АсосийJamiyat

Ҳаётий репортаж: Нархи қанча, меҳрни, айтинг...

'Ҳаётий репортаж: Нархи қанча, меҳрни, айтинг... 'ning rasmi

Одам нимани орзу қилади? Албатта, тўла-тўкис оилани, яхши ишни, порлоқ келажакни... Ҳеч ким етимликни, бола доғида куйишни ё бефарзанд ўтишни хоҳламайди. Ҳатто бу синовлар бошига тушгудек бўлса, қандай яшашини тасаввур ҳам этолмайди. Бироқ тақдир «туҳфа» ларини муносиб қарши олиб, бошқаларга ўрнак бўлгулик ҳаёт кечираётганлар ҳам бор, орамизда.

Шаҳарчанинг суюкли онаси

Андижондаги «Болалар шаҳарчаси»да 10 йилдан буён ўғил-қизларга оналик қилиб келаётган Зулхумор ая ЖЎРАЕВА шундай инсонлардан бири. Ая уларни тарбиялар экан, ўзининг ҳам дардларига малҳам топгандек бўлади. Қаҳрамонимизнинг дил ярасини янгиласак-да, ўзи ва тарбиясидаги фарзандлари ҳақида сўзлаб беришини илтимос қилдик.

«Аввал ўғлим, кейин қизимдан айрилдим»

— Андижонда туғилдим, педагогика коллежини тугатгач, 10 йил болалар боғчасида тарбиячи бўлиб ишладим. Бу орада турмушга чиқдим. Ўғлим 2 ёшлигида бетоб бўлиб, бевақт оламдан ўтди. Қизим ҳам бахтсиз ҳодиса туфайли жуда эрта вафот этди. Фарзанд доғи жуда оғир бўларкан. Бағрим ҳувиллаб қолди. Шу зайлда бир неча йиллар ўтди.

«Мени ОНА деб қабул қилишди»

2008 йили «Болалар шаҳарчаси» қурилди ва мен ушбу муассасага ишга қабул қилиндим. Бу кун — ҳаётимдаги бахтли кунлардан бири бўлди. Менга «ОНА» деган энг буюк мақом берилди. Бу ердаги болалардан кўпининг ота-онаси оламдан ўтган. Айримларининг ё онаси, ё отаси бор, аммо ўз нуридийдаларидан воз кечиб, ташлаб кетишган. Бирининг онаси руҳий хаста, бошқасиники ишлаш учун хорижга кетган. Баъзан болаларим йўл қараб тургани, ҳеч кимга қўшилмай йиғлаб ўтирганини кўриб қоламан. Шунда қалбим чок-чокидан сўтилиб кетгандек бўлади. Майли, биздек тарбиячилар ишсиз қолсин, лекин бирор бола ота-онасидан айрилмасин! Уларнинг ўксик қалбларига малҳам бўлиш учун қўлимдан неки келса, барчасига тайёрман. Ширин сўзимни аямай, ҳар бирини ўз қизиқишига қараб тўгаракларга, машғулотларга олиб бораман. Биргалашиб овқатлар пиширамиз. Туғилган кунларни, байрамларни нишонлаймиз.

«Артёмим мени ҳаммадан қизғонади»

Шу йиллар ичида қанча ўғил-қизим бағримдан учирма бўлиб, катта ҳаётга қадам қўйди. Бири ҳисобчи, бири банк бошқарувчиси. Муҳими, юрт корига ярайдиган инсон бўлиб ишлашяпти. Рус болам Артём «Она меҳринисиздан кўрдим», деб бошқа укаларидан мени қизғонарди. Ҳозир чет элда таълим оляпти. Бир қизимни яхши бир оила боқиб олди. Сўнг турмушга чиқди, фарзандли бўлди. Ўзингиз айтинг, шундай фарзандлари бор мендек она учун бундан ортиқ бахт борми?

«8 болам бор, деб фахрланаман!»

Айни пайтда 7 ўғил, 1 қизни тарбия қиляпман. Олдин одамлар «Фарзандингиз борми?», деб сўрашса нима деб жавоб беришни билмасдим. Ҳозир эса «8 болам бор», деб фахр билан айтаман! Ихтиёржон, Муродбек, Омадбек — уч ака-ука етим қолиб, шаҳарчамизга қабул қилинганда уларга она бўлдим. Икки ака 16 ёшга тўлгандан кейин бу ерни тарк этишига тўғри келди. Худо хоҳласа, уларни уйлантиришда ҳам ўзим бош-қош бўлиш ниятидаман. Мансурбек ва Омадбек спорт бўйича бир қанча танловлар ғолиби. 5 ёшли Беҳрузбек Навоий ғазалларининг қарийб барчасини ёд олган. Қизим Ферузахон пазанда.

«Қанийди, имкон берилса...»

Болага зор эдим, шукурки, бугун болазорда яшаяпман. Ҳозир 54 ёшдаман, нафақага чиқишимга оз қолди. Кейин фарзандларимдан қандай айри яшашим мумкин? Ахир, этни тирноқдан айириб бўлармиди?Қанийди, давлат томонидан кам таъминланган оилалар, ёлғиз оналар учун қурилаётган уйлардан менга ҳам ажратишса, болаларимдан 3-4 нафарини ўз қарамоғимга олиб, бир оила бўлиб яшасам. Улар мени ўз онаси деб, мен эса ўз болам деб қабул қилганман. Энди уларсиз ҳаётимни тасаввур этолмайман.

«Мурувват» уйининг меҳрибонлари

Тошкент шаҳридаги «Мурувват» ногирон болалар учун 2-интернат уйи. Мўътабар ЖАЛИЛОВА бу ерда 15 йилдан буён тарбиячи бўлиб ишлайди. Илтимосимизни ерда қолдирмай интервью беришга розилик берган опа бизни болалар дам олиб ўтирган хонага бошлади. Бир қиз югуриб келиб, ҳамсуҳбатимизни қучоқлаб олди ва бизга қизғаниброқ қараб, «Бу менинг онам!», деди. Гапира олмайдиганлар эса ўз севинчини имо-ишораларда, овозсиз ҳайқириқларда ифодалай кетишди. Чўккалаб ўтирган бир бола Мўътабар опани оёқларидан қучди. Бир-бирига шу қадар меҳр қўйган бу инсонлар гўё бир оиладек эди. Аслида, бу ердаги муҳит ҳақида бизнинг изоҳларимиз ортиқча. Келинг, барчасини Мўътабар опанинг ўзидан эшитамиз.

Мўътабар опанинг кундалигидан:

2003 йил, апрель

Ишхонамдагилар «Вақтинча бошқа иш топинг, шифохонамизнинг капитал ремонти анчага чўзиладиганга ўхшайди», дейишди. «Мурувват» уйида ишловчи танишимнинг таклифи билан ўша ерга бордим. Биринчи бор бу ерга келиб, болаларни кўрганимда титраб кетдим. 300 дан ортиқ бола. Наҳот, улар шунчалик кўп бўлса? Баъзиларида мия фалажлиги, айримларида ақлий заифлик, бирида аутизм, бошқасида Даун синдроми... Улар билан тил топишиб кета олармиканман?..

2005 йил, сентябрь

Бу ерда ҳамшира бўлиб ишлаяпман. Лекин болаларга янаям яқинроқ бўлгим келяпти. Уларга шу қадар меҳр қўяман, деб ўйламагандим. Яхшиям, бу йил педагогика коллежига ўқишга кирганим. Энди тарбиячи сифатида улар билан кўпроқ вақт ўтказа оламан.

2007 йил, 31 декабрь

Янги йил байрамини бирга нишонлаш учун раҳбариятдан рухсат олиб, Верани уйга олиб келдим. У уйда Янги йил кутишни жуда ҳам орзу қилади. Ташлаб кетишга кўнглим бўлмади. Зафар ака (турмуш ўртоғим), Сардор, Зиёда, Диёржон — учала фарзандим ҳам уни яхши кўриб қолишди. Вера биринчи марта соат 12 га қадар Янги йил кириб келишини кутиб нишонлаши экан.

