EasyJet авиакомпанияси ходимлари британиялик, оёғи фалажланган телебошловчи Софи Морганни бўм-бўш самолёт бортида унутиб қолдиришди, деб хабар берди lenta.ru нашри.
33 ёшли телебошловчи самолёт Лондоннинг Гатвик аэропортига қўнгандан кейин авиакомпания ходимларини 40 дақиқа кутишга мажбур бўлди. Стюардессанинг айтишича, аэропорт ходимларидан бири телебошловчининг ногиронлик аравачасини олиб тушиб кетганлиги боис кутишига тўғри келган.
Морган кутиш давомида бекор ўтирмай, самолётнинг бўм-бўш салонида тушган суратларини Twitter саҳифасига жойлаштирган.
“EasyJet бортида 40 дақиқа давомида ёлғиз қолдим... ҳатто узр ҳам сўрашмади. Ходимлар жуда қўпол экан”, деб сурат тагига изоҳ қолдирди Морган. Аэропорт ва авиакомпания ходимлари шундан кейин аёлдан кечирим сўрашди. Морган уларга жавобан бундай кўнгилсиз ҳодисалар авиакомпания учун одатий ҳол эканлигини билдирди.






