1

Ўзбекистонда 1,27 тонна наркотик моддалар йўқ қилинди

ЖАМИЯТ 27.06.2014, 14:16
Ўзбекистонда 1,27 тонна наркотик моддалар йўқ қилинди

Тошкентда 26 июнь – Халқаро наркотик моддаларни суиистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш кунида Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан наркобизнесга қарши кураш давомида мусодара қилинган 1,27 тонна наркотик моддалар йўқ қилинди. Бу хақда ЎзА расмий сайти хабар қилади. 

Судларда ашёвий далил сифатида кўрсатилган наркотик воситаларни махсус домен печларида ёқиш орқали йўқ қилиш амалиёти мамлакатимизда 1994 йилдан буён қўлланиб келинмоқда. Ҳар йили ушбу тадбир БМТ, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари, Гиёҳвандлик моддаларини назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси давлат комиссияси аъзолари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг масъул ходимлари, экспертлар, журналистлар иштирокида ўтмоқда. Ўтган 20 йил давомида мамлакатимизда жами 52 тонна наркотик воситалар ёқиб юборилди.

Шу куни давлатимиз раҳбарияти топшириғига биноан Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати томонидан 700 килограммдан зиёд опий, 266 килограммдан зиёд марихуана, 175 килограмм наша, 85,3 килограмм героин, катта миқдорда кўкнори, наша ўсимлиги, шунингдек, таблетка ва эритмалар шаклидаги наркотик моддалар йўқ қилинди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази маълумотларига кўра, 2013 йилда мамлакатимизда 2,3 тоннадан зиёд наркотик воситалар мусодара қилинган. «Қорадори – 2013» операцияси давомида умумий майдони 1,04 гектар ерга таркибида наркотик моддалар бўлган ўсимликлар экилгани ҳақида 1223 ҳолат аниқланган, 1,54 гектар майдондаги ёввойи наша ўсимлиги йўқ қилинган. Гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши (сотиш, контрабанда, таркибида гиёҳвандлик моддалари мавжуд экинларни экиш ва бангихоналар ташкил этиш) билан боғлик 7680 жиноят содир этилган. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази директори А.Мансуров айни пайтгача дунёдаги наркотиклар ишлаб чиқарувчи энг йирик мамлакат бўлиб қолаётган Афғонистон билан қўшничилик Ўзбекистонда гиёҳванд моддалар билан боғлиқ вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган асосий омил эканини таъкидлади. Афғонистонда ишлаб чиқарилган наркотиклар Ўзбекистонга асосан Тожикистон, Қирғизистон ва бевосита Афғонистондан Амударё орқали кириб келмоқда. 

Тадбир иштирокчилари эътиборига гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятчиларни қўлга олиш пайтида тасвирга туширилган видеороликлар намойиш этилди. Шуни таъкидлаш керакки, 2013 йилда қўлга олинганлар орасида Афғонистон, Тожикистон, Россия, Қирғизистон, Эрон ва бошқа хорижий давлатларнинг 111 нафар фуқароси ҳам бор. Улар наркотикларни яширишнинг энг тубан усулларидан фойдаланмоқда. Наркотикларни мева-сабзавотлар ичида, транспорт воситаларининг хуфия жойларида, уй-рўзғор буюмларида ва бошқа кўплаб усулларда олиб киришга уринишлар бўлмоқда. Масалан, 2013 йилнинг май ойида Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Тошкентда қўлга олинган афғонистонлик Абдул Ҳолиқ Муҳаммад Ризо ошқозонида героин солинган 57 полиэтилен капсула, шунингдек, у олиб ўтаётган гиламга қўшиб тўқилган ингичка елим пакетларда яна икки килограммдан ортиқ героин борлиги аниқланди. 

Ўтган йилнинг май ойида қўшни мамлакат фуқароси Муртазо Қувватов Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги давлат чегараси орқали наркотиклар олиб ўтишга қарор қилган. Унда қарийб 6 килограмм опий, шунингдек, героин топилган. Яна бир жиноятчи – Афғонистон фуқароси Мўмин Бекназар ўғли Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида қўлга олинган.

Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, жумладан, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Миллий хавфсизлик хизматининг чегара қўшинлари, Давлат божхона қўмитасининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари самарасида ҳар йили наркобизнес билан боғлиқ кўплаб шундай қонунбузарликларнинг олди олинмоқда. 

– Биз Ўзбекистоннинг наркотик воситаларни суиистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш борасидаги саъй-ҳаракатларини маъқуллаймиз, – дейди БМТнинг Марказий Осиёда Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг минтақавий вакили вазифасини бажарувчи Асиф Мажид.

– Наркобизнес – трансчегаравий муаммо бўлиб, уни ҳал этиш учун миллий ва давлатлараро даражаларда қатъий ҳамда мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни амалга ошириш зарур. Наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши фақат шундай йўл билан курашиш мумкин. Ушбу «заҳри қотил» ҳар йили бутун дунёда 200 минг нафар кишининг умрига зомин бўлмоқда.

Шу куни, яъни 26 июнда Австрия пойтахтида БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси томонидан «Наркотиклар тўғрисида бутунжаҳон маърузаси – 2014» тақдим этилди. Унда халқаро экспертлар 2013 йилда Афғонистонда опий экилган майдонлар 2012 йилга нисбатан 36 фоизга кенгайгани ва 209 минг гектарга етгани ҳақида бонг урган. Шу билан бирга, опий ишлаб чиқариш ҳам кўпайиб, бугунги кунда бу кўрсаткич 5,5 минг тоннани ташкил этмоқда. Бошқа наркотик моддалар ишлаб чиқариш миқдори ҳам ошган. 

Мамлакатимизда ушбу иллатга қарши мустаҳкам тўсиқ қўйилган. Гиёҳвандлик моддаларини назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси давлат комиссиясининг саъй-ҳаракатлари наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш, уларни контрабанда қилиш йўлини тўсиш, гиёҳвандлик иллати тарқалишининг олдини олиш, идоралараро ҳамкорлик ва халқаро алоқаларни ривожлантиришга қаратилган.

Шу кунларда мамлакатимизда гиёҳвандликка қарши кураш бўйича ўтказилаётган ойлик бу борадаги самарали ишларга ёрқин мисол бўла олади. Ойлик доирасида гиёҳванд моддаларни суиистеъмол қилиш билан боғлиқ қонунбузарликларнинг олдини олишга қаратилган кенг кўламли тушунтириш ишлари олиб борилаётир, ёшлар учун гиёҳванд моддаларни суиистеъмол қилишнинг фожиали оқибатларига бағишланган туркум радиоэшиттиришлар ва телекўрсатувлар тайёрланмоқда, газета ва журналларда мақолалар эълон қилинмоқда. Корхоналар, ўқув муассасалари, маҳаллалар, болалар ёзги оромгоҳлари, клубларда маърузалар, давра суҳбатлари, савол-жавоб кечалари ўтказилмоқда. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1