Улуғнорлик Бахтиёр Ҳасанов томорқадан унумли фойдаланиб, оиласи фаровонлигини таъминлаш билан бирга, эл дастурхони тўкинлигига муносиб ҳисса қўшаётган омилкорлардан.
Бахтиёр ака 8 сотихли томорқасида 4 та иссиқхона ташкил этиб, помидор, бодринг етиштириш билан бирга, кўчатлар парваришини ҳам йўлга қўйган. Иссиқхона ҳосилидан ўтган йилда оила бюджетига 40-50 миллион сўм даромад келиб тушди, деб ёзади ЎзА.
– Томорқадан йилига 3-4 маротаба ҳосил оламиз, – дейди Б.Ҳасанов. – Оиламиз билан етти йилдан бери шу иш билан шуғулланамиз. Айни пайтда 40 минг донадан кўп эртапишар помидор кўчати парваришланяпти. Яқинда 22 минг дона шундай кўчатни омилкор зироатчиларга 10 миллион сўмга сотдик. 2 минг дона бодиринг ниҳоли баравж ўсмоқда, гуллаб ҳосил тугишни бошлаяпти.
Хонадон бекаси Гуллола Ҳасанованинг айтишича, оила бу йилги даромадидан мамлакатимизда ишлаб чиқарилган замонавий енгил автомашина харид қилишни мақсад қилишган.
Маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш бўйича ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи ушбу хонадондаги маънавий муҳит билан танишди. Оиланинг томорқачилик тажрибасини туманга тарғиб қилиш борасида мутасаддиларга аниқ кўрсатмалар бердилар.






