Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида 28-29 апрель кунлари "Бойсун баҳори”очиқ фольклор фестивали бўлиб ўтди.
Фестивалда мамлакатимизда фаолият юритаётган фольклор жамоаларининг 250 дан ортиқ вакили ўз ҳудудларига хос либос ва қадимий куй-қўшиқлар билан фаол иштирок этди.
Кўп минг йиллик миллий анъана ва қадриятларимиз ўз ифодасини топган фестивалда халқимизнинг азалий орзу-интилишлари, садоқат, вафо, жасорат каби олижаноб фазилатлари кенг намоён этилди.
Республикамиз ҳудудларидан ташриф буюрган фольклор-этнографик жамоаларининг қизиқарли концерт дастурлари барчага бир олам завқ-шавқ улашди. Бахши-шоирлар, оқин ва жировлар куйлаган халқ достонлари, лапару ўланлар байрамга янада кўтаринкилик бағишлади. Тожикистон Республикасининг “Падида” театр жамоаси ва машҳур хонанда Шабнам Сурайё, Афғонистон Ислом Республикасининг таниқли ҳофиз-хонандалари Абдумажид, Абдурауф Адлхуийлар ҳамда пойтахтдан келган эл суйган санъаткорлар иштирокидаги махсус дастур намойиш этилди.

Фетивалда Сурхондарё вилоятининг “Бойсун” фолклор-этнографик жамоаси фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Қорақалпоғистон Республикасининг “Бес перде”, Жиззах вилоятининг “Боғдон гуллари” ва Хоразм вилоятининг “Хоразм” жамоалари иккинчи, Тошкент вилоятининг “Қурама”, Фарғона вилоятининг “Сўх чашмаси” ва Сирдарё вилоятининг “Сирдарё наволари” фольклор-этнографик жамоаси учинчи ўринни эгаллади. Шунингдек, энг чечан бахши-шоир, оқин ва жировлар, энг яхши ўтов-уй ўрнатган жамоалар ҳам муносиб тақдирланди.
ЎзА хабарига кўра, ғолибларга диплом ва эсдалик совғалар топширилди.






