1

130 нафар меҳмон иштирок этган тўй “дув-дув” гап бўлди

ЖАМИЯТ 27.03.2018, 21:09
130 нафар меҳмон иштирок этган тўй “дув-дув” гап бўлди

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Мирзачўл тумани бўлими раиси Қувондиқ Абдуқодиров тўйларни ихчам ва камчиқим қилиб ўтказишни ўз оиласидан бошлаб берди.

Туман марказидаги Мустақиллик маҳалласида 130 нафар меҳмон иштирокида ўтган тўй минг кишилик тўйларга қараганда кўпроқ “дув-дув” гап бўлди:

“Жуда яхши иш қилди. Асл тўй шундай бўлади”. “Ўзи бу ишда ҳам раҳбарлар, масъул ходимлар шахсий ибрат кўрсатиши керак. Ана энди Қувондиқ аканинг тўйни ихчам, камчиқим ўтказиш ҳақидаги талабига ҳеч ким эътироз билдиролмайди”. “Ота-онасининг гапини икки қилмаган фарзандларга ҳам раҳмат. Келин-куёвнинг дўстлари ҳам тўйни дискотекага айлантириб юбормади. Бинойидай тартибли ўтди.”

Кўпчилик шундай фикр билдирди. Аммо “дув-дув” гаплар орасида “Биринчи келини экан, каттароқ қилса ҳам бўларди. Амалдорлиги учун қўрққан бўлса керак-да” дегувчилар ҳам топилди, албатта.

Бу гаплардан қатъий назар, Қувондиқ ака ва у кишининг турмуш ўртоғи, туман поликлиникаси ҳамшираси Раънохон опа, қудалар –Сирдарё вилояти Оқолтин туманидан Пардабой ака Тўрабоев тўйнинг чиройли, мазмунли ўтганидан мамнун. Албатта, бу мамнунлик фарзандларининг бахти, келин-куёв – туман давлат санитария-эпидемиология назорати маркази мутахассиси Абдимурод, Халқ банкининг Оқолтин тумани филиали ходими Дилдора ота-оталарининг фикрига қўшилиб, тўйни ихчам ўтказишни маъқуллагани туфайлидир.

– Дабдабали тўйлар ёшларнинг бахтли ҳаётини кафолатламайди, – дейди Раънохон Абдуқодирова. – Тўйдан сўнг ёшларга уй-жой зарур. Шунинг учун фарзандларимизга намунали уйлардан алоҳида турар жой олишида кўмаклашишни ният қилганмиз.

Тўйларни ихчамлаштиришни аҳоли ўртасида тарғиб қилишга, аввало, маҳалла масъул. Бу тарғиботни самарали йўлга қўйишда фуқаролар йиғинларига амалий ёрдам кўрсатиш эса “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлимининг асосий вазифаси. Кўп йиллардан буён ушбу бўлимни бошқариб келаётган Қувондиқ Абдуқодиров вазифасига қанчалик масъулият билан қарашини ўз оиласи мисолида кўрсатди.

Қизилқумни ўзлаштиришнинг дастлабки йилларида пайдо бўлган Мирзачўл туманидаги қишлоқ ва маҳаллаларнинг ўзига хос хусусиятларидан бири уларнинг байналмилаллигидир. Азалдан ўзбек ва қозоқ туғишган ака-укадек ёнма-ён яшаб келган бу ҳудудни ўзлаштириш даврида собиқ иттифоқда яшайдиган турли миллат ва элатлар вакиллари кўчиб келган.

Асрлар давомида маҳаллада шаклланган қўни-қўшниларнинг яхши-ёмон кунларда бирга бўлиш, барча ишларни бамаслаҳат ҳал қилиш каби ўлмас қадрият ва одатлар бугун ҳам инсонларни эзгу мақсадлар йўлида бирлаштираётир. Тўй-маъракаларни биргаликда ўтказиш ҳам ана шу умрбоқий анъаналардан биридир.

Бироқ тўйларнинг йилдан-йилга катталашиб, ортиқча дабдабабозликлар кўпайиб бораётгани азалий қадриятларга путур етказиб, одамлар ўртасида тафовут юзага келтираётгани ҳам кўпчиликни ташвишга солаётган эди. Шунинг учун тўй-маъракаларни ихчамлаштириш тўғрисидаги ташаббусни мирзачўлликлар астойдил қўллаб-қувватлади.

– Тўйларни ихчамлаштириш бўйича кўп йиллардан буён давом этиб келаётган тарғибот кутилган самара бермагани барчага маълум, – дейди Қ.Абдуқодиров. – Тўй-маросимларнинг тобора миллийлик, одоб-ахлоқ чегарасидан чиқиб бораётгани уларни тартибга солиш учун ҳуқуқий-меъёрий ҳужжат зарурлигини кўрсатди. Бу масалага Президентимиз алоҳида эътибор қаратаётганининг сабаби ҳам шу. Энди бу иш амалга ошади, шундай давом этишига йўл қўйиш асло мумкин эмас. Маҳаллаларда тарғибот ишларини кучайтириш билан бирга, аниқ амалий ишларга эътибор қаратамиз.

Байрам ва тўйлар юрт тинчлиги ва фаровонлиги белгисидир. Бундай улуғ кунларни ихчам, камчиқим, ҳаммабоп, мазмунли ўтказиш учун тумандаги қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари тарғибот ишларини олиб бормоқда. Бу ишда, биринчи навбатда, Қувондиқ акага ўхшаган, эл орасида ҳурмат-эътибор қозонган фаоллар, фахрийларнинг шахсий ибрат кўрсатиши тарғибот самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Тошқул Бекназаров, ЎзА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1