2010 йил, февраль

18 ёшга тўлган болаларимизни бугун қараб катталар «Мурувват» уйларига олиб кетишди. Биламан, улар анчагача янги жойга кўниколмай, мени соғиниб, қийналишади. Мен ҳам уларни қўмсайман. Аммо наилож, улар катта ҳаётга мослашишни ўрганиши керак.

2013 йил, май

Болаларимиз Паралимпия эстафета ўйинларида биринчи ўринни олишди! Уларга теннис столини совға қилишди. Жисмоний тарбия ўқитувчисига раҳмат, астойдил шуғуллантирди. Болажонларим, зафарлар доим ҳамроҳ бўлсин, сизларга!

2017 йил, июль

Бугун иккинчи набирам дунёга келди. Исмини Забиҳулло деб қўйдик. Данагидан мағзи ширин, дейишади. Рост экан...

2017 йил, октябрь

Лариса келганида 4 ёш эди, яхши юра олмасди. 10 ёшгача иккита операцияни бошдан ўтқазиб, бугун биринчи марта ўзи оёққа турди. Ҳаммамиз йиғлаб юбордик. Она қизим, қадамларинг қутлуғ бўлсин!

2017 йил, ноябрь

Баҳодир охирги кунларда умуман овқат емай қўйди. Уйидагилар келмаганига икки ойдан ошди-да... Бола бечора ичикиб қолди. Гапира олмаса ҳам имо-ишоралар билан «Онамга айтинг, мени кўришга келсин», дейди. Онасига қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтирдим, илтимос қилдим. Онаси келганида Баҳодир додлаб йиғлаб юборди...

2018 йил, январь

Феруза ҳамма ишни оёғида бажаришни ўрганиб боряпти. Оёғида расм чизади, ўйинчоқлардан шакллар ясайди, пластилиндан бир нарсалар яратади. Кўриб, кўзларим қувониб кетади-ей!

2018 йил, февраль

Глиэр номидаги мусиқа мактаби ўқитувчилари бу ерга келиб, болаларимизга мусиқа асбобларини чалишни ўргатишяпти. Муроджон флейта, Бахтиёр пианинода туппа-тузук чаладиган бўлиб қолишди. Тўлқин эса “ударник” олиб беринг, деб роса илтимос қилгандан кейин ҳомий топиб, харид қилдик. Улар биргалашиб мусиқа чалишганда икки қўли йўқ Исматилла шунақа маза қилиб ўйнайди...

2018 йил, 3 март

Санжарнинг аҳволи тобора оғирлашиб боряпти. Аввал оёғи, кейин қўли фалажланди. Энди эса гавдасини ҳам тута олмаяпти. Бугун менга яхши кўрадиган пенополистеролли момиқдек юмшоқ кўрпачасини машқ залидан олиб келиб беришимни сўради. Олиб чиқиб бердим. Бирам дуо қилди, болагинам.

2018 йил, 7 март

Президентимиз Фармони билан менга «Шуҳрат» медали берилганини айтишди. Хурсандман! Аммо бу жамоа, шу ердаги ҳамкасбларим – Шаҳноза, Дилафрўз, Дурдоналар бўлмаганда шундай юксак мукофотга лойиқ бўла олармидим? Болаларни бир ўзим эплай олармидим? Йўқ, албатта. Бу бутун жамоамнинг ютуғи!

2018 йил, 18 март

Бугун газетадан икки мухбир келди. Мен билан суҳбатлашишди. «Кўриб турибмиз, ишингиз осон эмас экан. Бир сўз билан, сизни бу ерда нима ушлаб туради?», деб сўрашди. Мен «Болалар меҳри», деб жавоб бердим. «Бирор марта шу ерда ишлаётганингиздан афсус чекканмисиз?», дейишди. Жавобим аниқ: йўқ, ҳеч қачон!

Шоҳсанам НИЁЗОВА

    Бошқа янгиликлар