1

«Геодезия ва картография тўғрисида»ги Қонуннинг ижро этилиши кўриб чиқилди

ЖАМИЯТ 27.06.2014, 12:13
«Геодезия ва картография тўғрисида»ги Қонуннинг ижро этилиши кўриб чиқилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан 2014 йилнинг 26 июнь куни «Геодезия ва картография тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг «Ергеодезкадастр» давлат қўмитасида ижро этилишининг бориши юзасидан ўтказилган назорат-таҳлил фаолияти якунига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси расмий сайти хабар беради.

Ернинг сунъий йўлдош тизимларига асосланган замонавий навигация технологияларини қўллаган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг 70 фоиз ҳудуди бўйлаб 1-тоифали Сунъий йўлдош геодезия тармоғи янгидан яратилиб, давлат геодезия тармоғи ишчи ҳолатига келтирилган. 2013 йил давомида Аэрогеодезия корхоналари томонидан Фарғона водийси вилоятлари ҳудудида 35 та, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятида 45 та, Сурхондарё вилоятида 18 та янги геодезия пунктлари қурилган.

Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб I ва II тоифали нивелирлаш ишлари, яъни мамлакат ҳудуди ер юзасининг периметри, ер юзасининг вертикал тебранишлари ҳолатидаги ўзгаришларни мукаммал аниқлаш бўйича тадқиқот ишлари якунига етказилиб, бугунги кунда давлат баландлик геодезия тармоғига оид маълумотларни ўзида жамлаган каталоглар чоп этилган ва улардан фойдаланилмоқда.

Тадбирда геодезия ва картографияга оид фаолият билан шуғулланувчиларга лицензиялар бериш ишларининг қонуний асослари етарли даражада такомиллаштирилмаганлиги таъкидланди. Ҳозирги кунда мазкур фаолият билан 176 та субъект лицензия асосида шуғулланиб келмоқда. Уларнинг 167 таси геодезияга оид, 9 таси картографияга оид фаолият олиб бориш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга. Мазкур субъектларнинг 57 тасини давлат улуши бўлган ташкилотлар, 119 тасини эса хусусий корхоналар ташкил этади.

Йиғилишда геодезия ва картография фаолияти билан шуғулланишни хоҳловчилар сони йил сайин ошиб бораётганлигига ҳам эътибор қаратилди. Биргина 2014 йилнинг ўтган даврида соҳа доирасида 23 та ташкилотга, шундан 11 давлат улуши бўлган, ташкилотга12 хусусий ташкилотга лицензия берилган.

Бугунги кунда интерактив давлат хизматларини ахборот коммуникация технологияларини кенг қўллаган ҳолда амалга ошириш, соҳа имкониятларидан кенг фойдаланиш орқали тадбиркорлар ва ишбилармонларга қулай имкониятлар яратиш, шу усулдан фойдаланиб туризм ва сервис соҳасини ривожлантириш, коммунал хизматлар тўловини масофадан туриб амалга ошириш каби бир қатор ҳукумат топшириқларини рўёбга чиқаришда зарурий маълумотларни географик объектларга мутаносиб равишда ўзаро боғлаш мақсадида «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси томонидан мамлакатимиз ҳудудида жойлашган географик объектларнинг жойлашуви математик моделларга асосланган ҳолда рақамли харита ва планлар шаклида яратилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг жаҳон глобал иқтисодиётининг таркибий қисмига айланганлиги, мамлакат ҳудудидан халқаро транзит йўлларнинг ўтиши, дунё океанларига чиқиш мақсадида қўшни давлатлар билан ҳамкорликда янги темир йўллар ва автомобиль йўлларининг қурилиши, кўплаб йўналишларда халқаро ҳаво йўлларининг ташкил этилиши, логистика марказларининг бунёд этилаётганини ҳисобга олиб геодезия ва картографияга оид ҳуқуқий базани ҳам замон талаблари асосида такомиллаштириш зарурлигига йиғилишда асосий эътибор қаратилди. Тадбир якунида Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1