Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг матбуот хизматидан ЎзАга тақдим этилган маълумотга кўра, 2-15 апрель кунлари республика автомобиль йўлларида 263 йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Оқибатда 274 нафар фуқарога тан жароҳати етказилган.
Ўтган 2 ҳафта давомида йўл-патруль хизмати инспекторлари томонидан жами 182 минг 583 қоидабузарлик аниқланган.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари қоидабузарликлар турини таҳлил қилган. Маълум бўлишича, қайд этилган қоидабузарликларнинг энг кўпи хавфсизлик камарини тақмаслик билан боғлиқ ҳолатда кузатилган. Хусусан, 2-15 апрель кунлари 36 минг 380 ҳайдовчи хавфсизлик камарини тақмасдан ҳаракатланганда тўхтатилган. Рўйхатда белгиланган тезлик талабини бузган 28 минг 240 ҳайдовчи 2-ўринни эгаллаган. Учинчи ўринни одам ташиш қоидасини бузган ҳайдовчилар банд этиб турибди. Бу ҳолат билан боғлиқ 24 минг 820 қоидабузарлик аниқланган.
Ўтган 2 ҳафтада 3 минг 735 маст ҳолда автомобиль бошқарган ҳайдовчи тўхтатилган. 2 минг 238 ҳайдовчи светофор ва чорраҳалардан ўтиш қоидасига амал қилмаган, 1 минг 683 ҳайдовчи ҳаракат вақтида телефон орқали гаплашиб кетаётган бўлган, 677 ҳайдовчи транспорт воситасининг ойналарини меъёридан ортиқча қорайтирган.
Хабарда барча қоидабузарларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли чоралар кўрилгани айтилган.






