Наманган вилояти Мингбулоқ тумани Жомашуй шаҳарчасидаги ғишт заводининг солиқдан бўлган қарзи 302 миллион сўмни ташкил этган.
Бу тўғрида мулк эгалари тегишли тартибда расман огоҳлантирилишига қарамай, қарздорлик бартараф этилмагани учун амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ мажбурий ижро бюроси томонидан ғишт заводи хатловга олинди.
ЎзА хабарига кўра, эндиликда мазкур заводга қарашли бино-иншоотлар сотувга қўйилиб, ундан тушган маблағ солиқ тўловига йўналтирилади.
– Вилоят давлат солиқ бошқармаси ҳамда Мажбурий ижро бюроси ҳамкорлигида солиқлардан мавжуд қарздорликларни ундириш бўйича ўтказилаётган назорат тадбирлари ўз самарасини бермоқда, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи А.Аъзамхонов. –Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 51-моддасида “Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар” деб белгилаб қўйилган. Бу борадаги бурчини унутганларнинг қарздорлиги мажбурий тартибда ундирилади.
14.03.2018 21:52
Наманганда ғишт заводи хатловга олинди






