1

Парвоз бекор қилинганда авиайўловчи ҳуқуқи қандай ҳимоя қилинади?

ЖАМИЯТ 21.06.2014, 13:45
Парвоз бекор қилинганда авиайўловчи ҳуқуқи қандай ҳимоя қилинади?

Статистик маълумотларга кўра, ҳар 100 кишидан уч нафари аэрофобия (парвоз қўрқуви)дан азият чекар экан. Лекин ҳозирги кунда авиатранспорт хизматидан фойдаланиш жуда оммалашган. Улар ёрдамида Ер юзининг исталган нуқтасига қисқа вақт ичида етиб бориш мумкин...

ХАБАРДОР ҚИЛИНИШИ КЕРАК...

Ҳорижга чиқиш учун чипта олгандим, бироқ рейс вақти баъзи сабабларга кўра ўзгартирилди. Бундай ҳоллдарда йўловчилар хабардор қилиниши керакми?

Ж. Эрматов. Олмалиқ ш.

— Миллий авиакомпанияда рейслар бошқа кунга қолдирилса ёки бекор қилинса, брон қилиш тизими орқали парвозларни расмийлаштирувчи агентлар манзилига маълумот берилади. Тизимдаги ўзгаришлар ҳақидаги маълумотларни қайта ишлаш ва  зудлик билан мижозларга маълум қилиш агентлар хизмат ваколатига киради.

Авиарейслар тасодифан, фавқулодда бекор қилинган ёки учиш вақти кўчирилган ҳолларда йўловчилар бевосита аэропортда ахборот-маълумот хизмати ходимлари томонидан хабардор қилинади. 

ЧИПТА ПУЛИ ҚАЙТАРИЛАДИ!

Авиакомпания томонидан парвоз вақти ўзгартирилган ҳолатларда йўловчиларга қулайлик яратиш учун қандай чора-тадбирлар амалга оширилади?

Нигора Мухторова. Тошкент ш.

— Бундай ностандарт вазиятлар тажрибада жуда кам учрайди. Авиаташувчи томонидан ҳаво лайнери ҳаракати жадвали бузилган ҳолларда компания масъулияти нуқтаи назаридан ҳар бир ҳолатнинг қуйидаги фарқланиш жиҳатлари мавжуд:

1. Жадвал, авиачипта ёки бошқа ҳужжатда кўрсатилган учиш ва қўниш вақти авиаташувчига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра олдиндан огоҳлантирилмасдан  ўзгартирилганда (учиш ва қўниш амалга ошириладиган давлат органлари қарори асосида, ноқулай об-ҳаво шароити ва бошқа сабабларга кўра) авиакомпания масъулиятни ўз зиммасига олмайди. Жадвалининг бундай ўзгаришида авиачипта ёки жадвалда кўрсатилган йўналиш ва авиалайнер русуми ўзгариши, парвоз ушалиши, вақти кўчирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Ушбу ҳолларда авиакомпания йўловчилар манфаатини эътиборга олган ҳолда мижозни ўзининг бошқа қатновида ёки бошқа авиаташувчилар қатновларида манзилига етиб олишида кўмаклашади. Шунингдек, йўловчининг истагига кўра, тўланган чипта пули жарима йиғимлари олинмасдан қайтариб берилади.

2. Жадвал, авиачипта ёки бошқа ҳужжатда кўрсатилган учиш ва қўниш вақти авиаташувчига тегишли  сабабларга кўра олдиндан огоҳлантирилмасдан ўзгартирилса (авиалайнер парвозга тайёр бўлмаса, ташувларни ташкиллаштириш  жараёнидаги узилишлар ва шунга ўхшаш сабаблар, ҳаво лайнерининг юкланиш имкониятларидан ортиқ миқдорда авиачипталар сотилганда)  авиакомпания масъулиятни ўз зиммасига олади ва ташувни ўзининг бошқа қатнови ёки бошқа компания орқали амалга ошириши шарт.

Шунингдек, авиаташувчи йўловчилар хоҳиш-истагига кўра авиачипта пулини ҳеч қандай жарима йиғимларисиз қайтариб беришни, “Миллий авиакомпания йўловчиларига компенсациялар тўлаш” Низомига асосан йўловчиларни овқатлантиришни ташкиллаштириш, меҳмонхоналарга жойлаш ҳамда уларга компенсация тўлашни ўз зиммасига олади.  

Ўзгаришлар олдиндан маълум бўлса, йўловчилар телефон ёки юқорида кўрсатилган технология орқали ҳабардор қилинади. Ушбу ҳолат ҳақидаги хабарда нима учун учиш вақти ўзгарганлиги, сабаблари, лозим бўлганда қўшимча хизмат турлари (меҳмонхонага жойлаш, озиқ-овқат билан таъминлаш) ҳақидаги маълумотлар берилиши лозим.

  • Тавсия ўрнида

ЙЎЛОВЧИНИНГ ҲАМ ҲУҚУҚЛАРИ БОР

Ҳаво лайнери ҳаракат жадвали авиакомпанияга боғлиқ сабабларга кўра ўзгартирилса, йўловчилар:

-ҳаво лайнери ҳаракати жадвалининг ўзгариш сабабини билиш, аниқлаш

-тизимдаги узилишлар тахминан қанча вақт давом этиши мумкинлигини билиш

- авиакомпания ходимларига қолдирилган рейсни бошқа рейсга ўзгартириб беришни сўраб мурожаат этиш.

- чипта пулини ҳеч қандай жарима тўловларисиз қайтариб олиш ҳуқуқига эгадирлар.

ҚУЛАЙЛИК ВА ИМТИЁЗЛАР

Миллий авиакомпания «UzAirPlus» дастуридан фойдаланувчи тез-тез учадиган йўловчилар учун янги «Family» картасини тақдим этди ва унда оиланинг барча аъзолари парвозлардан баллар тўплаб, улардан фойдаланиш имконига эга. Яна бир янгилик, МАК мижозлари ўзлари билан қўшимча қўл юкларини олишлари мумкин. Мазкур юкларнинг оғирлиги иқтисод-классда 8 кг, бизнес-классда эса 10 кг.дан ошмаслиги керак.

Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво Кодекси 102-моддасига кўра, ташувчи йўловчиларга ташиш қоидаларида белгиланган тартибда хизмат кўрсатилишини ташкил этиши шарт. Шунга мувофиқ йўловчига белгиланган меъёр доирасида багаж ва қўл юкини текин ўзи билан олиб учиш, болаларини (ёшига қараб) текин ёки имтиёзли шартларда олиб учиш, аэропортларда махсус ажратилган бинолардан фойдаланиш, шунингдек юк ташувчининг айби билан ёхуд бошқа мажбурий сабаблар билан рўй берган парвозларнинг кечиктирилиши ёки улар орасидаги танаффусларда меҳмонхоналарда жой билан таъминланиш ҳуқуқи берилади.

Ташувчи ўз имтиёзли тижорат дастурларини амалга ошириш ва бундай дастурларда назарда тутилган қўшимча хизматлар кўрсатиш ҳуқуқига ҳам эга.

ДИҚҚАТ! ТАҚИҚЛАНАДИ!

Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво Кодекси 103-моддасига кўра, ташувчи ҳаво транспортида йўловчи, қўл юки ва юк ташиш шартномасини ташиш йўналишининг исталган манзилида қуйидаги ҳолларда бекор қилиши мумкин:

йўловчи ёки юк жўнатувчи томонидан парвоз бошланадиган, тугайдиган ва транзит мамлакатнинг қонун ҳужжатларида белгиланган божхона, чегара, санитария-карантин талаблари ва ҳаво транспортида ташишга тааллуқли бошқа талаблар бузилса;

агар йўловчи соғлиғининг ҳолати ҳаво транспортида ташишнинг алоҳида шарт-шароитларини талаб қилса ёхуд йўловчининг ўз хавфсизлигига ёки бошқа шахсларнинг хавфсизлигига таҳдид солса, бу ҳол тиббий ҳужжатлар билан тасдиқланса, худди шунингдек тартибсизлик келтириб чиқарса ва бошқа йўловчиларга ташиш шартномасининг шартларида назарда тутилган хизматларни кўрсатиши учун ташувчига имконият бермаса;

ҳаво кемаси ичидаги юриш-туриш қоидалари йўловчи томонидан парвоз хавфсизлигига таҳдид туғдирадиган ёхуд ҳаво кемаси ичидаги шахсларнинг ҳаётига ёки соғлиғига ва мол-мулкига таҳдид туғдирадиган тарзда бузилса;

ҳаво транспортида ташишларнинг белгиланган қоидалари талабларини бажариш йўловчи ёки юк жўнатувчи томонидан рад этилса.

ФАКТ

Айни пайтда дунёда турли даражадаги 1300 дан зиёд давлатга тегишли  ва хусусий авиакомпания мавжуд бўлиб, улар ҳар йили бир миллиард нафардан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатмоқда.

Бугунги кунда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси самолётлари Осиё, Америка ва Европанинг 40 дан зиёд шаҳрига парвоз қилмоқда.

БИЛАСИЗМИ?

  • 1914 йилда энг биринчи йўловчи ташиш авиарейси амалга оширилган. 1919 йилдан бошлаб эса узоқ масофага учувчи йўловчиларга салонда овқат берила бошлаган.
  • Психологларнинг таъкидлашича, самолётда парвоз пайтида фақат яхши нарсалар ҳақида  ўйлаш лозим. Самолётган чиқишдан олдин валериана тиндирмасидан ичиш ҳам яхши ёрдам беради. Ширинлик, алкоголли ичимликлар ва қаҳва ичиш тавсия этилмайди, чунки, бу маҳсулотлар қўрқув ҳиссини кучайтирар экан.
  • “Боинг-767” русумидаги самолёт – дунёнинг 800 дан зиёд корхонаси етказиб берадиган 3,1 миллион деталдан йиғилган “коллекция”дир. Самолётга деталлар эса дунёнинг турли мамкатларидан тайёрланади. Масалан, унинг фюзеляжи – Японияда, қанотлари – Калифорнияда (АҚШ), бурилиш мосламалари – Италияда тайёрланади.
  • Овоздан тез учадиган “Конкорд” авиалайнери парвоз пайтида Целсий бўйича 95 даражагача қизиб, 12,5 см га узаяди.

С. САФАРОВ тайёрлади

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1