АсосийJamiyat

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шуҳрат хотирланди

'Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шуҳрат хотирланди'ning rasmi

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Шуҳратнинг 100 йиллик юбилейи муносабати билан ўтказилган тадбирда адибнинг ижод ва ҳаёт йўли билан боғлиқ хотиралар ёдга олинди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

22.JPG

Уюшма раиси С.Саййид, академик Н.Каримов, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби И.Ғафуров ва бошқалар атоқли адиб Шуҳратнинг халқимиз жанговар ҳаёти, қаҳрамонлиги, ватанпарварлиги, қийинчиликларга бардоши, келажакка умид уйғотувчи асарлари китобсеварлар ва навқирон авлоднинг маънавиятини юксалтиришда муҳим адабий ва маънавий бойлик бўлиб хизмат қилишини алоҳида қайд этди.

Шуҳрат (Ғулом Алимов) 1918 йил 19 апрелда Тошкентнинг Ҳазрати Имом (Ҳастимом) маҳалласида туғилган. У эски ва янги мактабларда таҳсил олгач, аввал техникум, кейин эса институтда таҳсил олган. 1940 йили чоп этилган “Орзу ва қалб”, “Меҳрол” достонлари ёш қалам соҳибининг илк китоблари эди. Ўша йили ҳарбий хизматга чақирилган Шуҳрат Иккинчи жаҳон уруши жангларида офицер сифатида хизмат қилиб, она Ватанимизни мардоновар ҳимоя қилди. Шундан бўлса керакки, кейинчалик жанггоҳларда ва қатағоннинг мудҳиш воқеалари Шуҳрат хотирасининг оғриқли нуқталари сифатида қаламга кўчди. Дардли мисралардан, бадиий деталларга ва ундан образларга ўтган бу оғриқлар адиб ижодининг асосий мавзуларига айланган эди.

21.JPG

– Бугун устоз Шуҳрат хотирасини ёд олиш мен учун фахрли ва шарафлидир, – деди Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али. – Чунки менинг шеърият оламига кириб келишимда у кишининг хизмати беқиёс. Мактабда ўқиб юрган пайтимда шеърлар машқ қилиб турардим. Улардан бир нечтасини Ёзувчилар уюшмасига юборган эдим. Бир куни уюшмадан менга хат келди. Хатда шеърларим ҳақида маслаҳатлар берилган. Маъқул бўлган бўлса керакки, унда ёзилган “Агар йўлингиз Тошкентга тушса, бизга бир киринг” деган илиқ гаплар сабаб мактабимизда катта байрам бўлиб кетган эди. Ўқитувчиларимнинг хурсанд бўлганини айтмайсизми?! Хатни устоз Шуҳрат ёзганди. Мен учун қадрли ва унутилмас хотирага айланган воқеани эслаганимдан мақсад шуки, устоз Шуҳрат ёш ижодкорларга ҳамиша меҳрибон ва ғамхўрлик кўрсатган. Қўлидан келган ёрдамини аямаган.

– Очиғи, эл севган ижодкорнинг фарзанди бўлиш ўта масъулиятли, – деди адиб фарзанди Б.Алимов. – Отамиз сабаб оиламиз билан адабиётга ошно бўлиб, китоб ўқишга, ижоднинг залвори ва шарафини ҳис этиб улғайдик. Бугун хотира кечасида уларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида илиқ фикрлар эшитиб, кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Гарчи, отамиз шу ижоднинг орқасидан қийинчиликларни бошидан ўтказган бўлса-да, мазмунли ва баракали ижод қилиб ўз ўқувчисига эга бўлди. Уларнинг хизматлари давлатимиз томонидан эътироф этилиб, “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” деган шарафли унвон, вафотидан кейин “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди. Биз, фарзандлари отамизга кўрсатилган бундай эҳтиром учун халқимиз ва ҳукуматимиздан миннатдормиз.

Тадбир доирасида адиб китоблари, унинг ҳаёти ва ижодини акс эттирувчи фотосуратлар ҳам намойиш этилди.

    Бошқа янгиликлар