АсосийJamiyat

Тошкент шаҳар ҳокимлигида биринчи хорижлик ходим иш бошлади

'Тошкент шаҳар ҳокимлигида биринчи хорижлик ходим иш бошлади'ning rasmi

Тошкент шаҳар ҳокимлигига биринчи хорижлик ходим ишга олинди. Жанубий кореялик мутахассис, Сеул мерияси департаменти вакили Ким Ю Шик шаҳар ҳокимининг пойтахт маъмурияти фаолияти тизимида ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши ишларига масъул маслаҳатчиси этиб тайинланди.

IT соҳасида 20 йиллик иш тажрибасига эга Ким Ю Шик Жанубий Корея пойтахтида IT’ни ривожлантириш билан шуғулланган ва Сеулдаги барча жамоат жойларининг бепул Wi-Fi нуқталари билан таъминланиши бўйича лойиҳада иштирок этган.

Тошкент шаҳар ҳокими учун мутахассис ажратилиши тўғрисидаги келишувга Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига ноябрь ойида қилган давлат ташрифи доирасида эришилган эди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Жанубий кореялик мутахассис билан бир йиллик шартнома тузилган. Ҳоким маслаҳатчисига маошни Сеул мерияси тўлайди, Тошкент ҳокимлиги эса унинг яшаш ва қатновлар учун кетган харажатларини қоплайди.

«Маслаҳатчининг асосий вазифалари — Тошкентда ҳам Сеулдагидек шаҳар бошқаруви бўйича ситуацион марказ яратилишидан иборат. Ягона марказ орқали шаҳарда коммунал соҳа, шаҳарсозлик, ёнғин хавфсизлиги, тезкор чоралар кўриш тизимларидаги барча вазиятларни онлайн режимда кузатиш мумкин. Унга кўчалардаги барча кузатув камералари ҳам уланади. Буни smart city („ақлли шаҳар“ — таҳ.) унсурларидан бири дея ҳисоблаш ҳам мумкин, аммо бу мутлақо алоҳида лойиҳа», — деб қайд этилган хабарда.

    Бошқа янгиликлар