Ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепцияси доирасида Фарғона вилоятида "Темурбеклар мактаби" ўқувчилари ҳамда ҳарбий хизматчилар ўртасида "Ёш китобхон" кўрик-танлови ўтказилди.
Танловни Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо очиб берди.
"Темурбеклар мактаби" ўқувчилари ўртасида илк маротаба ташкил қилинган "Ёш китобхон" кўрик-танлови ёш ҳарбийларни китобга бўлган муҳаббатини уйғотади деган умиддаман, - деди Иқбол Мирзо. — Сизларга берилаётган имкониятлардан тўғри фойдаланиб, ватанингизни асрашдек буюк бурчни тўлиқ адо этишингизга ишонаман!

Ўқувчиларнинг билими турли шартлар асосида синовдан ўтказилди.
Танлов натижаларига кўра, 3-ўрин Норбўтаев Суннатиллога, Абдуллаев Нурмуҳаммадга, 2-ўрин Қурбонов Ҳусниддинга ва Юсупов Шоназарга, 1-ўрин эса узоқ тортишувлардан сўнг, Рўзибоев Муҳаммаджонга насиб қилди.

— Танлов қизиқарли, шу билан бирга ҳаяжонли бўлди. Аммо, ўз билимига ишонган ҳарбийларнинг иқтидорини кўрсатишда муносиб майдон бўлди, - дейди Муҳаммаджон Рўзибоев.
«Тимурбеклар мактаби» ўқувчилари ҳам танловга муносиб иштирок этди. Ғолиблар китоблар жамланмаси билан тақдирланди.






