АсосийDunyo

Мегаполислар бир соатлик зулмат оғушида

'Мегаполислар бир соатлик зулмат оғушида'ning rasmi

Ҳар йили март ойининг сўнгги якшанбасига ўтар кечаси сайёрамизда “Ер соати” (Earth Hour) деб номланган тадбир ўтказилади. Бир қатор йирик шаҳарларда 60 дақиқа мобайнида чироқлар ўчирилади. Одамлар ҳам уйларидаги электр асбобларидан фойдаланишмайди. Шу тариқа Жаҳон Ёввойи табиат жамғармаси (WWF) сайёрамиз аҳолиси эътиборини глобал иқлим ўзгаришлари муаммосига қаратади.

Бу тадбир илк бор 2007 йилда Австралияда The Sydney Morning Herald нашри билан хамкорликда ўтказилган эди. Орадан бир йил ўтиб ташаббусни бошқа мамлакатлар ҳам қўллаб-қувватлади. Ўша йили 35 мамлакатдаги 400дан ортиқ шаҳарда “Ер соати” ўтказилди. Жумладан, жаҳонга машҳур, Нью-Йоркдаги Эмпайр-стейт-билдинг, Чикагодаги Уиллис-тауэр, Сан-Францискодаги “Олтин дарвоза” кўприги, Атлантадаги Банк Американ-Плаза, Австралиядаги Сидней опера театри, Римдаги Колизей, Стокгольм Қироллик саройи (Швеция), Лондондаги Сити-Холли, Сиэтлдаги Спейс Нидл, Торонтодаги CN Tower (Канада)да чироқлар ўчирилган эди. 2009 йилда эса инсоният тарихидаги энг оламшумул экологик тадбирга айланди. Шу йили тадбирда 74 мамлакат ва 377 қатнашди. 2010 йилда Ер соати 27 мартда бўлиб ўтди. 107та мамлакат ва 1600 шаҳарда ўтказилган тадбир иштиррк этувчилар бўйича рекорд ўрнатди. Мақсад барча-барчани — хусусий шахслар, ташкилотлар, мактаблар, тижорат муассасараларини электр манбаидан тежамли фойдаланишга чақиришдан иборатдир.

Бугунги кунда “Ер соати” энг оммавий экологик тадбир бўлиб, ҳар йили 2 миллиарддан ортиқ киши иштирок этади. Тадбир 170 дан ортиқ мамлакат ва 7 мингдан ортиқ шаҳарни қамраб олади.

WWF одамларга “Сайёрамизда сиз кимсиз?” деган саволни бериб, ердаги ўз қадамимизни билиш имконини яратиб берди. Тахлилчиларнинг фикрича, сайёрамизга бир йилда бир марта эмас, балки ҳар куни ёрдам бериш керак.

Сир эмаски, электр энергиясини ишлаб чиқаришда қайта тикланмайдиган ресурслар — кўмир, газ ва нефтдан фойдаланилади. Бу ўз навбатида атмосферага заҳарли газларнинг чиқишига сабаб бўлади. Заҳарли газлар эса атмосферанинг қуйи қатламида ҳарорат кўтарилишига олиб келади. Йил сайин инсоният кўпдан кўп энергия истеъмол қилмоқда. Бу ўз навбатида табиатнинг ифлосланишга сабаб бўлмоқда. Атроф-мухитни ифлосланишдан асрашнинг энг оддий усули электр энергиясидан самарали фойдаланишдир. Шу сабаб йирик шаҳарлар аҳолисига бир қатор тавсиялар берилади. Жумладан, энергия тежовчи камида 20 йил фойдаланиш мумкин бўлган лампалардан фойдаланиш мақсадга мувоффиқ экани айтилади. LED (светодиод, ингизча light-emitting diode) лампочкаларига ҳозирги лампаларга қараганда 85% кам энергия сарфланади.

Шаҳарда сайр қилувчиларнинг кўпроқ жамоат транспортидан фойдаланишлари ёки пиёда юришлари борасида маслаҳат берилади. Бугунги кунда йирик мегаполисларда заҳарли газларнинг ҳавога чиқишини камайтириш мақсадида электромобиллардан фойдаланиш йўлга қўйилмоқда.

Инсоният нефт ва газ захиралари мангу эмаслигини англаб етди. Шу сабабли бир қатор мамлакатларда самарали бўлиш билан бирга экологик тоза бўлган муқобил энергияга мурожаат қилинмоқда. Таҳлилчилар яқин 30-50 йил мабойнида шаҳар транспорти тўлалигича муқобил энергияга ўтишини таъкидлашмоқда. Биз атом энергиясидан қанчалик хавотир олмайлик, қачонлардир термоядро синтезли двигателлар пайдо бўлиши аниқ. Бундан ташқари водород ёқилғисида ишловчи автомобиль яратиш устида иш олиб борилмоқда. Шу ўринда сувни тежаш ҳам долзарб масалалардан биридир. Биз ҳар куни сувдан фойдаланар, истеъмол қилар эканмиз, об-ҳаётнинг кун сайин камайиб бораётганини хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Бугунги кунда ер юзида бир миллиарддан ортиқ киши ичимлик сувига эҳтиёжд сезмоқда.

Бироқ айрим таҳлилчилар, “Ер соати” самарасиз эканини айтишади. Масалан, ташкилотчилар физика қонунларини билмасликлари айтилади. Чунки, чироқлар ўчирилгани билан электроэнергиясини ишлаб чиқариш давом этаверишини унутиш керак эмас. Электр станцияларидаги турбиналар бир соат ҳам тўхтамаслиги аниқ. Электр энергияни захирада ушлаб туришнинг ҳам имкони йўқ. Шундай экан атмосферага заҳарли газ чиқиши давом этаверади, дегувчилар ҳам бор.

Шарофиддин Тўлаганов,

ЎзА

    Бошқа янгиликлар