АсосийSport

Осиё чемпионатининг ғолиб ва совриндорлари Миллий олимпия қўмитаси томонидан тақдирланди

'Осиё чемпионатининг ғолиб ва совриндорлари Миллий олимпия қўмитаси томонидан тақдирланди'ning rasmi

Енгил атлетика, спорт курашлари ва велоспорт бўйича Осиё чемпионатида совриндор бўлган ўзбекистонлик спортчилар бугун Миллий олимпия қўмитаси томонидан мукофотланди.

Хабарингиз бор, февраль ойида енгил атлетикачиларимиз Эронда, велоспорт терма жамоамиз аъзолари Малайзияда, курашчиларимиз эса Қирғизистондаги Осиё чемпионатида иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритгандилар. Шу муносабат билан мазкур нуфузли мусобақалард олтин медални қўлга киритган спортчилар Миллий олимпия қўмитаси томонидан 15 миллион, кумуш медаль соҳиблари 10 миллион, бронза медалларига сазовор бўлган вакилларимиз эса 5 миллион сўмдан пул мукофоти билан тақдирланишди.

Миллий олимпия қўмитаси шунингдек, ушбу спортчиларни тарбиялаган мураббийларни ҳам эътибордан четда қолдирмади ва ўз навбатида уларга ҳам пул мукофотлари тақдим этилди. Мукофтларни ўз эгаларига МОҚ Президенти Умид Аҳмаджонов ва Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакром Исроиловлар топширишди. Тадбирдан сўнг Бишкекдаги Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритган эркин курашчимиз Ихтиёр Наврўзов ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.


Тадбир якунида МОҚ Президенти Умид Аҳмаджонов сўз олиб, Миллий олимпия қўмитаси бундан кейин ҳам халқаро майдонда, нуфузли мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган спортчилар ва уларнинг устозларини ҳар томонлама қўллаб қувватлаб, рағбатлантириб боришга тайёр эканлигини маълум қилди.

Бугунги тантанали маросимида жами 20 нафар спортчи ва худди шунча мураббий бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланишди.

    Бошқа янгиликлар