқ – нимани ёзсангиз чидайверади, аммо истеъдоднинг истеъдодлиги шундаки, у нимани ёзишни билишдан ташқари, нимани ёзмаслик кераклигини ҳам яхши билиши керак.

Майли, бу ғамгин, кимларгадир ёқмайдиган гапларни қўяйлик.

Бугун тонгда руҳи покингиз билан яна бир марта гурунглашдим, Зулфия опа. Ва яна бир карра амин бўлдимки, ўзбек адабиёти ХХ асрда ҳар қанча зиддиятли, машаққатли ва мураккаб йўлни босиб ўтган бўлмасин, унда бир қатор том маънодаги ижодкорлар етишиб чиқди. Бугунги истиқлол кунларида уларнинг ижодлари янги қирралари билан намоён бўлмоқда. Шу порлоқ юлдузлар ичида сиз ҳам олдинги қаторлардасиз, Зулфия опа!

Сизни жуда соғиндим!

2006 йил

ЭРКИН ВОҲИДОВ, Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири

ШОИРАНИНГ ҲАЁТ ҚЎШИҒИ

Шоирлик нима? Минг йиллардан қолган бу саволга ҳар бир давр ўз жавобини беришга интилади. Дарҳақиқат, у ҳунарми, санъатми? Тафаккурни лол қилувчи сеҳрми? Ва ё ҳеч ким ҳеч қачон англаб ета билмас мўъжизами? Бир замонда шоирликни жоду деб атадилар, одамларни ҳақ йўлидан оздиргувчи куфр дедилар. Бошқа бир замонда уни пайғамбарлик даражасига кўтардилар. Бир даврда шоирликни тарғиботчилик-ташвиқотчилик деб англадилар, бошқа бир даврда уни инсон қалби учун, эрк, саодати учун курашмоқ, жанг қилмоқ деб билдилар. Замонлар ўтди, дунёқарашлар ўзгарди, динлар, маслаклар, ғоялар алмашинди. Лекин шоир ҳамиша элнинг жигари бағридан бунёд бўлгуси зурриёт, эл хонадонининг чироғи, эртанги кунга етгувчи садоси бўлди. Халқнинг, даврнинг хотироти бўлиб дунёга келди.

scan0004

Шоирсиз юрт – булбулсиз чаман, юлдузсиз осмон, маёқсиз бандаргоҳ. Шоир Бундан қирқ йил муқаддам – минг тўққиз юз қирқ тўртинчи йилда Ўзбекистон Давлат нашриёти мўъжазгина бир шеърий тўпламни чоп этди. Ўн саккизтагина шеър жамланган. «Хижрон кунларида» деб аталган бу китобчанинг пайдо бўлган куни дунёга Зулфия номи билан аталган қисмат яралди. Бу қисмат бир қатра бўлди-ю, унда замондош аёл қалби ўзининг жаҳоний дарди, изтироби, фарёди билан аксланди. Зулфия деган исмда ҳижронзада юракларнинг оҳи, нидоси мужассам бўлди. Дарҳақиқат, шоирлик унвон эмас – қисмат! Бунинг исботини бутун борлиғи билан, барча оҳанглари ва ранглари билан шоира Зулфия ижодида кўрмоқ мумкин.қайси замонда, қайси юртда яшамасин, биринчи галда ўз қалбининг ҳолатини аён этади ва агар бу ҳолат мингларнинг, миллионларнинг қалбига эш бўлса шоир нидоси умумхалқ, умумбашарий нидога айланади. Шоирлик ҳамма замонда қисмат бўлди.

Эй севгиси азиз, эй севимли ёр,

Кетма, асло кетма кўзимдан йироқ.

Гарчи тушимда ҳам сени бир кўриш

Ҳижрон кунларидан минг бор яхшироқ.

Бундоқ меҳр ва соғинч билан тўлган сатрларнинг ҳақиқий баҳосини бермоқ учун шеър битилган йиллар заҳматини, фожиаларини тасаввур этмоқ керак. Бу мисралар жудолик дардида ўртанган неча минг юракларга малҳам бўлганини, неча минг кўнгил дафтарига кўчирилганини хаёл қилмоқ керак.

