Бугун "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпаниясининг Лондон-Тошкент йўналиши бўйича амалга оширилган HY202 қатновида бир гуруҳ сайёҳлар "зиёрат" туризми дастури бўйича мамлакатимизга ташриф буюрди.
Бангладеш миллатига мансуб Британия фуқароларини Ислом Каримов номидаги "Тошкент" халқаро аэропортида "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси ва республика оммавий ахборот воситалари вакиллари кутиб олдилар.
Қисқа муддатли сафар давомида меҳмонлар Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳарларининг қадимий тарихий обидалари билан яқиндан танишиб, мамлакатимиздаги ислом динининг муқаддас қадамжоларини зиёрат қилишади.
Таъкидлаш жоизки, Давлатимиз раҳбарининг "Ўзбекистон Республикасининг сайёҳлик салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпаниясининг хориждаги ваколатхоналари мамлакатимизга зиёрат туризми дастури бўйича сайёҳлик оқимини ошириш борасида фаол иш олиб бормоқда. Айни вақтда сайёҳлик компаниялари билан биргаликда, "тўғридан-тўғри" ва транзит туристларни жалб қилиш учун Ўзбекистондаги муқаддас жойларга турли хил қисқа муддатли зиёрат сафарлари ва экскурсион турпакетлар ишлаб чиқилмоқда.
— Сизнинг ажойиб мамлакатингиз таърифи, қадимий архитектура ёдгорликлари, бугунги кунгача етиб келган қадимий анъаналарингиз, урф-одатларингиз ва, албатта, ўзбек халқининг ўзгача меҳмондўстлиги ҳақида кўп эшитганмиз, - деди журналистлар билан бўлган суҳбатда саёҳат ташкилотчиси ва гуруҳ раҳбари, Манчестер университети ўқитувчиси Маҳмуд Афзаал. – Юртингиздаги муқаддас жойларни зиёрат қилишни ҳамда Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданияти билан танишишни жуда истардик. Бугун бу имконият бизга насиб этганидан жуда мамнунмиз. Мамлакатингиз бўйлаб етти кунлик сайёҳатимиз давомида Самарқанд ва Бухорода сўфийлик тариқати асосчиларининг мақбараларини зиёрат қилишни режалаштирганмиз. Шуни айтиш жоизки, "Uzbekistan Airways " самолёти саҳниданоқ ўзбек халқининг меҳмондўстлиги ва унутилмас шарқона муҳитни сездик. Имкониятдан фойдаланиб, авиакомпания ходимларига бизга кўрсатган меҳмондўстлиги ва самимий муносабатлари учун алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман.
— Ўзбекистонни ўз кўзим билан кўриш ва сўфийлик тариқатига оид муқаддас жойларни зиёрат қилиш орзуим бугун ушалгандан жуда хурсандман, - дейди бизнес-маслаҳатчи Кетрин Маэве. — Узоқ парвоз давомида биздан эътиборини аямаган "Uzbekistan Airways " жамоасидан жуда миннатдормиз. Мамлакатингиз буюк сайёҳлик салоҳиятига эга, сизнинг серқуёш ўлкангизнинг маданий мероси бутун дунйодаги сайёҳлар орасида жуда машҳурдир. Бу эрга илк келишим ва сабрсизлик билан минг йиллик тарихнинг бир қисми бўлган Буюк Ипак йўлидаги ноёб қадимий ёдгорликлар билан танишишга ошиқиб кетмоқдаман. Ўзбек миллий таомларини ва дунёга машҳур ширинликларни татиб кўришни ҳам жуда хоҳлайман. Ишончим комилки, мен юртингиз ҳақида унутилмас хотиралар билан ватанимга қайтаман ва умид қиламанки, мамлакатингизга яна қайта ташриф буюриш менга насиб этади.






