​«Келиним ажрашиб ҳам, ўғлимни тинч қўймаяпти...»

СУҒДИЁНА 27.04.2018, 14:31
​«Келиним ажрашиб ҳам, ўғлимни тинч қўймаяпти...»

— Саккиз йил аввал ўғлимни ўзи севган қизга уйлантирдим. Келин асли ҳамшира. Лекин бир ҳафтада бир марта ишга бориб, қолган пайтда бозорда тилла тақинчоқлар сотиш билан шуғулланади. Ўлдим-куйдимига қарамай ёшлар уч ой яшаб ажралиб кетишди. Ўйлаб қарасам, бунга тайинли сабаб ҳам бўлмаган экан. Аввало ўзлари чиқишиб кетишолмади, қолаверса, келиннинг қўлидан телефон тушмас, оиланинг ишларига қудам аралашадиган бўлиб қолганди. Ёш келин саҳарлаб кўчага чиқиб кетиб, шомда кириб келарди. Бундоқ қайнонанинг, эрнинг хизматини қилиш хаёлига ҳам келмасди. Хуллас, у бўлди, бу бўлди набирагинам бир ёшга тўлганида қонунан ажралишди. Мана, олти йилдирки, ўғлим бўйдоқ. Аммо келиним билан онда-сонда кўришиб туришади. Уйга олиб келиб яша ёки бошқа уй қилиб оилангизни тикланглар, бунақа қилиб юришингиз яхши эмас, десам болам кўнмаяпти. Туриб-туриб «Хотиним уй зиндон, кўча хандон» аёл чиқди, бошқасига уйланаман дейди-ю, тузуккина қизларни кўрсатсам, кўнглимга ўтирмаяпти, деб ишни пайсалга солади. Нима қилишга бошим қотган. Келин бўлса, онасиникида ялло қилиб яшаяпти, зарурат туғилса, қўнғироқ қилиб ўғлимни чақитиради, бошқа пайтда ўзига хон — кўланкаси майдон. Уларнинг бундай енгилтабиатликларини кўриб бошим қотиб қолди. Ахир бу туришда боламнинг умри ўтиб кетатаяпти...

Жамила, 56 ёш, Хоразм вилояти

Қайнонажон: — Ўғлингизнинг келин билан ажрашганига олти йил бўлибди-ю, «Ҳалиям болам бўйдоқ» деб юрибсизми, сингилжоним. Эркак киши-да, яна кўз очиб кўрганини, кўнгил берганини қўмсайверади. Маслаҳатимиз, орада ширингина бола бор экан, ўғлингизни келин билан яраштириб қўйсангиз, яхши бўларди. Ҳар иккаласини ёнингизга олиб маслаҳат солинг. Неварангиз тирик етим бўлмасин, гуноҳга қолиб юрманг. Дилбандингиз бошқага уйланишга рози бўлмаслигидан ниятини тушуниб етинг-да, азизам. Ўзингизни қийнаб, бошқа келин олишим керак, деб эшикма-эшик овораю сарсон бўлишга хожат йўқ. Биламизки, аёл истаса, фарзандини йўлга солишга қодир. Фақат чин дилдан исташи керак буни.

Руҳшунос: — Ўғлингиз билан келинингиз турлича ҳаёт кечиришгани сабаб ўзаро келишиб кетишолмаганга ўхшайди. Аёл киши уйим-жойим демаса, оила мустаҳкамлигини биринчи ўринга қўймаса, қийин экан. Бироқ кўнгил деган нарса ҳам борки, у ақлга бўйсунмайди. Келинг, ёшларни бир чеккага қўйиб, ўзингиз ҳақингизда гаплашсак. Келинингиздаги юқорида ўзингиз санаб ўтган жиҳатлар нимага сизни асабийлаштираяпти? Тўғрироғи, нимага ҳанузгача ўтиб кетган воқеалар сабаб асабийлашаяпсиз? Қачонки асабийликдан, тоқатсизликдан халос бўлиб, собиқ келинингизни хаёлан қўйиб юборсангиз, хотиржам тортасиз. Одатда бошқалардаги биз тоқат қила олмайдиган жиҳатлар яна ва яна кўзимизга ташланаверади. Ўғлингизга келсак, у энди ёш бола эмас. Бошига ёққан қорни ўзи курашига изн беринг. Тўғри, уйланиши керак, лекин тергашларингиз, қистовга олишларингиз фойда бермаяптими, ўзи бир қарорга келишига имкон туғдирган афзал, менимча.

Саодат ёзиб олди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1