АсосийJamiyat

39 фуқаро 5 миллион сўмдан ортиқ жаримага тортилди

'39 фуқаро 5 миллион сўмдан ортиқ жаримага тортилди'ning rasmi

Сирдарё вилояти Оқолтин туманида Президентимизнинг 2017 йил 23 майдаги “Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ҳар ҳафта чоршанба кунлари туман ички ишлар бўлими ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси томонидан ҳокимлик, фавқулодда вазиятлар бўлими вакиллари билан ҳамкорликда маҳаллалар, таълим муассасалари, ташкилот ва корхоналарда ўтказилаётган профилактика тадбирларида ёнғин хавфсизлиги бўйича зарур тавсия ва кўрсатмалар берилмоқда, деб ёзади ЎзА.

Жорий йилнинг ўтган 3 ойида соҳа ходимлари томонидан ёнғинлар профилактикаси тадбирларида 77 давлат ташкилоти ва муассаса, 65 тадбиркорлик субъекти, 12 маҳалла фуқаролар йиғини, 3 касб-ҳунар коллежи, 18 умумтаълим мактаби, 7 мактабгача таълим муассасаси ҳамда 1 минг 395 аҳоли хонадони ёнғин-техник ҳолати ўрганилди. Аниқланган камчиликлар бўйича корхона ва ташкилотлар раҳбарларига тақдимнома, ахборотномалар киритилди. Камчилик ва нуқсонларни тезкор бартараф этиш бўйича аниқ муддатлар белгиланди.

– Аҳоли хонадонларининг ёнғин хавфсизлиги ҳолатини текшириш жараёнида 11 мингдан зиёд фуқаро билан ёнғин хавфсизлиги қоида ва талабларига риоя этиш бўйича профилактик суҳбатлар ўтказилиб, йўриқномалар берилди, – дейди Оқолтин тумани ИИБ ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси бошлиғи, капитан Д.Улашов – Бу ишлар ўз самараларини бериб, ёнғинлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан анча камайди. 2017 йилда ходимларимиз томонидан ўтказилган ёнғин профилактикаси тадбирлари натижасида ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган 80 нафар шахсга 4 миллион сўм жарима чоралари қўлланилган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида 39 фуқаро 5 миллион 112 минг 180 сўм миқдорида маъмурий жаримага тортилди. Шунингдек, ёнғин хавфсизлигига риоя қилинмаган 26 бино ва иншоот фаолияти вақтинча тўхтатилди.

Туман ёнғин хавфсизлиги бўлинмасида мавжуд муаммолар тўғрисида мурожаатларни қабул қилиш ва бартараф этиш мақсадида тадбиркорлар учун “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилгани бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этаётир. Профилактика тадбирлари натижасида ҳудуддаги аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа ташкилотларда ёнғин билан боғлиқ нохуш ҳолатлар камайишига эришилмоқда.

    Бошқа янгиликлар