Анвар Санаев: “Клипларим ўтмагани учун бадиий кенгашдан ранжиган эдим...”

ШОУ-БИЗНЕС 20.05.2014, 13:28
Анвар Санаев: “Клипларим ўтмагани учун бадиий кенгашдан ранжиган эдим...”

Мухлислари томонидан муҳаббат куйчиси дея ном олган  Анвар Санаевда бир ижодга хос бўлган қайсарлиқ, инжиқлик, “кўринмас”лик каби барча фазилатларни учратамиз. Аммо унинг айни дамдаги “кўринмас”лигини бу гал яхшиликка йўйсак бўлади! Сабаби, хонанда 7-8 июнь кунлари “Истиқлол” санъат саройида мухлислари учун ўз яккахон концерт дастурини тақдим этади. 

— Концертга тайёргарлик жараёнлари қандай кетяпти? Бу галги концерт дастурингизнинг ўзига хослиги нимада?

— Катта саройда концерт дастурини намойиш этиш, ёши ва дунёқараши турлича бўлган мухлисларга бирдек манзур келадиган дастурни тузиш осон эмас. Бунга ойлаб, баъзида йиллаб тайёргарлик кўришга тўғри келади. Мухлисларнинг талаби ва ташкилотчиларнинг таклифи билан шу йил концерт беришга аҳд қилдим. Лекин тайёргарликни ўтган йилиёқ бошлагандим. Бу йилги концертда йигирмага яқин янги қўшиқлар ижро этаман, деб режа қилганман. Лекин концерт пайтида мухлислар истагини ҳам назардан четда қолдирмайман. Саҳна безаклари, рақслар, театрлаштирилган томошалар… Қисқаси, навбатдаги дастур аввалгиларидан тубдан фарқ қилади. Ҳар ҳолда бунинг учун жиддий тайёргарлик кўраяпмиз.

— Янги қўшиқлари билан мухлислар эътиборини торта олмаётган айрим санъаткорлар эски қўшиқлари билан  жалб этишга уринади...

—  Юқорида айтиб ўтганимдек, барча ёшдаги ва дунёқарашдаги мухлисларнинг кўнглини топиш бироз мушкул. Чунки уларнинг қўшиқларга бўлган талаби ҳам турлича. Баъзи мухлислар кўнглидан жой олган қўшиқни тинглаш учун концертга тушади. Уларни ранжитмаслик учун албатта, ҳар бир дастурда “хит” қўшиқлар ҳам ўрин эгаллаши керак. Лекин барибир концертнинг асосини янги қўшиқлар ташкил этиши тарафдориман.

— “Чин ошиқлар” қўшиғи клипидаги чиқишингиз ўзига хос. Концертни ҳам “Чин ошиқлар” деб номлабсиз. Адашмасак, бу қўшиқни аввалги концерт дастурингизда ижро этгандингиз.

— Одатда барча клипларимнинг ғояси ва сюжетини ўзим ёзиб, сўнг режиссёр билан  маслаҳатлашаман. Қўшиқ мазмуни ва оҳангидан келиб чиққан ҳолда, клип суратга олинади. “Чин ошиқлар” қўшиғига икки инсон ҳаётидаги воқеалар худди кинотасмадек  акс этадиган  клип суратга олдиришни истадим. У қўшиқ мазмунини бойитиши ва томошабин қалбини янада таъсирлантириши керак эди. Концерт номига келсак, “Чин ошиқлар” умумий ном. Барча концерт дастуримда бир нечта севги ва муҳаббатни тараннум этадиган қўшиқлар ўрин олади.

— “Оҳ дедим” клипингиз ҳақида кўпчилик танқидий фикр билдирди. Уларнинг  фикрлари асослидек... 

— Ҳар кимнинг диди ҳар хил. Сиз танқидий фикр эшитдингиз, мен эса фақат “Яхши, рақсбоп қўшиқ бўлибди”, деган эътирофлар эшитаяпман. Лекин танқидлар ноўрин дейишдан ҳам йироқман. Беш бармоқ баробар бўлмаганидек, барчага манзур келадиган қўшиқ яратиш ҳам мушкул. Мухлисларимга иккита лирик қўшиқни тақдим этгач, бита шўх, кайфиятни кўтарадиган қўшиқ ижро этишни ният қилгандим. Қўшиқ тайёр бўлгач, унга режиссёр билан маслаҳатлашиб, бироз ноодатий клип суратга олдиришни лозим кўрдим. Ишонасизми, клипда юзга яқин актёр, актриса ва раққосалар суратга тушди. Улар учун алоҳида кийим ва тақинчоқлар ҳам тайёрланди. Энди клип бюжетини тасаввур этаверинг (кулиб).

— Фарзандларингиз орасида санъатга қизиқиш билдираётганлар бор-йўқлиги ҳақида матбуотда кейинроқ хабар беришни ваъда бергандингиз?

—  Қачон ваъда бергандим? Негадир эслолмаяпман (кулиб). Ўғлим Содиқжон санъатга қизиқади, келажакда шу соҳа эгаси бўлишни ният қилган. Қизим Асал эса актриса бўлишни орзу қилади. Унинг қизиқишларини инобатга олиб, барча шароитларни яратиб бердим. Ҳатто, бир неча марта “Оталар сўзи-ақлнинг кўзи” кўрсатувида роль ҳам ижро этди. Лекин фарзандларнинг қизиқишлари ҳам ўзгарар экан. Қизим энди актрисаликка эмас, дизайнерликка қизиқаяпти. Ҳозир шу соҳа бўйича сабоқ олаяпти. Иккинчи ўғлим Муҳаммаджон эса теннисга қатнашади. Республикамиз бўйича ўтказилган теннис мусобақаларида етакчи ўринларни эгаллаяпти. Фарзандим муваффақиятидан албатта, хурсандман.

— Оилангизга кўп вақт ажрата олмаслигингиздан нолисангиз керак?

— Ҳақиқатан ҳам санъаткорнинг кўп вақти гастрол сафарлари ва халқ хизматларида ўтади. Гоҳида овоз ёзиш студияларидан ярим тунда қайтишимизга ҳам тўғри келади. Лекин ижод деб оилам ва фарзандларим тарбиясига беэътибор бўлмайман. Уларнинг ҳар бир қадами назоратим остида.

Шаҳзода, Лола, Райҳон, Амира, Тамила, Муниса... Қай бири билан дуэт куйлаган бўлардингиз? Улардан қай бирини кўпроқ тинглайсиз?

— Ҳар гулнинг ўз ифори бўлганидек, сиз тилга олган хонандаларнинг ижоди ҳам ўзига хос. Масалан, Шаҳзода, Райҳон ва Мунисанинг қўшиқларига бефарқ эмасман. Дуэт масаласида эса аниқ жавоб айтолмайман. Менимча, дуэт айтиш истаги туғилса, юқоридаги учаласидан бирини танласам керак.

— Мағрурдексиз... Илгари ҳам шундаймидингиз?

— Кўринишдан мағрурман, лекин ҳаётда ҳокисор бўлишга ҳаракат қиламан. Мен билан илк марта суҳбатлашган одамларнинг деярли барчаси “Телевизорда жуда мағрур кўринасиз, ҳаётда эса оддий инсон экансиз-ку”, дейишади. Инсоннинг суратига эмас, сийратига қараб баҳо бериш лозим.

— Кўпчилик таниқли санъаткорларнинг шогирдлари устозидан ўзиб кетяпти. Аммо сизнинг шогирдларингиз кўп бўлишига қарамай, мухлисларингиз бирорта шогирдингизни танимайди ёки бирортаси мен Анвар Саневнинг шогирдиман деб портлаб чиқмайди?

— Биласизми, ҳар йили санъат олийгоҳларини юзга яқин ижодкорлар тамомлашади. Афсуски, уларнинг бармоқ билан санарлиси халқ назарига тушиб, машҳурлик чўққисига чиқади. Ҳақиқатан ҳам шогирдларим кўп, улар аста-секин мустақил ижодини бошлаяпти. “Фалон мавзуда қўшиқ ёздим, баҳо беринг ёки бирорта қўшиқ яратишимга кўмаклашинг”, деб ёрдам сўраса, кўмагимни аямайман. Уларнинг баъзилари эл назарига тушишга ҳам улгурди. Лекин уларни номма-ном айтиш, менга ноқулай. Сабаби мен эмас, улар мени устоз деб эътироф этишса мақсадга муваффиқ бўларди.

— Машҳурликдан безган пайтларингиз бўлганми?

— Нега ҳамма журналистлар шу саволни яхши кўришади-я (кулиб)?! Машҳур бўлишни, эл ардоғида юришни қанчалар орзу қилганимни биласизми? Машҳурлик бу бахт! Айримлар ундан бездим, оддий одамлардек кўчада юролмайман, деб оғиз кўпиртиришади-ю, аслида... Менимча, бундан нолимай, қадрига етиш керак.

- Пойтахтга қараганда вилоятларда мавқеингиз баландроқ...

— Шахсан мен ҳеч қандай тафовутни сезмайман. Пойтахтдаги ва вилоятдаги мухлисларимга бирдек эътибор бераман. Лекин вилоятлар бўйлаб гастроль сафарларида кўп бўламан. Сабаби вилоятлик мухлис икки соатлик концерт дастурини кўриш учун анча масофа йўл босишига тўғри келади. Мухлисларга қулайлик яратиб бериш лозимлигини кейинги пайтларда барча хонандалар англаб етишаяпти. 

— Нега бирорта клипингизда ўзингиз суратга тушмайсиз?

— Жуда яхши савол бердингиз. Доим журналистлар билан суҳбат чоғида нега шу ҳақида сўрашмайди, дердим ўз-ўзимга. Ростини айтсам, актёрлик ҳам бир санъат, кичик ролни ижро этиш учун ҳам маҳорат талаб этилади. Ўзимни актёрлик борасида истеъдодли деб билмайман, шунинг учун қўшиқнинг дарду қувончисини кўрсатишни профессионал актёрларга топшираман.

- Ҳанузгача шахсий продюсерингиз йўқ. Бу борада панд еганмисиз?

— Йўқ, панд емаганман-у, лекин ижодни ўз кучим билан бошлаганим учун бунга зарурат сезмайман. Эркинликда, ҳеч бир инсоннинг таъсирисиз ижод қилишни ёқтираман. Бир иккита ёрдамчилар ва шогирдларим бор. “Югур-югур”ларида уларнинг ёрдами кўп асқотади.

— Сизни таъқиб этаётган бир мухлисангизни судга бергандингиз. Бугун унинг таъқибидан қутулдингизми?  Бундай пайтларда турмуш ўртоғингиз рашк қилиши табиий...

— Оҳ, жуда нозик мавзуда сўз очдингиз-ку (кулиб). Рашк ҳар бир инсонга хос, унинг бўлгани ҳам яхши. Лекин омма эътиборидаги инсонман. Ҳар тоифадаги мухлислар бор, одатда, уларга қўпол гапириб, кўнглига озор етказишни истамайман. Аёлим эса бундай вазиятларни тўғри қабул қилади.  Мен устидан судга арз қилган  мухлис менимча ўзига тегишли хулоса чиқариб олди.

— Anvarsanayev.com расмий сайти бугун фаолият юритмаяпти. Ундаги мухлислар қолдирган саволларнинг барига ўзингиз жавоб ёзармидингиз? 

— Сайт админстраторидан сайт фаолияти тўхтатилишини ўзим сўрадим. Чунки сайт почтасига ҳар куни юзга яқин саволлар келиб тушарди. Мухлисларга беэътиборлик бўлмасин деб барча саволларга ўзим жавоб берардим. Бунинг учун ҳар куни камида 2-3 соат вақт сарфлашимга тўғри келарди. Шунинг учун сайт фаолиятини тўхташишга қарор қилдим.

— Пойтахт тўйларида кўпроқ айтиладиган Европа қўшиқларини бемалол куйлай оласизми?

- Ҳақиқатан ҳам кейинги пайтларда тўйларда Европа қўшиқларини куйлаш анча урф бўлди. Бунга муносабатим ижобий ва репертуаримизда бундай қўшиқлар бор. Ижодий жамоамизда европа қўшиқларини маромига етказиб куйлайдиган шогирдларим бор, агар тўйда шундай қўшиқларни сўрашса, уларга навбатни бераман.

— Сира таваккал қилганмисиз?

— Яқинларим менинг таваккалчи эканлигинимни яхши билашиди. Ҳар ишда таваккал қиламан, шукрки, уларнинг кўпчилиги омадли якунланган.

Муҳриддин Ҳолиқовдек устоз санъаткорнинг шогирдисиз. Унинг ижодидан бирорта қўшиқни куйлаш ниятингиз борми? 

— Ҳар бир концерт дастуримда албатта, устознинг қўшиқларидан ижро этаман. Аввалги концертимда “Кечагина”, бу йилги дастуримда эса “Гулчеҳра қиз” қўшиқларини ижро этишни ният қилганман. Насиб этса телевидение орқали ҳам куйлаб чиқарман. Раҳматли устозимнинг барча қўшиқларини халқ севиб тинглайди.

— Сизнингча телеэкранда фаолият юритаётган бадиий кенгаш қўшиқларни адолатли тарзда мухлисларга узата оляптими?

— Ижодий сафарларга борганимда, хориж телеканалларини ҳам кузатаман. Уларда нафақат одоб-аҳлоқ жиҳатидан, балки сифат даражасида ҳам мақташга арзимайдиганларини кўрганман. Бизнинг телевиденияда фаолият юритаётган бадиий кенгаш эса ҳар бир қўшиқни элакдан ўтказиб, сарагини саракка, пучагини пучакка ажратади. Клипларим бадиий кенгашдан ўтмаганида, улардан ранжигандим. Кейин англадимки, уларнинг эътирози ўринли экан. Клипдаги камчиликларни тузатганимиздан кейин клип мухлислар томонидан энг мазмунли ва сифатли деб топилган эди.

— Айрим санъаткорлар “Истиқлол” санъат саройининг эскирган ва бугунги кун талабига жавоб бера олмаётган сифатсиз техникасидан шикоят қилишади. Сиз бу борадаги ноқулайликларга тайёрмисиз?

— Айбни ҳамма нарсадан ахтариш мумкин. Лекин қўшни республикаларда концерт дастурларини тақдим этган ҳамкасбларим жуда яхши билишадики, уларда “Истиқлол” санъат саройидек муҳташам ва улуғ даргоҳнинг ўзи йўқ. Бу ерда қанчадан-қанча устоз санъаткорлар куйлаган, биз ҳам болалигимизда томошабинлар қаторида туриб уларга ҳавас қилганмиз. Саройнинг техник хизмати эса доим маъмурият назоратида бўлади.  Бундай муҳташам саройнинг қадрига етишимиз керак.

                                                                                       Моҳичеҳра ЭШМИРЗАЕВА суҳбатлашди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1