12 кунлик чақалоқни сотмоқчи бўлган шахсларга ҳукм чиқарилди

ЖИНОЯТ 30.04.2018, 19:56
12 кунлик чақалоқни сотмоқчи бўлган шахсларга ҳукм чиқарилди

Жиноят ишлари бўйича Ўрта Чирчиқ туман судида 12 кунлик чақалоқни 10 минг АҚШ доллари эвазига сотмоқчи бўлган шахсларнинг қилмиши бўйича очиқ суд мажлиси ўтказилди.

Унда вилоят ва туман ички ишлар органлари мутасаддилари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Фуқаро Г.Шерматова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2018 йил 8 февраль куни Тошкент вилояти ички ишлар бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, унда бир гуруҳ шахслар номаълум аёлнинг чақалоғини сотишни таклиф қилгани юзасидан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур аризага асосан жорий йил 9 февраль куни вилоят ИИБ ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди. Айбланувчилар 1980 йилда Андижон вилояти Хўжаобод туманида туғилган С.Ражабова 12 кунлик чақалоғини жиноий шериклари – Тошкент шаҳридан У.Хўжаев, Сирдарё вилояти Ховос туманидан Н.Собирова билан ўзаро олдиндан жиноий тил бириктириб, Ўрта Чирчиқ туманида номаълум шахсга 10 минг АҚШ доллари эвазига сотаётган вақтида ушланди. Пуллар холислар иштирокида далилий ашё тариқасида расмийлаштирилди.

– Одил судловни амалга ошириш, жиноят сабаблари, унинг содир этилишига имкон берган омилларга ўз вақтида барҳам бериш суднинг асосий вазифасидир, – дейди Ўрта Чирчиқ туман судининг раиси Х.Ҳотамов. – Бу каби суд мажлисларини ўтказишдан кўзланган мақсад айбдорларга фақат жазо тайинлаш эмас, балки содир этилган жиноий қилмишнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилишдир. Аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғиботни кучайтириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда бундай тадбирлар муҳим аҳамият касб этади.

ЎзАнинг ёзишича, суд мажлисида иш ҳужжатлари тўлиқ ўрганилиб, гувоҳлар кўрсатмалари тингланди. Айбдорлар содир этган жинояти бўйича қилмишига иқрор бўлди. Уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддасига биноан жазо тайинланди. Маҳалла фаоллари, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари иштирокида жойларда бу каби ҳолатларнинг олдини олиш, бундан тўғри хулоса чиқариш бўйича очиқ мулоқот ўтказилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1