1

96 ёшли Бердирасул бобо бу йил Сочида дам олади

ЖАМИЯТ 26.04.2018, 17:30
96 ёшли Бердирасул бобо бу йил Сочида дам олади

"1943 йил декабрь ойи. Қишнинг қаҳратон кунлари. 18 ёшимда армияга чақиришди.

Уруш йиллари одамлар қийинчилик билан рўзғор тебратаётган пайтлар. Халтага бир сиқим майиз, тутқоқ ва нон олиб, йўлга отландик. Икки ой урушга тайёргарлик кўргач, қўлимизга иккита граната, битта пилик милтиқ бериб, Белоруссияга юборишди. Урушга Белоруссия остонасида қўшилдик. Кунига бир маҳал кечга томон тўртта солдат икки флягада овқат ва қопда нон кўтариб келади. Немисларни Белоруссиядан Польшага қувиб чиқардик. Польшада ўқ тегиб, жароҳатландим. Икки ой Иванов номли госпиталда даволандим. Госпиталдан 200 киши беш кунлик егулик, автомат, ўқ-дори олиб, яна урушга жўнадик.

1945 йил 9 май. Эльба дарёсидан бир километр ўнг томонда Гитлернинг қароргоҳи, чапда бир қаватли бинонинг марказига 50-60 метр баландликка ғалаба байроғи ўрнатиб, ортга қайтдик. Тинчлик нақадар улуғ бахт эканлигини одамларнинг юз-кўзидаги қувончдан англаб етдим. Уруш қийинчиликлари бўлса-да, ҳар бир станцияда кексаю ёш, аёллар қўлларида нон, ширинликлар билан бизларни кутиб оларди".

Иштихон тумани Шейхларкенти маҳалласида истиқомат қилувчи Бердирасул бобо Аминов урушнинг аччиқ хотираларини айтаркан, беихтиёр кўзларида ёш қалқиди. Қарийб бир асрлик умри давомида юрт тинчлиги, Ватан равнақи учун ўз ҳиссасини қўшишга интилиб яшаган бобонинг сўзларида олам-олам ҳикмат мужассам. 3 ўғил, 3 қиз, 24 невара, 40 эварани юртга содиқ қилиб вояга етказган, уларга ўз ҳаёт тажрибасини ўргатган бобо бугун уларнинг ардоғида кексалик гаштини сурмоқда.

– Мустақиллигимизга кўз тегмасин, – дейди Бердирасул бобо Аминов. – Биз урушни ҳам, ундан кейинги қийинчиликни, очликни ҳам кўрдик. Юртимизда бўлаётган ўзгаришлар, яратилаётган имкониятлар, эришилаётган ютуқларнинг барчаси шунга муносиб бўлиб яшаш кераклигини англатади. Баъзан кунига бир бўлак қотган нон еб, кун кечирганимизни ўйласам, бугунги тўй-маъракалардаги исрофгарчиликларни кўриб, қалбим ларзага келади.

Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг истаклари асосида Ялта ва Кисловодск шаҳарларидаги ҳамда республика ҳудудларидаги бошқа санаторийларга бир нафар кузатувчиси билан бирга бепул юборишни ташкил этиб, уларни зарур авиа ва темирйўл чипталари билан таъминлаш белгиланди. Бердирасул бобо ҳам бу имкониятдан фойдаланиб, ўғли билан бу йил Сочида дам олишни мақсад қилибди. Қувончини ичига сиғдира олмаётган отахон юртимиз тинчлиги бардавом бўлишини, халқимиз фаровонлигини ёмон кўзлардан асрашини тилаб, дуога қўл очади. Юртбошимизнинг юксак эътибори, эҳтироми Бердирасул бобога куч-қувват берган гўё. Юзидан нур ёғилиб турган бобога соғлиқ тилаб, "Юз билан юзлашинг, бугунимизнинг, тинчлигимизнинг сабабчисисиз", дея хайрлашдик.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.

"Зарафшон" газетаси

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1