Адвокат фош этган қотиллик

ЖИНОЯТ 19.04.2018, 11:28
Адвокат фош этган қотиллик

“ОДАМЛАР, ёрдам беринглар, хотиним жон бераяпти”, — деган фарёд бутун қишлоқни тутиб кетди. Бу овоз Тўйчибойникидан чиқаётган эди. Қўни-қўшни бир бўлиб, овоз келаётган уйга қараб югуришди. Улар ғалати манзара устидан чиқиб қолишди. Тўйчибой “Хотин, тур, кўзларингни оч, мени қўрқитма”, деб йиғлаган кўйи аёлининг бошидан, елкасидан тутиб қаттиқ силкиларди. Қўшни аёллардан бири жувоннинг қўл томирини ушлаб кўриб, бош чайқади:

— Бандаликда ука. Ахир хотинингиз жуда хушёр аёл эдику, қандай қилиб супадан йиқилиши мумкин? Яна оғзидан ароқ ҳиди ҳам келаяпти, ичмаганмиди?

— Ҳаммасига ўзим айбдорман, ароқ ичмоқчи бўлдим, шу зормандани ёлғиз ичгим келмай, Зубайдага ҳам озгина қуйиб бергандим. Бироз вақт ўтиб, бошим айланаяпти, деб ташқарига чиқди-ю, сўнг шу аҳвол. Супадан йиқилиб кетибди. Одам ҳам шундай осон ўлаверадими а? Сенсиз энди қандай яшайман, Зубайдагинам, — йиғлашда давом этарди Тўйчибой.

У кўксига мушт уриб йиғлай бошлади. Халойиқ орасида шивир-шивирлар бошланди: “Бир кун жанжал бўлган уйдан қирқ кун барака қочади, дейишгани рост. Эру хотиннинг ҳеч “суви” тинмасди. Зубайда шўрлик кўп калтак ерди”, дейишарди қўшни аёллар. Улардан яна бири “Барибир кўз очиб кўрганида, куйиб йиғлашини қаранг”, деб Тўйчибойга ҳам куюнарди.

Зубайданинг қариндошлари етиб келгунича, буни ҳам қўйинг, “тез ёрдам” етиб келгунича ма­йитни ювиб, кафанлашга ҳам улгуришди. Врач эса Тўйчибойнинг гапларини ишончсизгина такрорларди, холос.

Марҳуманинг онасини шубҳа-гумон кемирди. Онаизор “Кун кўрмай кетган болам-а, куёвжон, мана, ниятингизга ҳам етдингиз, ёмон деб кун бермасдингиз, ёмон хотиндан ҳам қутулдингиз”, деди ўксиб-ўксиб йиғлаб.

Куёв бўлса “Ундай деманг, онажон, уришиб-аразлашсак-да, кўз очиб кўрганим-ку, юрак-бағрим ўртаниб кетаяпти, ахир”, деб нола қиларди.

Барибир онанинг кўнглини шубҳа тарк этмади. Дафн маросими яшин тезлигида ўтказилгани баттар шубҳаларини оширарди.

— Кимга мурожаат қилсак экан, ўйлади она.

— Аммажон, қўшни туманда яхши адвокат бор. Унинг қўлидан ҳақиқат ҳеч қачон қочиб қутулолмаган. Ушлаган жойини қўйвормайди. Ўзиям ҳақгўй. Адолат учун ёниб куядиган одам. Ундан ёрдам сўрасак-чи? — деди бир кун аёлнинг жияни.

— Ие, адвокат деганинг жиноятда гумон қилинганларнигина ҳимоя қилмайдими, у қандай қилиб жиноятни очиши мумкин?

— Йўқ, аммажон, адвокатнинг вазифаси қонунга таянган ҳолда ҳақиқатни қарор топтиришдан ­иборат.

Улар минг истиҳола билан адвокат Темирпўлат Мирназаровдан ёрдам сўрашди. Қонун ҳимоячиси уларни диққат билан тинглади. Суҳбат чоғида ҳеч бир детал адвокатнинг эътиборидан четда қолмади. У тезда ишга киришди.

Адвокатнинг диққатини, аввало, мурда тезлик билан дафн этилгани ажаблантирди. Бироз ўйлагач, у майитни ювган шахсни қидириб топишга қарор қилди. Икки ўртада суҳбат осон кечмади. Бироқ мурдани ювган аёл охир-оқибат “ёрилди”.

— Шу вақтгача ёлғон гапирмагандим, — чуқур “оҳ” тортди аёл, — кеча марҳума тушимга кирганди, бу сизнинг келишингиздан дарак бўлса керак-да.

— Мурданинг танасида қандай­дир жароҳат излари бормиди?

— Бечоранинг юзи кўкариб кетган. Қорнида, тизза қисмида жароҳатлари бор эди. Кейин... — аёл бироз муддат жим турди-да, сўнг ишонч билан давом этди — орқа миясида ҳам қаттиқ зарб еганлигини исботловчи жароҳат бор эди.

Адвокат аёлнинг барча гапларини қоғозга тушириб, унга қўл қўйдириб олди. Қизиқ, эрнинг айтишича, аёл супадан юзтубан йиқилган. Бундай ҳолатда унинг юз ва оёқ қисмларида жароҳат излари бўлишига шубҳаланмаса ҳам бўлади. Аммо орқа миядаги жароҳат-чи? Қасддан етказилган тан жароҳати эмасмикин бу?

Адвокат ўйлаганларини асосли баён қилиб, ушбу ҳодиса устидан жиноий иш очилишига муваффақ бўлди. Тергов ҳаракатлари бошланди. Қабр очи­либ жасад (экс­гумация) тиббий экспертизадан ўтказилганда ҳам­­маси ойдинлашди...

Воқеа қуйидагича бўлган эди.

Тўйчибой хотинидан анчадан бери қутилиш пайида юрар эди. Бир куни уйига ароқ кўтариб келиб, аёлни алдаб-сулдаб бирга ичишга кўндиради.

Зубайдани эрининг мулойим бўлиб қолганлиги шубҳалантирса-да, ширин сўзларига эриб қолади. Сўнг биргаликда ичишади. Аёлининг маст бўлиб қолганидан фойдаланган Тўйчибой унинг сочларини силаган киши бўлиб, бошидан маҳкам тутиб олиб деворга зарб билан уради. Ширин сўзларга учган жувон “оҳ” дейишга ҳам улгурмай ҳушидан кетади. Вахший эр эса унинг вужудига аёвсиз зарба бераверади. Охири хотинининг ўлганига ишонч ҳосил қилгач, уни супага кўтариб чиқиб, пастга ташлаб юборади.

Асосли далиллар келтирилган, гумонланувчининг ҳеч бир имкони қолмаган эди. У бор айбини тан олди.

Шу тариқа изқуварлик йўлини тутган адвокат жиноий ишни тўлиқ фош этди. Куюнчак ва ўз ишига пухта бўлган қонун ҳимоячисининг маҳорати туфайли адолат қарор топди.


Тошпўлат МУЗАФФАРОВ,

Китоб тумани "Кафолат" адвокатлик бюроси бошқарувчиси

"Инсон ва қонун" газетасидан олинди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1