Бугун, 3 май — Жаҳон мутбуоти эркинлиги куни муносабати билан “Медиа холл НАЭСМИ”да “Ахборот соҳасидаги рақобат ҳамда бозор муносабатлари ривожланиши жараёнларида ОАВ эркинлигини мустаҳкамлаш кафолотлари” мавзусидаги халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЎзЭОАВМА), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Журналистлар ижодий уюшмаси, “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Ўзбекистон Миллий медиа кенгаши, “International Media Service”, ЕҲХТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил қилинмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар раҳбар ҳамда вакиллари, шунингдек, мамлакатимизда фаолият юритувчи ЎзЭОАВМАга аъзо 100 га яқин нодавлат телерадиостанциялар, кабель телевидениеси студиялари директорлари, бош муҳаррирлар ҳамда ижодий ходимлари иштирок этди.






Шу куни халқаро давра суҳбати иштирокчилари учун қабул маросими - “Журналистлар баҳори” анъанавий миллий фестивали “City Palace Hotel” меҳмонхонасининг ёзги боғида ҳам ўтказилади. Унда ЎзЭОАВМАга аъзо ҳудудий телестанциялар томонидан ўз вилоятларига хос урф-одат ва анъаналар, миллий таом ва либослар кўргазмалари, саҳна кўринишлари намойиш этилади. Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси билан ҳамкорлигка моҳир ошпазлар иштирокида ўзбек палови танлови ҳам ўтказилади.
Иштирокчилар нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланади, ғолиб ва совриндорлар махсус диплом, пул мукофотлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланадилар.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори ижросини таъминлаш мақсадида ЎзЭОАВМА томонидан 3 май - Жаҳон матбуоти эркинлиги куни муносабати билан ЮНЕСКО, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари, Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда апрель ва май ойида ЎзЭОАВМАга аъзо нодавлат телерадиостанциялар ижодий ва техник ходимлари учун Германия, АҚШ, Россия каби ОАВ соҳаси ривожланган давлатлардан таклиф этилган тренерлар иштирокида семинар-тренинг, мастер-класслар, қатор бошқа тадбирлар ташкил қилинди.






