АсосийJamiyat

Ҳарбий хизматни ўтаётган ўғлонлар ғурур са садоқат ила қасамёд қабул қилдилар

'Ҳарбий хизматни ўтаётган ўғлонлар ғурур са садоқат ила қасамёд қабул қилдилар'ning rasmi

Тошкент ҳарбий округига қарашли подполковник Шуҳрат Ашуров хизмат қилаётган ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ўғлонлар кўлда қурол тутиб, юз-кўзларида қатъият, ишонч билан Ҳарбий қасамёд қабул қилдилар, дея хабар қилади мудофаа вазирлигининг матбуот хизмати.

Уларни яқинлари дилда виқор, ғурур ва фахр билан кузатдилар. Бир-бирларига фарзандларини, ўтган вақт давомида улардаги ўзгаришларни гапириб чарчашмасди. Қўлларида гулдасталар тутган ота-оналар ва аскарларнинг яқинларини кўриб, ўзингизни катта сайлга келгандек ҳис қиласиз. Сўзга чиққан Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони генерал-майор Баҳодир Қурбонов ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар Ҳарбий қасамёд қабул қилган ўғлонлар зиммасидаги масъулият нақадар улуғвор ва масъулиятли эканини таъкидлаб, уларга Ватан ҳимоясидек шарафли иш йўлида собитқадамлик тиладилар.

– Ўғлимнинг Ҳарбий қасамёд қабул қилиш тантанасига Андижон вилоятидан келдик. Ана шундай азму шижоатли ёшлар қаторида ўғлим ҳам бўлишини қанча кутгандик. Унинг юзимизни ёруғ қилишига ишонаман. Ҳамиша Ватаннинг, элнинг корига яраб юрсин, – дейди оддий аскар Нурмуҳаммад Муҳаммаджоновнинг онаси Мамлакат Жўраева.

– Ёшлигимдан спорт билан шуғулланаман. Энди бор кучимни, билимимни, интилишимни Ватан ҳимоясига йўналтирмоқчиман. Бунинг учун эса жисмонан чиниққан, маънавий юксаклик, интеллектуал қобилияти юқори бўлиш талаб этилар экан, – дейди муддатли ҳарбий хизматчи, оддий аскар Хасанбой Ғанишеров.

Тадбир давомида ўтказилган ҳарбий техникалар намойиши иштирокчиларнинг жанговар салоҳиятимизга бўлган ишончини янада оширган бўлса, Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли хонандалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар йиғилганларга байрамона кайфият бағишлади.

    Бошқа янгиликлар