Нега мен сўзни «Ҳижрон кунларида» китобидан бошладим? Ахир унгача ҳам Зулфиянинг «Ҳаёт варақлари», «Шеърлар», «Қизлар қўшиғи» сингари шеърий тўпламлари нашр этилган эди. Бу тўпламлардаги ўзининг тиниқ жозибаси билан кишини ром этувчи талай шеърлар ўша вақтдаёқ Зулфия исмини адабиётга олиб кирган ва мустаҳкам мавқе берган эди. Биз бу кун ўша китобларни варақлаб маҳорат босқичларини пояма-поя эгаллаб бораётган истеъдод нафасини сезамиз, шеъриятнинг умидли келажагини кўрамиз. Лекин «Ҳижрон кунларида» китобини ўқиганда биз шунга амин бўламизки, шоирлик истеъдоддан ҳам, маҳоратдан ҳам юқорироқ тушунча. Яхши шеърлар ёзмоқнинг, ҳатто баркамол сатрлар битмоқнинг ўзи ҳали ҳақиқий маънодаги шоирлик эмас. Токи бутун китоб ва ҳар бир мисрада шоирнинг ўзлиги, бор олами билан қалбу идроки, дарду қувончи, таржимаи ҳоли ва дунёқараши билан шеърнинг эгаси намоён бўлмас экан, дилкашу дардкаш Инсон кўриниб турмас экан – бу ҳали тўла маънодаги шеърият эмас.

«Ҳижрон кунларида» китоби билан ўзбекнинг уйида шоира туғилди, аёл зотининг фидойилик ва бардош, жасорат ва назокат, умид ва ўкинч тўла садоси бўлиб шоира дунёга келди ва дунёга келган кундан ўзининг боқийлигини таъмин этди.

Зулфияни шоир қилган ўз дардли қисмати ва бу дардли қисмат ҳақидаги самимий ва эҳтиросли нидоси. Улуғлардан бири айтган экан: «Шоирни изтироб яратади ва бу изтироб шеърият учун қувонч бўлади». Бу сўзлар бус-бутун шоира Зулфияга тааллуқлидир. Шоирани дунёга келтирган улуғ изтироб ўз аксияти бўлган улуғ бахтни ҳам яратди. Бу улуғ бахт тўла тўкис халқ ва шеъриятникидир.

Шеърият оламига ҳар бир ижодкор ўз қўшиғи билан кириб келади. Зулфия шеъриятга Вафо қўшиғи билан кирди. Ва бу қўшиқ аёл садоқатининг юксак тараннумига айланди.

Вафодек муқаддас, покиза туйғунинг қиммати ҳеч бир замонда кам бўлган эмас. Лекин даҳшатли жанг йилларида ёр садоқатининг буюк жанговар қудратга айланганини ўша давр кишилари биладилар. Урушни кўрганлар айтадилар: «Бизнинг ғалабамизни «Катюша» қуролидан кўра кўпроқ «Катюша» қўшиғи таъмин этди». Бу сўзларда улуғ ҳақиқат бор. «Катюша» айни вафо ҳақидаги содда ва ўлмас қўшиқдир. Зулфиянинг садоқат сатрлари ўзбек жангчисининг ўзига хос «Катюша»си бўлди.

Шоир қалбларнинг таржимони. Унинг юрагини титратадиган рангин туйғулари одатда ҳаётий кузатишларнинг, хаёлот парвозининг маҳсули бўлади. Лекин шоира Зулфиянинг вафо қўшиғи на кузатишлар, на хаёлот меваси, балки инсон Зулфиянинг ўз ҳаёт қўшиғидир. Шунинг учун ҳам бу қўшиқ шунчалар юксак, шунчалар мукаммал, шунчалар жозибдир.

Ўзбек халқининг ҳассос шоир ўғлони Ҳамид Олимжон ва ардоқли шоира қизи Зулфиянинг туташ умри тилларда достондир. Бу севги ва ижод қиссаси ҳақида шеърлар битилган, ҳали улуғ ишқ достонлари каби ўлмас асарлар ёзилгусидир. Лекин, шоиранинг биргина – «Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда» деган сатри ёзилажак барча «Ҳамид ва Зулфия»ларга сарлавҳа бўлмоққа лойиқ.

«Ҳижрон кунларида» китоби нашр этилган 1944 йил Зулфия ҳаётида умрлик ҳижрон кунларининг бошланиши бўлди. Шу йил даҳшатли фалокат Ҳамид Олимжонни ҳаётдан олиб кетди. Шоира учун мушкул синов йиллари бошланди. Бу сўнгсиз изтироб олдида бардошнинг, алам олдида қатъиятнинг имтиҳони эди. Зулфия қалбидаги ана шу зиддиятлар кураши, пинҳоний зилзилалар ўша йилларда ёзилган шеърларда энг нозик тебранишларигача сезилиб туради. Бу курашда шоира юрагининг жасорати – ҳаётбахш қудрати, умид ва ишончи ғалаба қилди.

Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда,

Ҳаётни куйлайман, чекинар алам.

Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,

Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам.

Шеъриятимизнинг ҳеч бир шубҳасиз энг нодир дурдоналари қаторидан ўрин олган «Баҳор келди сени сўроқлаб»шеъридаги бу сатрлар ҳақида кейинча атоқли шоира Вера Инбер шундай деган эди: «Бу қадар оғир мусибатдан сўнг бир йил ўтиб шундай умидбахш сатрларни битиш учун қанчалар қудрат керак!»

Зулфия шундай қудратни топа олди. Табиат ато этган истеъдод, юрт муҳаббати, эл хизматига камарбасталик, шеърият заҳмати, йўллар ва одамлар шоира юрагининг буюк таянчи бўлдилар. Йиллар оша унинг шеъри гўзаллик ва ҳарорат, ижтимоий салмоқ ва мардоналик касб эта борди. Дарҳақиқат, Зулфия шеърияти мардона шеърият. Ҳатто энг маҳзун туйғуларни ифода этган сатрларда ҳам мағрур ирода, вазмин қатъият бор.

Шоирни замон ва муҳит яратади. Тўғрироғи, замона ва муҳит олдидаги бурч яратади. Булар шоирга мавзу беради, ижод мундарижасини белгилайди. Зулфияни шоир қилган ва мана ярим асрдан буён эл ардоғига боис бўлган хислат ҳаёт билан доимий ҳамнафаслик туйғусидир. Бу узоқ ва шарафли ижод йўлининг ҳар бир босқичида – бу босқичлар узлуксиз изланиш, маҳорат пиллапояларидан поғонама-поғона юксалиш босқичлари бўлди – шоира замон ҳодисотига – ижтимоий ҳаёт воқеаларига ҳар дақиқа ўз муносабатини билдирди, бу муносабат умуман шоир муносабати эмас, балки Зулфиянинг ва фақат Зулфиянинг муносабати бўлди.

Шоиранинг ўзлиги, бетакрор истеъдоди шеърдан-шеърга, китобдан-китобга янги-янги қирралари билан намоён бўлиб борди. Ҳамда бугун ўзининг кенг мавзу доираси билан рангинлиги ва жозибаси билан, самимияти ва бор қудрати билан кўз олдимизда яхлит бир шеърият – Зулфия шеърияти юксалиб турибди.

Зулфия истеъдоди умуммамлакат адабиётида алоҳида ҳодисадир. Тарихий қисмат Шарқ аёлининг овозини жаҳон минбарига олиб чиқиш шарафи ва заҳматини Зулфия зиммасига қўйди. Бу масъулият унинг ижод уфқини ва ҳаёт тарзини белгилади, таниқли жамоат арбоби сифатидаги, тинчлик ва халқлар дўстлигининг жарчиси сифатидаги ўрнини таъминлади. «Ўғлим, сира бўлмайди уруш» шеъри дунёнинг қайси тилига таржима қилинган бўлса, ўша тилда сўзлаган оналарнинг нидоси бўлди, «Мушоира» эса Осиё ва Африка ёзувчилари бирдамлик ҳаракатининг мадҳиясидек жаранглаб турибди.

Мадҳия, тарона… Йўқ, бу сўзларда қандайдир тантанаворлик бор. Зулфия шеъриятига хос хусусият – чуқур самимият, нозик ўйчанлик, нурли дард ва ёрқин образлиликдир. Мана Ҳиндистон мавзусидаги шеърлардан бири – «Бахшиш»:

Чойингдай тим қора йирик кўзларинг,

Боқиши тиланчмас, мутеликмас – ўқ!

