АсосийJamiyat

Ёш олимларимизнинг маърузалари қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди

'Ёш олимларимизнинг маърузалари қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида ёш шарқшуносларнинг академик Убайдулла Каримов номидаги XV илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Мамлакатимизнинг етакчи олий ўқув юртларидан 90 га яқин академик ва профессорлар, ёш олимлар иштирок этган анжуманда буюк алломаларимизнинг илмий мероси ва фалсафий қарашларини ўрганиш, меъморий ёдгорликлар тарихи, шарқ халқлари адабиётининг оммалашуви ва маънавий-бадиий қирралари, ўзбек тилшунослигидаги тадқиқотлар жараёни, шарқшунос олимларининг ҳаёти ва ижоди каби долзарб масалаларда маърузалар тингланди.

– Конференциянинг анъанавий тарзда ўтказилиши ёш олим ва тадқиқотчилар малакасини ошириш, уларни илмий жараёнларда кечаётган ўзгаришлар билан яқиндан таништиришда муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти директори, тарих фанлари доктори Баҳром Абдуҳалимов. – Ёш олимларнинг маърузалари ҳақида устозлар илиқ фикр билдирди ва айримлари қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Бундай илмий машваратлар ёш олимларнинг келгуси илмий фаолиятида муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, фалсафа фанлари доктори А.Эркиновнинг академик Азиз Қаюмов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган маърузаси анжуман иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Табдир якунида энг яхши маъруза муаллифлари рағбатлантирилди.

    Бошқа янгиликлар