1

​Бўзсув канали билан боғлиқ​ масалалар пойтахт вилояти ҳокимлигининг алоҳида назоратига олинди

ЖАМИЯТ 26.04.2018, 14:05
​Бўзсув канали билан боғлиқ​ масалалар пойтахт вилояти ҳокимлигининг алоҳида назоратига олинди

“Халқ сўзи” газетасининг шу йил 19 апрелдаги сонида “Сувнинг уволи ёмон” сарлавҳали мақола чоп этилгандан сўнг ўтган ҳафта вилоят ҳокими раислигида ушбу мақола муҳокамасига бағишланган шошилинч видеоселектор бўлиб ўтди.

Мақолада бугунги куннинг долзарб мавзуси — табиат мусаффолиги ва инсон саломатлигининг асоси саналган сув ҳавзаларининг муҳофаза зоналаридаги аянчли аҳвол, дарё, канал ҳамда ўзанлардаги обиҳаётнинг ифлосланиши билан боғлиқ муаммолар Тошкент шаҳри ва вилоятининг бир қисмини тоза ичимлик суви билан таъминловчи Бўзсув канали мисолида қаламга олинган эди.

Мазкур таҳлилий мақолада кўтарилган масалалар пойтахт вилояти ҳокимлигининг алоҳида назоратига олинди.

Вилоят ҳокими Ў. Ибрагимов газетанинг ушбу танқидий-таҳлилий чиқиши ғоят ўринли бўлганини таъкидлар экан, шу кунга қадар барча мутасаддилар Бўзсув канали билан боғлиқ аҳволни кўра-била туриб, “Сен менга тегма, мен сенга тегмайман” қабилида кўз юмиб келганларини афсус билан қайд этди. Вилоят ҳокими анҳор муҳофаза зонасидаги ноқонуний қурилмалар, оқова сувлари ҳамда маиший чиқиндиларнинг сув ҳавзасига ташланиши, бу ҳол, шубҳасиз, ҳудудлардаги санитария ҳолатини издан чиқариши, энг ёмони, инсон саломатлигига жиддий путур етказиши мумкинлиги ҳақида ўз вақтида бонг урмаган мутасаддиларни масъулиятсизликда айблади.

Йиғилишда вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи С. Гаппаров, вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош шифокори Б. Болтабоевнинг мазкур мақолада кўтарилган масалалар юзасидан ҳисоботи тингланди ҳамда улар ишда йўл қўйган камчилик ва нуқсонлари учун жиддий огоҳлантирилди.

Дарвоқе, видеоселектор давомида вилоятдаги Бўзсув канали оқиб ўтувчи ҳудудлар — Чирчиқ шаҳри, Қибрай, Тошкент, Зангиота, Янгийўл, Чиноз туманлари ҳокимлари газетада кўтарилган масалага муносабат билдира олмадилар. Чунки йиғилиш ўтказилган вақтда газета чоп этилганидан уч кун ўтганига, мақолада айнан шу ҳудуд табиати, аҳолиси саломатлиги билан боғлиқ долзарб масала кўтарилганига қарамай, мазкур ҳудуд раҳбарлари газета ўқимасликлари маълум бўлиб қолди.

Мутасаддиларга кун давомида мақола билан танишиш, вазиятни ўнглаш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, шахсан тақдим этиш вазифаси юклатилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1