1

Нотариал соҳадаги шикоятлар 44 фоизга камайди

ЖАМИЯТ 24.04.2018, 21:03
Нотариал соҳадаги шикоятлар 44 фоизга камайди

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг матбуот хизматидан ЎзАга маълум қилишларича, жорий йилнинг биринчи чорагида адлия органларига жисмоний ва юридик шахслар юборган қарийб беш мингта мурожаат ижобий ҳал этилган.

Мисол учун, кўрилган чоралар натижасида минг нафар фуқаро ва тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Адлия органлари раҳбарлари ва масъул ходимлари 717 нафар фуқарони қабул қилиб, уларнинг муаммоларини атрофлича ўрганди ва ижобий ҳал этди.

Ўтган даврда Адлия органлари раҳбарияти ҳудудларда 100 дан ортиқ сайёр қабул ўтказди. Бухоро ва Жиззах вилоятларида ўтказилган сайёр қабуллар шулар сирасидандир. Унда ўнлаб фуқароларнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилди, жумладан 11 нафар ёшларнинг ишга жойлашишида амалий ёрдам кўрсатилди.

Мурожаатларни ҳал этиш юзасидан 240 дан ортиқ таъсир чоралари қўлланилиб, судларга фуқаролар ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва етказилган зарарларни ундириш бўйича 100 дан ортиқ даъволар киритилди.

Мурожаатларда кўтарилган ҳуқуқий муаммолардан келиб чиқиб, ўнлаб қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилиб, тегишли ташкилотларга киритилиши таъминланди.

Хусусан, келиб тушаётган мурожаатларнинг асосий қисмини нотариал идоралар ва ФҲДЁ органлари фаолиятига тегишли бўлиб, бу соҳалардаги долзарб муаммолар атрофлича таҳлил қилинди. Киритилган таклифларнинг қўллаб-қувватланиши натижасида нотариал ҳаракатлар учун давлат божлари миқдори кескин қисқартирилди, апостиль қўйиш бўйича тўловлар ўн бараварга пасайтирилди.

Фуқароларнинг асосий эътирозларига сабаб бўлаётган давлат нотариал идоралардаги навбатда туриш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида нотариал тасдиқланиши бўйича ҳаракатлар турини бекор қилиш борасидаги таклифлар асосида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинди. Натижада, 2018 йилнинг I чорагида амалга оширилган нотариал ҳаракатлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 33 фоизга, нотариат соҳасида бу масалада келиб тушган шикоятлар 44 фоизга камайди.

Шу билан бирга, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида Меҳнат кодексига киритилган ўзгартиришларга асосан шахснинг ёки яқин қариндошларининг судланганлиги учун ишга қабул қилишни рад этилмаслиги ҳолати қонун билан кафолатлаб қўйилди.

Вазирликнинг “Facebook.com” ижтимоий тармоғидаги “Адлия билан мулоқот” саҳифаси ҳамда расмий веб-сайти орқали ҳам аҳоли билан самарали мулоқот олиб борилди, улар орқали келиб тушган мурожаатларни ўз вақтида ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1