АсосийJamiyat

Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги "Ғишткўприк" комплексида суткасига 30 минг нафар фуқаролар ҳаракатланмоқда

'Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги "Ғишткўприк" комплексида суткасига 30 минг нафар фуқаролар ҳаракатланмоқда'ning rasmi

Давлат хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмита томонидан журналистлар учун медиа-тур ташкил этилгани ҳақида аввал хабар қилгандик.

Медиа-турнинг иккинчи кунида дастлаб ДБҚнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармасига тегишли “Ғишткўприк” чегара божхона комплекси фаолияти билан таништирилди. Маълумотларга кўра, Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегарасида жойлашган мазкур комплексдан ҳозирда кунига 30 мингача йўловчилар ўтказилмоқда. Дам олиш кунлари уларнинг сони 35-40 мингача бўляпти. Сабаби Қозоғистон фуқаролари ҳордиқ чиқариш, даволаниш мақсадида Ўзбекистонга келишмоқда.

Маълумот учун: Республикада 69 та чегара ўтказиш пунктлари фаолият юритмоқда. Улардан 49 таси халқаро, 14 таси икки томонлама, 6 та соддалаштирилган (38 та автойўл, 18 та темир йўл, 12 та авиацион, 1 та дарё порти).

2017 йил мобайнида ўтказиш пунктларидан жами 22 млн.дан ортиқ фуқаролар ўтказилган бўлиб, шулардан 7 млн.га яқин чет эл фуқаролари.

920 мингдан ортиқ транспорт воситаси кўрикдан ўтказилган, шулардан 400 мингдан зиёд чет эл транспорт воситалари.

2018 йилнинг биринчи чорагида назорат ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистон фуқаролари ҳамда чет эли фуқароларининг кириб чиқиши 2017 йилнинг биринчи чораги билан таққослаганда кўпайган.

Республикадаги жами чегара ўтказиш пунктларида суткасига 120 мингдан ортиқ фуқаролар ҳаракатланади. Шундан 30 мингги “Ғишткўприк” комплексига тўғри келади.

Мазкур комплексда фуқаролар учун барча қулай шароитлар яратилган: она ва болалар хонаси, пайнет, интернет хизматлари ва ҳакозо. Келгусида сайёҳлик фирмалари учун ўз хизматларини йўлга қўйишларига имконият яратиш кўзланган.

— Жорий йилдан бошлаб фуқароларга енгиллик яратиш мақсадида янги қарорлар қабул қилинди. Унга кўра, давлат чегарасидан ўтаётган фуқаролар 5 минг АҚШ долларигача валюта олиб чиқиши мумкин. Йўловчи божхона декларацияларини тўлдириш ҳам бекор қилинди. Аваллари декларация тўлдиришга 5-6 дақиқа вақт сарфланарди. Чет эл фуқаролари 300 АҚШ долларигача валюта ва товарларни олиб киришлари мумкин. Аввал бу меъёр 10 АҚШ доллари эди, - дейди Божхона хизмати майори Ҳабибулла Расулов.

“Ғишткўприк” мажмуаси яқинда замонавий рентген аппарати билан таъминланди. Лейтенант Жасур Собировнинг сўзларига кўра, у йирик ҳажмдаги юкларни қисқа фурсатда ўлчашга, сканер қилишга мўлжалланган. Бу чегарани кесиб ўтиш жараёнини янада тезлаштиради. Илгари бундай ускуналар кичик ҳажмда бўлиб, катта ҳажмдаги юкларни бирдан текшириш имкони йўқ эди. Унда юкнинг қадоғини очиб, ичини бирма-бир кўздан кечириш керак бўларди. Эндиликда қадоғини бузмасдан ҳам ички ҳолатини бемалол компьютер экранида кўриш мумкин.

Жорий йилнинг 5 январь куни “Тошкент – Чимкент – Тошкент” халқаро йўналишида илк автобус қатнови йўлга қўйилганди. Мазкур автобус “Ғишткўприк” ва Қозоғистоннинг “Ипак йўли” чегара назорати постидан ўтади.

Айни пайтда автобусларнинг сони 10 та бўлиб, 5 таси Ўзбекистон, яна шунчаси Қозоғистон томонидан ажратилган. Кунига 10 рейс қатнов амалга оширилмоқда. Медиа-тур иштирокчилари автобус ва унинг йўловчилари, қўшни мамлакатга чиқиб кетаётган ҳамда Ўзбекистонга кириб келаётган автомобилларни назоратдан ўтказиш жараёни билан яқиндан таништирилди.

Шу куни журналистлар Тошкент-Термиз йўналиши бўйлаб Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасига ҳарбий самолётда учиб кетишди.

    Бошқа янгиликлар