1

Ўзбекистон терма жамоаси ўз майдонида Уммонга имкониятни бой берди

СПОРТ 28.05.2014, 09:30
Ўзбекистон терма жамоаси ўз майдонида Уммонга имкониятни бой берди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 27 май, сешанба куни Олмалиқ шаҳридаги ОКМК спорт мажмуаси стадионида Уммон миллий терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушди.

Терма жамоа бош мураббийи Олмалиқда бўлиб ўтган Уммонга қарши дастлабки ўйинда ёшларни синаб кўришга қарор қилди.

Эътиборли томони, Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида Уммонга қарши илк дақиқалардан майдонга тушган футболчиларнинг беш нафари дебютантлар эди. Хусусан «Навбаҳор» вакили Азим Аҳмедов ўз акаси – Россиянинг «Анжи» клуби ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедов билан бир чизиқда илк бор ҳаракат қилган бўлса, «Локомотив» ҳимоячиси Бобурбек Йўлдошев, «Олмалиқ» ярим ҳимоячиси Санжар Шоаҳмедов, «Насаф» ярим ҳимоячиси Шуҳрат Муҳаммадиев, шунингдек, Сербиянинг «Явор» клуби ҳужумчиси Ҳусниддин Ғофуров илк бор терма либосида майдонга тушишди. Учрашув иккинчи бўлимида эса «Бунёдкор» ярим ҳимоячиси Сардор Собирхўжаев ва «Қизилқум» ҳужумчиси Наврўзбек Олимов ҳам миллий термада дебют қилди.

Учрашув тақдирини ҳал қилган ягона гол ўйиннинг 20-дақиқасида киритилди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси дарвозаси томон белгиланган жарима зарбаси амалга оширилганидан сўнг, бу тўп йўлига дарвозабон Элдорбек Суюнов ҳам, терма жамоа ҳимоячилари ҳам ғов бўла олмади – дарвоза тўсинига тегиб қайтган тўпга ҳаммадан биринчи бўлиб етиб келган уммонлик Аҳмад ал-Муҳайжрий ҳисобни очди. Биринчи бўлимда ҳам, иккинчи бўлимда ҳам Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари кўплаб имкониятларга эга бўлганликларига қарамай, шу куни Файз ал-Рашидий қўриқлаган дарвозага йўл топиш имкони бўлмади ва 1:0 ҳисоби ўйин охиригача сақланиб қолди.

Ҳар иккала терма жамоа ўртасидаги иккинчи ўртоқлик учрашуви икки кундан сўнг – 29 май, пайшанба куни Тошкентдаги «Жар» стадионида бўлиб ўтади. Ўйин 19:00да бошланади. Учрашувга кириш ҳуқуқини берувчи чипталар савдоси 26 майдан эътиборан «Жар» ва «Пахтакор» марказий стадионлари кассаларида бошланган.

Халқаро ўртоқлик учрашуви
27 май, сешанба
ЎЗБЕКИСТОН – УММОН 0:1 (0:1)
Гол: 
Аҳмад ал-Муҳайжрий (20).

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1