Наҳот, сен топинган минг бир тангрининг

Содиқ бандалардан ҳеч хабари йўқ…

Кўпчилик шеърхонлар одатда равон, енгил, ўйноқи шеърларга ишқибоз бўладилар. Уларни давраларда мароқ билан ёд ўқиб, куйга солиб айтиб юрадилар. Зулфиянинг шеърлари бу тоифадаги шеърлардан эмас. Улар силлиқ, осон ўқилмайди. Бу шеърларни тўхтаб-тўхтаб ҳар бандининг мағзини чақиб ўқишга тўғри келади. Шоиранинг ўзи ҳам уларни осонлик билан ёзган эмас. Ҳар бир сўз юракни оғритиб, ситиб олингандек. Рус тилида «выстраданное» деган қисқа ва аниқ ифода бор. Зулфия сатрларига ана шу ифода тўла-тўкис мувофиқдир. «Ёзаман, асабу фикрим савалаб» – дейди шоира бир шеърида. Ҳақиқатан ҳам унинг ҳар бир мисрасида юк бор, маъно ва образлар юки бор, ҳиссиётнинг аниқ сувратлари бор. «Бир саф олча гулда – нақ қатор гулхан оқ ўт-ла ёнганда тонг ҳусни ўчар» ёки «Жануб бу! Бир денгиз илиқ оғушда жавлон урганларга келар ҳавасим». Бир денгиз илиқ оғуш! Чинакам шоирона сатр.

Зулфиянинг ҳар бир шеъри жуда катта ижодий эҳтиёжнинг меваси. У шеър ёзиш заруратга айлангандагина қўлга қалам олади ва ҳар бир мисра, ҳар бир сўзга ўта талабчанлик билан тош қўяди. Ўзига, шеърига бераҳмлик Зулфия истеъдодининг хусусиятидир. Шеър шакллари, вазн услублари бобидаги шоиранинг изланишлари алоҳида диққатга сазовордир. Бу изланишлар тоза ирмоқлар бўлиб унинг ижод денгизини ҳар лаҳза янгилаб туради.

Зулфия илҳоми сарбастга ҳам мойил. Айниқса, етмишинчи йиллардан бошлаб ёзилган шеърларнинг талай қисми ана шу замонавий эркин вазндадир. Бу вазннинг ҳали кўпчилик ўрганмаган ва шоирлар ҳам ҳали тўла кашф этмаган таровати, имкониятлари бор. Сарбаст – ўлчов қирғоғига сиғмаган тошқин туйғуларнинг вазнидир. Бежиз эмаски, ҳозирги ёш шоирлар бу вазнга кўпроқ мойиллик билдирмоқдалар. Зулфия шеърияти кун сайин кўпроқ издошлар тарбияламоқда.

Йиллар ва йўллар… Бугун шоира ўз умрининг нурли юксакликларидан туриб, ўтган ҳаётига боқади. Юрган йўлларини хотирлайди, юрагига яқин кишиларни эслайди. Шоиранинг босиб ўтган йўллари сайёрамизга бир неча бор белбоғ бўлгуликдир. Биз қайси юртга қадам қўймайлик, адабиёт аҳли орасида Зулфия номини эшитамиз. Белградда кекса шоира Десанка Максимович билан кўришганимизда унинг илк мурожаати: «Зулфияхоним соғ-омонмилар?» деган савол бўлди. Шунда кўнглимдан бир фикр ўтди: Зулфия номи Ўзбекистон номи билан эгиз тушунчага айланибди, дунё халқларининг Ўзбекистонга бўлган меҳри, ўзбекларга ҳурмати шоирага бўлган меҳрда мужассам бўлибди.

Биламан: севгидан самода чирпирак

Парвозлар қайтмас боз,

Не десам, беқиёс у ишқли йилларим

Кўркига назира!

Эмассан жалада кўлларни савалаб

Безатган бир хубоб,

Инсоннинг ҳеч битмас умиду ишқидан

нишона.

Ҳар тонги – бир варақ, ҳар шоми элга эш,

толедан бир иншо, битта боб,

Ҳаётнинг ҳеч қачон узилмас риштаси

борига ишона-ишона –

Битилгич битта шеър!

Ҳар сатри кўксимда етилиб тирилган,

Дарди ҳам қувончи борлиғим забт

Этган жарангли залворли.

Ташаккур, яна мен тирикман,

Керакдан-керакман,

Сабрга бўйсунган фикр-ўй шиддатли,

Бир ширин ғамзали, ғалвали.

Бу сатрлар шоиранинг «Тонг билан шом аро» деб аталган янги шеърий туркумидан. Нақадар теран, нақадар дардлик ва нақадар юксак маҳорат билан ёзилган мисралар. Тўла асос билан айтиш мумкинки, бу кунда Зулфия ўз ижодининг камолот чўққисида турибди, келажакка ишонч кўзи билан боқиб: «О, эртам, энг гўзал афсонам» деб турибди:

Чорладинг, жонимни ташладинг тенгсиз куч

Жасорат жангига,

онгладим: Лутфийдек куйласам буюк

дард ва қудрат борлигин!

Зулфия сингари сиймолар халқнинг бахти бўлиб яраладилар. Бу бахт аввало ўзбекники, Ўзбекистонники, сўнгра эса дунёники.

1984 йил

Абдулла ОРИПОВ, Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири

АЖОЙИБ ШОИРА ОПАМИЗ

Энг аввало, муҳтарам Зулфия опамизни каттаю кичик адиблар қатори мен ҳам чин дилдан муборакбод этаман. Зулфия опа деганда дафъатан кўз олдимизда турфа чечаклар билан зийнатланган бир чаманзор намоён бўлади. Бу гулзор гўзал шеъриятнинг муаттар бўйлари билан оролангандир.

Фазилатлар сарчашмасида Зулфия опанинг шоиралик иқтидори турар экан, бу иқтидор шоирамизнинг номини жаҳонга танитган олий белгидир. Зулфия опа суҳбатларида, мақолаларида ўзларини ғоятда камтарин тутиб, кам ижод қилганликларини чиройли бир надомат билан айтиб турадилар. Бу гаплар чиндан

ҳам камтарлик ва самимият туфайли айтилган. Лекин гап миқдорда эмаслиги барчамизга аён-ку. Зулфия шеъриятининг салмоғи унинг анча мураккаб йилларда ҳам чинакам поэзия сифатларига содиқ қола олганлиги билан

Ayajon02

белгиланади. Масалан, адабиётда схематизмга ўхшаш оҳанглар авж олган йилларда Зулфиянинг Ҳамид Олимжон хотирасига бағишланган, чуқур инсонийлик билан суғорилган дардчил шеърлари яратилди. Бу шеърларга ўз вақтида бир оз ҳадиксираб қараган танқидчилар ҳам учраган. Балки ўша йилларда шундоқ ҳоллар бўлиши табиийдир. Лекин давр ва адабиёт тараққиёти шеъриятимизни шонли йўлга – Зулфия ижодини безаб турган шеърий туркумлар йўлига олиб чиқди. Зулфия опанинг кейинги йилларда яратган шеърларида эса фалсафийлик ғоятда теранлашиб бораётир. Бу каби фазилатлар поэзиянинг ўлмаслигини таъминлайдиган ноёб унсурлардир.Ижодий сафарларда юрган пайтларимиз, қардош мамлакатлардаги адабий суҳбатлар чоғида жаҳоннинг энг атоқли шоирлари биздан Зулфия опамиз ҳақида сўраганларида, у кишига самимий саломларини етказишни илтимос қилганларида, Зулфия опадек ажойиб инсон билан ҳамюрт эканлигингдан фахрланиб кетасан киши. Кўплаб номдор адиблар Зулфия опага ҳурмат билан шеър бағишлаганлар ёки асарларида опанинг номларини кўп бора эҳтиром ила зикр этганлар. Адабий давраларда Зулфия опага жуда катта меҳр билан боқиб, у кишини “шеъриятимиз маликаси” деб атаб келадилар. Опанинг ҳаёт жасорати эса қанчадан-қанча қаламкашлар учун гўзал ва афсонавий ижодий мавзу бўлиб келаётир. Бу мавзуда кўплаб шеърлар, достонлар, ҳатто саҳна асарлари ҳам яратилган. Адабиёт вакилларига халқнинг бу қадар эъзоз-эътибори бежиз эмас. Мунис, меҳнаткаш, мушфиқ халқимиз ўзининг истеъдодли шоира қизини, ҳаёти садоқат ва вафо билан йўғрилган фарзандини албатта ардоқлайди-да.

Зулфия опамиз мана шу ҳурмат-эъзозларга тамомила муносибдирлар.

Суҳбатларимиздан бирида мен опанинг кейинги шеърлари ҳақида қувониб сўзлаганимда, у киши: “Ҳа энди ёшлардан орқада қолмай дейман-да”, деб лутф қилдилар. Мен эса: “Йўқ, Зулфия опа, сиз шеъриятимизнинг ҳамиша олдинги сафида эдингиз, бундан кейин ҳам шу олдинги сафида бораверасиз”, дедим. Бу ўринда опанинг гаплари ҳаммамизга ўрнак бўларли камтарлик бўлса, менинг жавобим айни ҳақиқат эди.

1995 йил

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар