Якшанба куни Кемерово шаҳридаги 4 қаватли "Зимняя вишня" савдо марказида ёнғин содир бўлди. Ёнғин оқибатида 48 киши ҳаётдан кўз юмди.
16 киши бедарак йўқотган, улардан 9 нафари болалардир. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.
Мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар беришича, олов бир нечта кинозал ва аттракционли ўйин майдонлари жойлашган энг юқори қаватда келиб чиққан. Дастлабки маълумотларга кўра, бинода аттракционлардан бири ёниб кетиши туфайли фожиа рўй берган.
Натижада “тилсиз ёв” 1600 квадрат метр майдонни эгаллаб олган, учинчи ҳамда тўртинчи қават ўртасидаги том ва шифт қулаб тушган.
Ушбу ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, Россия Тергов қўмитасининг марказий аппаратига юборилди. Воқеа жойига Москвадан тергов гуруҳи юборилди.
Кемеровода фавқулодда вазият эълон қилинган. Қидирув-қутқарув ва ёнғинни ўчириш ишларига 660дан ортиқ киши ва 124 та техника воситаси жалб этилди. Вилоятга Москва ва бошқа ҳудудлардан ҳам қутқарувчилар етиб келган.






