АсосийJamiyat

Ҳарбийларнинг қасамёд матни тасдиқланди ва пенсия ёши оширилди

'Ҳарбийларнинг қасамёд матни тасдиқланди ва пенсия ёши оширилди'ning rasmi

«Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида» ва «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида»ги қонунларга ўзгартишлар киритилди, деб ёзади Norma.

Ҳарбий қасамёд

Дастлаб ҳарбий қасамёд матни Олий Мажлиснинг 3.07.1992 йилдаги 648-XII-сон қарори билан тасдиқланган. Уни ўтказиш маросими эса Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Ички хизмат низомига 1-илова билан тартибга солинган.

«Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Қонун кучга кириши билан Олий Мажлиснинг 3.07.1992 йилдаги «Ҳарбий қасамёд тўғрисида»ги 648-XII-сон қарори ўз кучини йўқотган (2002 йилда), унинг матни эса очиқ манбаларда келтирилмаган.

Қонунга киритилган вариант аввалгисидан деярли фарқ қилмайди ва қуйидагича баён этилган:

«Мен, (фамилияси, исми, отасининг исми), Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафига кирар эканман, Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилишга, халқимга, Президентимга содиқ бўлишга тантанали равишда қасамёд қиламан.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини ва қонунларини муқаддас билиб, уларга риоя этишга, ҳарбий низомларни, командирлар ва бошлиқларнинг буйруқларини сўзсиз бажаришга, ҳарбий интизомга қатъий риоя қилишга, ҳалол, жасур ва сергак жангчи бўлишга қасамёд қиламан.

Сўнгги нафасим қолгунча ўз Ватанимнинг садоқатли фарзанди бўлиб қолишга, ҳарбий хизматнинг бутун машаққати ва қийинчиликларини сабот билан енгишга, давлат сирини ва ҳарбий сирни сақлашга аждодларим руҳи олдида қасамёд қиламан.

Жонажон Ўзбекистонимнинг нурли истиқболи учун унинг давлат манфаатлари ва мустақиллигининг муносиб ҳимоячиси бўлишга қасамёд қиламан.


Агар мен ушбу тантанали қасамёдимни бузсам, қонунларда белгиланган энг оғир жазога ва халқимнинг нафратига мубтало бўлай».

Ҳарбий қасамёд ҳарбий қисмнинг жанговар байроғи олдида қабул қилиниши алоҳида белгиланган.

Ҳарбий хизматда бўлишнинг чекланган муддатлари

Кичик офицерлар (лейтенант, катта лейтенант, капитан, капитан-лейтенант) учун хизмат ёшининг чегараси 43 ёшдан 45 ёшга оширилди (яъни 2 йилга). Энди у оддий аскарлар (матрослар) ва сержантлар (старшиналар) учун белгиланган ёш чегараси билан бир хил бўлди.

Барча катта офицерлар (майор, подполковник, полковник, 3, 2 ва 1-даражадаги капитанлар) учун пенсия ёши 50 ёшни ташкил этади. Илгари майорлар, подполковниклар ҳамда 3 ва 2-даражадаги капитанлар 45 ёшда пенсияга чиқар эдилар. Энди бу 5 йил кейинга кўчирилди.

Генераллар таркибидагиларнинг энг юқори ёши аввалгидек қолди – 60 ёшгача.

Тегишинча, резерв сафида бўлиш ёшига ўзгартиришлар киритилди.

Таркиб

Илгариги ёши

Янги ёши

1-даража

2-даража

1-даража

2-даража

Оддий аскарлар ва сержантлар

35 ёшгача

45 ёшгача

35 ёшгача

45 ёшгача

Кичик офицерлар

35 ёшгача

45 ёшгача

40 ёшгача

50 ёшгача

Катта офицерлар

45 ёшгача

55 ёшгача

50 ёшгача

55 ёшгача

Генераллар

50 ёшгача

60 ёшгача

55 ёшгача

60 ёшгача

Яъни барча даражадаги офицерларнинг кўпроқ қисми Қуролли Кучларнинг жанговар қўшилмалари ва қисмлари, жанговар таъминот бўлинмалари сафини уруш даврида тақозо этиладиган штатлар даражасига қадар тўлдириш учун резервда турадилар. Яъни уруш бўлмаган даврда жанговар бўлинмаларга сафарбар қилинишлари мумкин.

Иккинчи тоифали резервда эса ёши улуғроқ кичик офицерлар турадилар. Ушбу тоифадаги резерв Қуролли Кучларнинг қисмлари ҳамда ички ва техник таъминот бўлинмаларини уруш даврида тақозо этиладиган штатлар даражасига қадар тўлдириш учун, фавқулодда вазиятлар рўй берган ёки Ўзбекистон Республикасига қарши ҳарбий тажовуз юзага келган тақдирда уруш даври тақозо этадиган тузилмаларни кучайтириш учун мўлжалланган. Масалан, уруш бошланган тақдирда улар илгаригидек 45 ёшгача эмас, балки 50 ёшгача чақирилиши мумкин.

Тузатишлар 19.10.2018 йилдан (Қонун эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач) амалга киритилади.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар