1

Тарихий учрашув: Шимолий ва Жанубий Корея ўзаро душманликдан воз кечди (видео)

ДУНЁ 27.04.2018, 16:25
Тарихий учрашув: Шимолий ва Жанубий Корея ўзаро душманликдан воз кечди (видео)

Бугун Шимолий ва Жанубий Корея етакчилари ҳарбий кучлардан холи ҳудуд Пханмунжом чегара қисмида учрашди.

Аввал хабар берганимиздек, саммитнинг биринчи қисмида Корея ярим оролини ядроқуролдан ҳоли ҳудудга айлантириш масаласи диққат-эътиборда бўлди. Муҳокама жараёнида Ким Чен Ин ўзаро қарама-қаршиликка чек қўйишга чақириб, узоқ кутилган яхши қўшничилик муносабатларига фурсат келганини таъкидлади. Ўз навбатида Мун Чже Ин ҳам икки давлат ўртасидаги мустаҳкам алоқаларнинг ўрнатилишига тилак билдирди ва Жануб ва Шимол ўртасида темир йўл қатновини йўлга қўйишни таклиф этди.

ТАССнинг ёзишича, олий даражадаги музокаранинг иккинчи қисмида икки давлат раҳбарлари томонидан саммит якунлари бўйича қўшма баёнот имзоланган.

Ўзаро тинчлик, Корея ярим оролини бирлаштириш ва тараққий эттиришга бағишланган Пханмунжом декларациясига кўра эндиликда:

Корея ярим оролини ядроқуролдан ҳоли ҳудудга айлантириш икки давлатнинг умумий мақсади саналади.

Тинчликнинг янги даври бошланди. Корея ярим оролида энди ҳеч қачон уруш бўлмайди. Жануб ва Шимол бир-бирига ҳар қандай душманона ҳаракатни тўхтатади.

Иккала томон олий ва бошқа даражадаги фаол музокараларга доим киришади.

Жанубий ва Шимолий Корея темир йўллари бирлаштирилади.

Бундан ташқари саммит якунида томонлар 1950-1953 йиллардаги Корея уруши оқибатида бир-биридан ажралган қон-қариндошлар учрашувини ташкил этишга келишиб олди. Кесон чегаролди ҳудудида шу каби гуманитар масалаларни ҳал қилишга мўлжалланган пункт биргаликда барпо этилади.


Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1