АсосийJamiyat

Куйлак билан туғилган онахон

'Куйлак билан туғилган онахон'ning rasmi

Шафқатсиз қирғинбарот, одам ёнган печлар ва… Бим лақабли мушук

Негадир улар уруш хотираларини ҳеч ким билан бўлишгиси келмайди. Одамлар одатий кундалик юмушлар билан банд, ғам-ташвишсиз кечирилган ҳаёт ҳақида сўранг, дейишади.
Биз эса болалигимизданоқ уруш қатнашчиларига «нечта фашистни отгансиз бобожон? Фашистлар билан юзма-юз келганда қандай йўл тутгансиз? Урушдаги қизиқарли воқеалардан гапириб беринг…» деб сўрашдан чарчамасдик. Ҳозир ҳам шундай сўровларга дуч келиб қоламиз. Бу саволларни берарканмиз, қаҳрамонларимизнинг кўзларини олиб қочаётгани, чуқур «уҳ» тортаётганига гувоҳ бўламиз.
У ер бу ердан қулоғимизга чалинган гаплар ёдимизга тушади. «Улар урушда кўпам иштирок этмаган-да. Баъзилари қўлига қурол ҳам ушламаган ҳатто. Шунинг учун ҳам айтиб беришни истамайди…» Кимдир ишонади бу гапларга, кимдир елка қисиб қўяди. Аммо уруш қатнашчиларига нисбатан бу гап-сўзлар шафқатсиз, таҳқирловчи фикрлар эканлигини ўйлаб кўрмайди...
Самарқанд шаҳри, Исаев кўчасидаги 43-уй. Жуда одми, умумий уйлардан бирида уруш йилларида немислар томонидан қуршаб олинган геттодан омон чиққан София Погребова истиқомат қилади. Гетто – фашизмнинг яҳудийларни йўқ қилиш учун қўллаган шафқатсиз қирғинбароти.
София Соломоновнанинг уйига боришдан аввал қаровчиси билан суҳбатлашгандим. «Аввал у кишини суҳбатга руҳан тайёрлайман, кейин хабар бераман, майлими. Жуда кўп йиғлайди, ўша йиллар кўз ўнгимда турибди, дея қийналади», деди. Белгиланган кунда бордим. Анча эски, гўё ўша, уруш давридан қолиб кетгандек тасаввур уйғотадиган уй. Озодагина хона. Ростдан ҳам келишимизга София Погребовани тайёрлашибди: кўксида медаллари ярқираб турибди. Аммо шашти пастроқдай кўринди. Шаҳло опанинг айтишича, (яҳудийлар маркази томонидан онахонга қараш учун тайинланган аёл, маълум маош эвазига ишлайди) бугун онахоннинг қон босими сал ошган экан. «Сал беҳол, аммо суҳбатлашаверинг», деди.
Уруш даҳшатларини кўрган, унинг қатнашчилари билан суҳбатлашишда катта тажрибага эгаман, деб айтолмайман, аммо уч-тўрт нафари билан мухбир сифатида гаплашишимга тўғри келган. Уларнинг ҳаммаси юқорида айтганимдай уруш ҳақида деярли гапирмаган. София Погребова ҳам шундай йўл тутадими, деб қўрқиб тургандим.
- Кайфиятингиз яхши эмасга ўхшаяпти-я?
- Эҳ, кайфият қолдими энди…
- Ўша йиллар ҳақида озроқ гапириб беринг?
- Атиги тўққиз ёшда эдим, бутун қишлоғимиз фашистлар геттосига айланди. Бу нималигини биласизми?
- Эшитганман бу ваҳшийлик ҳақида, фильмлар ҳам ишланган-ку.
- Ваҳшийлик ҳам гапми? Кўчага ўлимни бўйнимизга олиб чиқардик. Ҳар гал чиққанимизда уйдагилар билан хайрлашардик. Ҳар қадамда дайди ўқ нишонига қолишимиз мумкин эди..
Жимлик… Сукунат чўзилиб кетгач, Шаҳло опа суҳбатга аралашди:
- Айтиб беринг ахир, немислардан қочганингизни айтинг!
- Тўрт-беш уй нарида яшайдиган қариндошимизникига, нимадир сўраб боргандим. Қайтишимда бир немис аскари мени кўриб қолди. Тинимсиз ўқ уза бошлади. Қўшнимизнинг томига шунчалик тез югуриб чиқдимки, кейинчалик бу нечадир сониялардан рўй берганини ўйлаб жуда ҳайрон қолганман. Сомон уюми орасига ўзимни отдим, сомон ҳаётимни асраб қолганди. Улар баъзида партизанлар кийимида келиб, бизни кўчага чиқишга ундарди. «Чиқинглар, ўзимизникилар!» деган ҳайқириқдан сўнг ҳамма кўчага отилиб чиқар, улар асосан қариялар, ёш болалар, хотин-халаж эди. Ҳаммаси бир зумда ўққа тутиларди. Кейин пишиқроқ бўлдик. Ким келсаям уйдан чиқмасдик, ҳамманинг беркинадиган жойлари бор эди. Яна шундай чорлов бўлганда энди умримни яшаб бўлдим, энди сизларни безовта қилишмасин, дея бир қария ўзини ўққа тутиб берганди.
Онахон яна жим қолди.
- Миллатдошларингизни тириклай ёқиш учун мўлжалланган печь ҳақида гапириб беринг. Ўша печкада қанчадан-қанча ҳамқишлоқларингиз тириклай, кўз ўнгингизда ёнгани ҳақида айтгандингиз, - Шаҳло опа суҳбат давом этишини истаб, билганлари ҳақида айтди. София Соломоновна унга бир қараб қўйди-да, «ўзинг айтиб бер унда», дея яна бир нуқтага тикилиб қолди.
Тушундимки, София Соломоновнанинг кўз ўнгида яна олис болалик йиллари гавдаланди. Яъни болалик бўлмаган, ёш болаларни ҳам бир неча марта улғайтириб қўйган йиллар кўз ўнгидан ўта бошлади. Украинанинг олис қишлоғи, немис аскарларининг ваҳшийларча муносабати, беш йиллик тутқунлик, ҳар соати минглаб дақиқаларга тенг вақт. Тақдир тақозоси билан София Погребова ўтган асрнинг 60-йилларида Самарқандга келиб қолади. Уруш қатнашчиси бўлган акаси ҳам шу ерда эди – иккови ҳам эъзоз топади. Турмушга чиқади, то нафақага чиққунига қадар Самарқанд шаҳридаги 8-Март фабрикасида фидойилик билан меҳнат қилади. Турмуш ўртоғи билан тотув турмуш кечирган, тўрт йил аввал умр йўлдоши бу оламни тарк этган экан.
Атрофга разм соламан. Жуда одми, озода хона. Бир жавон, икки каравот, деворда неча ўн йиллик гилам, турли йиллардаги суратлар, хотиралар ва … онахоннинг севимли, Бим лақабли мушуги. София Соломоновнанинг бор бисоти шу. Шаҳло опанинг айтишича, мушугига жуда ўрганиб қолган. Дарвоқе, София Соломоновнага ҳозир ҳам Германиядан, ўша шафқатсиз муносабатлар учун бугунги немис жамияти совға-салом жўнатиб турар экан.
Узоқ жимликдан сўнг «бу темирларни олиб ташла, дам оламан, чарчадим», деди онахон. «Ўзимни қаҳрамон санамайман, яшаш учун курашдим, холос. Яратганнинг инояти бўлса керак, тирик қолдим. Эҳтимол, кўйлакда туғилганлардан бириман, шунақа ибора бор, биласизми?». Онахон шундай дея мен билан хайрлашди. София Соломоновна билан суҳбат ҳам кутилганидай жуда қисқа бўлди. Аммо ҳар бир сукутнинг ортидаги ғамни ҳис қилиш мумкин эди. Кўнглида, кўзларида аламзадалик бор эди – наҳот бу хотираларни унутиб бўлмаса, наҳотки бу кўзларим шундай ваҳшийликларга гувоҳ бўлган бўлса, инсоният ўз қавмини шундай хўрлаши мумкинми, деган аламзадалик мужассам эди бу кўзларда.
Уруш қатнашчиси… Гарчи орадан неча ўн йиллар ўтса-да, ўша қонли йилларни кўз ўнгида муҳрлаган, уни эслашни истамаса-да, аммо озроқ қонни кўрса ҳам урушдаги ўлимлар қайта-қайта кўз ўнгида гавланадиган, ўша беш йиллик хотираларни унутолмаган қаҳрамонлар! Эъзозлардан ўксик кўнгли бир яшнаса-да, аммо ҳар лаҳза бу ҳаёт билан видолашаётган дўстлари, қуролдошларининг нигоҳлари хотираларида қолиб кетган, қаршисидан қўққисдан чиққан душманга ўқ узишдан олдин «ахир у ҳам кимнингдир жондан азиз фарзанди-ку», деган хаёлдан қутулолмай, кўзларини чирт юмиб тепкини босган онлари гавдаланаверади. Бу хотираларни ҳақиқатан ҳам сўзда ифодалаш, овоз чиқариб айтиш нақадар қийинлигини ҳис қиласан, киши. Шундан сўнг «нечта фашистни отгансиз, бобожон?» деган саволимиз қанчалик оғриқли эканини англай бошлаймиз.

Гулруҳ МЎМИНОВА

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар