АсосийJamiyat

Ўзбекистонда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташкил этилади

'Ўзбекистонда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташкил этилади'ning rasmi

Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент Фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" каналида хабар қилинди.

Фармон билан:

Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги;

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти негизида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ташкил этилди.

Жисмоний тарбия ва спорт соҳаси ходимлари ҳамда бошқа шахсларни тақдирлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган жисмоний тарбия ва спорт ходими” фахрий унвони таъсис этилмоқда.

Фармон билан оммавий спортни ривожлантириш ва истеъдодли ёшларни саралаш (селекция) соҳасида таълим муассасаларининг устувор йўналишлари этиб белгилаб берилди.

Фармонда Вазирликнинг олимпия спорт турларини ривожлантиришга масъул бўлинмалари раҳбарлигига номзодлар Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси билан мажбурий равишда келишилиши қайд этилмоқда.

Эндиликда жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари, шунингдек, таълим муассасалари ва спорт ташкилотларида меҳнат қилаётган спорт фахрийларига фаолиятнинг бошқа хақ тўланадиган турлари билан шуғулланмаслик шарти билан пенсия тўлиқ миқдорда тўланади.

Давлат таълим муассасалари жисмоний тарбия ўқитувчиси (инструктори) лавозимига тайинлаш ва лавозимидан озод этиш Вазирлик билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиқлари томонидан амалга оширилиши белгилаб берилди.

    Бошқа янгиликлар