Термиз шаҳрида Сурхондарё вилояти бадиий ижодкорлар уюшмаси тасвирий ва амалий санъат галереясининг очилиш маросими бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Термиз шаҳри марказида барпо этилган мазкур иншоот Сурхондарё вилоятида ижод қилаётган тасвирий ва амалий санъат намояндаларининг янада самарали фаолият юритиши учун хизмат қилади. Вилоятда Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг 20 га яқин аъзоси фаолият юритмоқда. Икки қаватли муҳташам бинода турли кўргазмалар ўтказиш учун барча шароит яратилган.


– Биз, рассомлар барча шароит муҳайё этилган мана шундай замонавий бинода фаолият юритишни кўп йиллардан буён орзу қилиб келар эдик, – дейди Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Т.Ўроқов. – Энди бу ерда янада самарали ижод қиламиз. Атрофида барпо этилаётган истироҳат боғида ҳам ижодий ишларимизни кенг намойиш қилишимиз мумкин.






